Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (1)

0

Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит

(Ҳаётидан гўзал лавҳалар)

“Абу Ҳанифадан кўра оқилроқ, афзалроқ ва тақводорроқ кишини кўрмадим”.   (Язид ибн Ҳорун)

Чиройли, ўрта бўйли, ширинсухан инсон эди. Дид билан кийинарди, кўп хушбўйлик суриб, ўзига қараб юрарди. Одамлар олдига чиқаётганида атирининг ҳиди ўзидан аввал етиб келарди.

Гап ким ҳақида кетаётганини  билдингизми?

У “Абу Ҳанифа” куняси билан машҳур, ҳанафий мазҳаби асосчиси, фиқҳ эшикларини очиб, унинг ифорини оламга таратган Нўъмон ибн Собит ибн Марзубондир.

Абу Ҳанифа Умавийлар даврининг охири ва Аббосийлар даврининг аввалида яшади. Ўша даврда халифа ва ҳокимлар уламоларни ва юксак қобилият эгаларини мол-дунёга кўмиб ташлашган, уларга ризқлари ҳар томондан келар эди.

Бироқ Абу Ҳанифа илмини ҳам, ўзини ҳам бундан юқори тутди, пешона тери эвазига кун кўришни, қўли доимо юқори (берувчи) қўл бўлишини афзал билди.

Бир куни халифа Мансур Абу Ҳанифани йўқлатди. Ҳузурига келганида уни жуда илиқ кутиб олди, кўп навозишлар кўрсатди. Ўзига яқин ерга ўтқазиб, дин ва дунёга тааллуқли кўп масалаларни сўради. Суҳбат тугаб, Абу Ҳанифа кетишга изн сўраганида халифа Мансур ўттиз минг дирҳам солинган ҳамённи унинг қўлига тутқазди. Ҳолбуки, Мансур зиқналик билан танилган эди.

Абу Ҳанифа: “Эй мўминлар амири, мен Бағдодда ғарибман, бунча маблағни сақлайдиган жойим йўқ, уни йўқотиб қўйишдан қўрқаман. Буни байтулмолда сақлаб турсангиз, ҳожатим тушганда олардим”, деди. Халифа Мансур рози бўлди.

Бироқ  шундан кейин Абу Ҳанифа кўп яшамади. Вафот этганида уйидан Мансур берганидан бир неча баробар кўп миқдорда одамлар омонатга қўйган пуллар топилди. Буни эшитган Мансур: “Абу Ҳанифани Аллоҳ раҳматига олсин. Биздан бирон нарса олгиси келмай, бизни ранжитмай рад қилган экан-да”, деди.

Бунинг ажабланарли ери йўқ, зеро Абу Ҳанифа энг яхши луқма ҳар бир кишининг ўз қўли билан топгани эканига қаттиқ ишонар эди. Шунинг учун ҳам вақтининг ярмини тижорат учун ажратганига гувоҳ бўламиз. У шойи ва ундан тикилган кийим-кечак савдоси билан шуғулланар, тижорати Ироқ шаҳарлари орасида айланар эди. Унинг муомаладаги тўғрисўзлик ва олди-бердида омонатдорлик билан донғи чиққан дўконини одамлар яхши билишарди. Унинг тижорати Аллоҳнинг фазли билан катта фойда келтирар, мол-дунёни ҳалолдан топар ва ўз жойига ишлатар эди.

Маълум бўлишича, у ҳар йили тижоратидан келган фойдани ҳисоблаб, ўзига етарлисини олиб қолар, қолганига қорилар, муҳаддислар, фақиҳлар ва толиби илмларнинг эҳтиёжлари учун зарурий озиқ-овқат ва кийим-кечаклар сотиб олар эди. Бундан ташқари, уларнинг ҳар бирига нақд пул ҳам бериб: “Мана булар ўз молларингизнинг фойдаси. Аллоҳ таоло буни сизларга менинг қўлим орқали етказди, холос. Аллоҳга қасамки, мен сизларга ўз молимдан ҳеч нарса берганим йўқ. Бу Аллоҳнинг сизлар орқали менга берган фазлу марҳаматидир. Агар Аллоҳ бермаса, ҳеч ким ўзининг куч-қуввати ва иқтидори билан ризқ топишга қодир бўлмайди”, дер экан.

Абу Ҳанифанинг саховати шарқу ғарбда достон бўлган, хусусан ўзининг ҳамнишин ва шогирдлари орасида кенг тарқалган эди.

Бунга бир мисол: Бир куни Абу Ҳанифанинг дарсида ўтирадиган одамлардан бири унинг дўконига келиб: “Эй Абу Ҳанифа, ипак кийимга эҳтиёжим бор эди”, деди.

