Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!
Али ибн Рабиа розияллоҳу анҳу шундай дейди:
“Бир куни Али розияллоҳу анҳунинг олдига бир улов олиб келинди. Али розияллоҳу анҳу узангига оёғини қўйиб, уч марта “бисмиллаҳ” деди. Уловга миниб олганидан кейин:
“Алҳамдулиллаҳ! Бизга бу (уловлар)ни бўйсундириб қўйган Зот барча айбу нуқсонлардан Покдир. Биз бу уловлар(ни минишга) қодир эмасдик. Шак-шубҳасиз барчамиз Аллоҳнинг ҳузурига боргаймиз” – деди. Кейин эса уч марта “Алҳамдулиллаҳ”, уч марта “Аллоҳу акбар” ҳамда:
“Сен барча айбу нуқсонлардан Поксан! Мен ўзимга ўзим зулм қилдим, гуноҳларимни авф эт! Зеро, гуноҳларни фақат ўзинг кечиргайсан” – деди ва кулди. Шунда мен Али розияллоҳу анҳудан: Нега куляпсиз, эй амирулмўъминин?” – деб сўрадим. Али розияллоҳу анҳу эса шундай жавоб берди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни худди шунақа қилганларини, сўнг эса кулганларини кўргандим. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, нега кулдингиз?” – деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар банда: “Раббим, гуноҳларимни афв эт! Зеро, гуноҳларни фақат Ўзинг кечиргайсан” – деса, Аллоҳ таоло ажабланади[1]” – деб жавоб берган эдилар”” (Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга уловга минганда нима деб дуо қилишимизни ўргатдилар. Зеро, агар Аллоҳ таоло бизга бу уловларни бўйсундириб бермаганида биздан бир неча баробар кучли бўлган от, туя ва фил каби ҳайвонлар бизни устида кўтариб юрмаган бўларди. Агар Аллоҳ таоло яратган қоидалар бўлмаганида ёки У Зот бизга бу қонунларни ўргатмаганида самолётлар бизни кўтариб, осмону фалакка учмас эди. Агар У Зот бизга нефт каби неъматларни бермаганида узоғимизни яқин қилиб турган бу машиналар ҳеч нарсага ярамас эди. Биз уловга минганимизда юқоридаги дуони айтиб, Аллоҳ таолонинг бизга ато этган неъматларига шукр қиламиз ва бу неъматларни берган Ягона Ўзи эканини яна бир бор ёд этамиз.
Қаранг, суннат қанчалар осон ва қанчалар чуқур маъноларни ифодалайди. Келинг, бу суннатларни фарзандларимизга ўргатайлик ва бу суннатни ҳам одамлар орасида қайта тирилтирайлик.
[1] Аллоҳ таолонинг ажабланиши ўзига хосдир. Бундан У зотнинг бандаларига ўхшаб ажабланишини тушунмаслигимиз ёки ҳадисдан тушунилган маънони зоҳиридан буриб, ўзгача талқин қилмаслик керак.