Жавоб: Катта ширк Аллоҳдан ўзгани Аллоҳга тенг қилиш, уни оламлар Раббига тенглаштириш, Аллоҳни яхши кўргандай яхши кўриш, унга дуо-илтижо ва таваккул қилиш, ундан қўрқиш ёки Аллоҳга гуноҳ бўлган нарсада унга итоат этишдир.
Бошқача қилиб айтганда, дуо қилиш, қўрқиш, жонлиқ сўйиш каби ибодат турларидан ҳар қандай бирини Аллоҳдан ўзгага қилишдир.
92-савол: Катта ширк билан кичик ширк орасида қандай фарқлар бор?
Жавоб:
Биринчи: катта ширкни қилган кимса мағфират қилинмайди. Кичик ширкни қилган кимсанинг кечирилиши Аллоҳ таолонинг хоҳишига ҳаволадир.
Иккинчи: катта ширк барча амалларни йўққа чиқаради. Кичик ширк эса фақат унга боғлиқ бўлган амални беҳуда кетказади.
Учинчи: катта ширк Ислом динидан чиқаради. Кичик ширк эса диндан чиқармайди.
Тўртинчи: катта ширкни қилган киши дўзахда абадий қолади. Кичик ширк эса бошқа гуноҳлар сингари дўзахда абадий қолишга сабаб бўлмайди. Лекин у кабира гуноҳларнинг энг каттасидир.
93-савол: Зулмни таърифланг ва унинг қандай турлари бор?
Жавоб: Зулм бир нарсани ўз ўрнидан бошқа ўринга қўйишдир. Унинг учта тури бор:
Инсон ширк қилиш билан ўзига зулм қилиши. Ширк зулм кўринишларининг энг буюгидир;
Инсон гуноҳ қилиш билан ўзига зулм қилиши;
Инсон бошқанинг жони, моли ёки ор-номусига зулм қилиши.
94-савол: Бидъат нима?
Жавоб: Бидъат деб динда далили бўлмаган асоссиз нарсани пайдо қилишга айтилади. Шунга биноан, Аллоҳ машруъ қилмаган бир амал билан ёки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва рошид халифалари разияллоҳу анҳум қилмаган бир амал билан Аллоҳ таолога ибодат қилган ҳар бир киши бидъатчидир.
95-савол: Риё нима? Риёнинг турларини айтинг.
Жавоб: Риё одамлар мақташлари учун солиҳ амалларни кўрсатиб қилишдир. Унинг тўртта тури бор:
Амал қилишга ундайдиган риё. Бу иймоннинг асосидаги риё бўлиб, барча амалларни беҳуда кетказади.
Аллоҳ учун ва одамларга кўрсатиш учун қилинадиган амал. Риёнинг бу ва бундан олдинги турини қилган инсон гуноҳкор бўлади ва амали ўзига қайтарилади.
Аллоҳ учун қилинган, бироқ унга риё нияти кирган амал. Бу ҳолатда кўнглига келган риёни кетказиб, ундан юз ўгирса, зарари йўқ. Борди-ю, унга берилиб, у билан кўнгли хотиржам бўлиб қолса, ибодати ботил бўлади.
Амални қилиб бўлгандан кейин юзага келадиган риё. Бу васваса бўлиб, у амалга ҳам, қилувчига ҳам таъсир қилмайди.
Риёга олиб кирадиган эшиклар бор. Инсон ўзи сезмаган ҳолда риёга кириб қолмаслиги учун ўзини текшириб туриши лозим.