Абу Ҳанифа: “Ранги қандай бўлсин?” деб сўради.

У: “Фалон рангда бўлсин”, деди.

Абу Ҳанифа: “Бу рангдагиси ҳозир йўқ, сабр қилинг, келиб қолса албатта сиз учун олиб қўяман”, деди.

Бир ҳафта ўтар-ўтмас ҳалиги рангдаги кийим келди. Ҳамсуҳбати хабар олгани келган эди, Абу Ҳанифа: “Сиз сўраган рангдаги кийим келди”, деди. Кийим харидорга жуда маъқул келди ва: “Ҳисобчингизга қанча тўлай?” деди.

Абу Ҳанифа: “Бир кумуш танга”, деди.

Ҳалиги одам таажжубланиб: “Бир кумуш танга?!” деди.

“Ҳа”, деб жавоб берди Абу Ҳанифа .

У: “Эй Абу Ҳанифа, мени масхара қиласиз деб ўйламагандим,”, деди.

Абу Ҳанифа: “Сизни масхара қилаётганим йўқ. Мен бу кийимни яна бир кийим билан бирга йигирма тилло ва бир кумуш тангага сотиб олдим. Бирини йигирма тиллога сотдим. Буниси менга бир кумуш тангага тушди, ҳамсуҳбатимдан фойда олмайман”, деди.

Бир куни бир қари кампир ипак кийим сўраб келди. Абу Ҳанифа кампир сўраган кийимни кўрсатди. Кампир: “Мен бир заиф кампирман, нарх-навони билмайман. Омонат билан гапиринг ва ўзингиз олган нархга озроқ фойда қўйиб, менга беринг”, деди.

Абу Ҳанифа: “Мен иккита кийимни бирга олгандим. Улардан бирини таннархидан тўрт дирҳам камига сотдим. Сиз буни тўрт дирҳамга олақолинг, сиздан фойда олмайман”, деди.

Абу Ҳанифа ўзининг илм мажлисида ўтирганлар ичида жулдур кийимли бир кишини кўриб қолди. Дарс тугаб, одамлар тарқалиб кетгач, ҳалиги кишини чақирди ва: “Мана бу жойнамозни кўтаринг ва тагидагини ўзингизга олинг”, деди.

Ҳалиги киши жойнамозни кўтарганди, минг дирҳам турган экан.

Абу Ҳанифа: “Буни олинг ва ўзингизни тузатиб олинг”, деди.

У: “Аллоҳ таоло менга кўп неъматлар берган, бунга эҳтиёжим йўқ”, деди.

Абу Ҳанифа: “Аллоҳ таоло сизга бойлик берган бўлса, қани сиздаги бу неъматнинг асари?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ таоло бандасига неъмат ато этган бўлса, бандасида неъматининг асарини кўришни яхши кўради”, деб айтганларини эшитмаганмисиз? Дўстингизни ғамга ботирмаслик учун ўзингизни ўнглаб олишингиз лозим бўлади!” деди.

Абу Ҳанифанинг саховати ва одамларга эҳсони шу даражага етган эдики, ўзининг аҳли оиласига қанча миқдорда инфоқ қилса, муҳтожларга ҳам шунча сарфлар, ўзи янги кийим кийса, мискин бечораларга ҳам унинг нархи миқдорида кийим олиб берарди. Олдига бирор таом қўйилса, одатда ўзи ейдиган миқдорнинг икки баробарини фақирларга бериб юборарди.

Ривоят қилинишича, у зот гаплари асносида қасам ичиб қўйгудек бўлса, бир кумуш танга садақа қилишга аҳд қилибди. Кейинчалик буни бир тилло тангага кўтарган экан ва ҳақ билан қасам ичиб қўйса ҳам бир тилло танга садақа қилар экан.

Ҳафс ибн Абдураҳмон исмли киши Абу Ҳанифанинг айрим тижорий ишларида шерик эди. Абу Ҳанифа шойи матолар ҳозирлаб, у билан бирга Ироқ шаҳарларига юборар эди. Бир куни унга катта миқдордаги газмолни топшириб, фалон-фалон матоларнинг айби бор эканини айтиб, “сотаётганингда харидорга айби борлигини айтиб сотгин”, деб тайинлади.

Ҳафс ибн Абдураҳмон ҳамма молни сотиб бўлгандан кейин харидорларга айбли молларнинг айбини айтиш ёдидан кўтарилганини эслаб қолибди. Кейин айбли молни кимга сотганини эслашга қанча уринмасин, бари-бир эслай олмабди.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бу ишдан хабардор бўлгач ва айбли мол сотилган харидорларни аниқлай олмагач, сотилган моллар пулининг ҳаммасини садақа қилиб юбормагунича кўнгли ўрнига тушмаган экан.

Булардан ташқари, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ киришимли ва кўнгилни ёзадиган ҳамнишин ҳам эди. Суҳбатдошлари унинг суҳбатидан баҳра олиб ҳушнуд бўлса, суҳбатида бўлмаганлар гарчи душмани бўлса ҳам унинг тилидан саломат бўларди.

Шогирдларидан бири ҳикоя қилади: Абдуллоҳ ибн Муборакни Суфён Саврийга шундай деяётганини эшитдим: “Эй Абу Абдуллоҳ, Абу Ҳанифа ғийбатдан нақадар йироқ-а! Мен уни ҳатто душмани ҳақида ҳам ёмон гап гапирганини эшитмадим”.

Суфён Саврий: “Абу Ҳанифа оқил одам. У ўз ҳасанотларининг кетишига асло йўл қўймайди”, деб жавоб берди.

Абу Ҳанифа одамларнинг кўнглини олишни яхши кўрар, дўстлик ва биродарлик давомий бўлишини истар ва шунга ҳаракат қилар эди.

Бирор киши тасодифан дарс мажлиси олдидан ўтаётиб, дарсга давомий қатнашиш нияти бўлмаган ҳолда, бирров ўтириб кетса ҳам, кетганидан сўнг у ҳақда сўраб-суриштирар, фақир бўлса, пул юборар, касал бўлса бориб кўрар, ҳожати бўлса раво қилар эди. Токи ўша одам дарсига доимий қатнайдиган бўлиб кетмагунича унга яхшилик қилаверар эди.

Абу Ҳанифа кундузлари рўзадор, кечалари намозда қоим, саҳарларни истиғфор билан ўтказадиган, Қуръон тиловатини яхши кўрадиган инсон эди.

Бу даражада ибодатга қаттиқ берилиб кетиши сабабларидан бири: кунларнинг бирида тўпланиб турган одамлар ёнидан ўтаётганида уларнинг ўзига ишора қилиб: “Мана шу одам кечалари умуман ухламайди”, деб айтаётганларини эшитиб қолади.

Бу сўзларни эшитиши билан: “Мен одамлар наздида Аллоҳнинг наздидаги ҳолимдан бошқа ҳолатда эканман. Аллоҳга қасамки, шу ондан бошлаб одамлар мен ҳақимда мен қилмайдиган ишни гапиришларига йўл қўймайман, то Аллоҳга йўлиққунимга қадар тунлари ёнбошим тўшакка тегмайди”, деб ўзига сўз беради.

Ўша кундан бошлаб тун бўйи намозда қоим бўлишга одатланди. Зулмат борлиққа ўз пардасини ташлаб, одамлар ухлаш учун бошларини ёстиққа қўйган пайтда у зот энг яхши кийимларини кияр, соқолларини тарар, хушбўйланиб, безаниб, жойнамози устида намоз ўқишни бошларди. Тун бўйи намозда туриб, бир неча пора Қуръон тиловат қилар, узундан узоқ рукуъ ва саждалар қилар, қўлларини кўтариб, Аллоҳ таолога ёлвориб дуолар қилар эди. Баъзида бир ракаатда Қуръоннинг ҳаммасини ўқиса, баъзида бир оятни бутун кеча такрор-такрор ўқир эди.

Ривоят қилинишича, бир кеча у зот Аллоҳ азза ва жалланинг: “Уларга ваъда қилинган вақт қиёмат кунидир. Қиёмат (даҳшати) энг улкан ва энг аччиқдир” (Қамар, 46) оятини қайта-қайта ўқиб, Аллоҳдан қўрққанидан бутун тунни юракларни эзадиган даражада йиғи билан ўтказган экан.

Яқин қирқ йил мобайнида хуфтонга қилган таҳорати билан бомдод намозини ўқигани ва шу аснода бирон кун буни канда қилмагани, вафот этган жойида Қуръонни етти минг марта хатм қилгани ҳақида маълумотлар бор.

Залзала сурасини тиловат қилса, титраб, юраги қўрқувдан ёрилгудай бўлиб, соқолларини тутамлаганча шундай дуо қилар экан: “Эй зарра мисқолича яхшиликни яхшилик билан мукофотлайдиган ва зарра мисқолича ёмонликни ёмонлик билан жазолайдиган Зот! Банданг Нўъмонни дўзах ўтидан сақла! Уни дўзахга яқинлаштирадиган нарсалардан узоқ қил. Уни кенг раҳматингга дохил эт, эй раҳмлилар Раҳмлиси!”.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг