Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (2)

0

Заковати ва даҳолигидан намуналар

“Абу Ҳанифа дин ҳурматини қаттиқ ҳимоя қилувчи, кўп тафаккур қилувчи ва камгап инсон эди”. (Имом Абу Юсуф)

Бир куни Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Имом Молик олдига кирганида унинг мажлисида катта жамоат йиғилиб ўтирган эди. Гаплашиб бўлиб чиқиб кетганидан сўнг Имом Молик ўтирганлардан: “Бу киши ким эканини биласизларми?” деб сўради.

Улар: “Йўқ, билмаймиз”, дейишди.

Имом Молик деди: “Бу киши Нўъмон ибн Собит бўлади. Агар у: “Мана шу устун олтиндир” деса, айтган сўзига далил келтира олади ва ҳақиқатда шундай бўлиб чиқади”.

Имом Молик Абу Ҳанифанинг далил-ҳужжатлари кучлилиги, ҳозиржавоблиги ва фикрининг ўткирлиги ҳақида айтган бу сўзларида асло муболаға йўқ.

Зеро, Абу Ҳанифа фикр ва ақида борасида у билан баҳс-мунозарага киришган кишиларни қандай боши берк кўчага олиб кириб қўйгани ҳақидаги мисоллар тарих ва сийрат китобларида тўла. Буларнинг бари Имом Моликнинг: “Агар у олдингда турган бир уюм тупроқни тилло деб айтса, унинг бу даъвосига келтирган далилларига таслим бўлишдан бошқа чоранг йўқ”, деган сўзларини қувватлайди.

Шундай экан, ҳақни ҳимоя қилиб, ҳақ учун тортишар экан, қандай ғолиб бўлмасин?

Кўфада одамлар ичида обрў қозонган, уларга гапи ўтадиган бир киши бор эди. Шу киши Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳуни асли яҳудий бўлган, Исломга киргандан кейин ҳам яҳудийлигида қолган, деган бўҳтон гапни тарқатиб юрган экан.

Бу гап Абу Ҳанифанинг қулоғига етгач, ўша кишининг уйига борди ва унга: “Шогирдларимдан бирига қизингизни сўраб келдим”, деди.

Ҳалиги киши:

  • Хуш келибсиз, сиздек инсоннинг совчилигини қайтариб бўладими, эй Абу Ҳанифа! Лекин куёв бўлмиш ким экан? – деди.

  • У йигит қавми орасида обрўси ва бойлиги билан танилган. Ўзи ўта саховатли. Аллоҳнинг китобини тўла ёд олган, бутун тунни намоз билан ўтказади. Аллоҳдан қўрқиб, кўп йиғлайдиган тақводор инсон, – деди Абу Ҳанифа.

  • Бай-бай, эй Абу Ҳанифа, куёвда сиз айтган сифатларнинг баъзилари бўлса, нафақат бизга, ҳатто мўминлар амирининг қизига совчи қўйишга ҳам лойиқ қилиб қўяди-ку!

  • Бироқ унинг бир сифати бор, буни ҳам билишингиз лозим.

  • Нима экан?

  • Унинг асли яҳудий.

Киши сакраб ўрнидан туриб: – Яҳудий?! Эй Абу Ҳанифа, қизимни яҳудийга беришимни хоҳлайсизми?! Аллоҳга қасамки, у одамда авалгилар ва охиргиларнинг барча яхши сифатлари жамланган бўлса ҳам унга қизимни бермайман, – деди.

Абу Ҳанифа жавоб берди: – Ўз қизингни яҳудийга беришни хоҳламайсан, буни ўзингга эп кўрмайсан-у, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир эмас, икки қизларини яҳудийга берганлар, деб одамларга уқтирмоқчи бўласанми?!

Киши қўрқувдан титраб: – Тавба қилдим, айтган бу ёмон сўзим ва уйдирган бўҳтонимни Аллоҳ кечирсин, астағфируллоҳ, тавба қилдим, – деб қолди.

Яна бир воқеа: Кунларнинг бирида хаворижлардан бўлган Заҳҳок Шорий исмли кимса Абу Ҳанифа ҳузурига келиб: “Эй Абу Ҳанифа, тавба қил”, деди. Абу Ҳанифа:

  • Нимадан тавба қилай? – деб сўради.

  • Алий билан Муовия ўртасида юзага келган ишда ҳакам тайинланиши жоиз иш эди, деган сўзингга тавба қил.

  • Шу масала хусусида мен билан мунозара қилишга розимисан?

  • Розиман.

  • Баҳслашаётган масаламизда келишолмай қолсак, ким ўртамизда ҳакамлик қилади?

  • Хоҳлаган кишингни ҳакам қилишинг мумкин.

Абу Ҳанифа хавориж билан бирга келган шеригига қараб: – Биз келиша олмаган масалада сен ўртамизда ҳукм чиқарасан, – деди.

Сўнг хаворижга: – Дўстинг ўртамизда ҳукм чиқаришига мен розиман, сен ҳам розимисан? – деди.

Хавориж мамнун ҳолда: – Розиман, – деди.

Шунда Абу Ҳанифа: – Ҳолингга вой бўлсин! Иккаламизнинг ўртамизда содир бўлган келишмовчиликда ҳакам тайинлашни мумкин дейсан-у, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки саҳобаси ўртасида ҳакам тайинлашни инкор қиласанми?! – деди.

Хавориж довдираб, индаёлмай қолди.

Ислом ерларида ёмонлик уруғини сепган, адашган жаҳмия фирқасининг асосчиси Жаҳм ибн Сафвон Абу Ҳанифанинг олдига келиб: “Айрим масалаларда сен билан гаплашиб олгани келдим”, деди.

Абу Ҳанифа: “Сен билан гаплашишни ўзимга ор деб биламан. Сен айтаётган гапларни гапириш ловуллаб турган ўтга кириш билан баробардир”, деди.

  • Мен билан аввал кўришмаган, сўзимни эшитмаган бўлсанг, қандай қилиб менинг устимдан бундай ҳукм чиқаряпсан? – деди Жаҳм.

  • Менга айтишларича, сен қибла аҳли бўлган киши айтмайдиган гапларни айтар экансан, – деди Абу Ҳанифа.

  • Мендан эшитмай туриб, устимдан ҳукм қиласанми?

  • Сенинг бу гапларинг машҳур бўлиб кетган. Уларни хос кишилар ҳам, омма халқ ҳам билади. Шундай экан, сени бу сўзларинг билан айблашга ҳақлиман.

  • Сендан фақат иймон ҳақида сўрайман, холос.

  • Сен шу пайтгача иймон ҳақида билмадингмики, у ҳақда мендан сўрасанг?!

  • Иймонни биламан, лекин унинг бир турида шак қилиб қолдим.

  • Иймонда шак қилиш куфрдир.

  • Токи мендан куфр сўзни эшитмагунингча менга куфр тамғасини босишинг сенга ҳалол эмас.

  • Хоҳлаган масалангни сўра.

  • Менга айт-чи, қалби билан Аллоҳни таниган, Аллоҳ ёлғиз, Унинг шериги ва ўхшаши йўқ деб эътироф этган, Уни сифатлари билан таниган, бирон нарса У Зотга ўхшаш эмас деб билган, бироқ иймонни тили билан эълон қилмай вафот этган киши мўмин бўлиб ўладими ё кофир бўлибми?

  • Қалби билан билганини тили билан очиқ айтмаган бўлса, модомики тили билан айтишга бирон моне бўлмас экан, кофир бўлиб ўлади ва дўзах аҳлидан бўлади.

  • Аллоҳни ҳақиқий таниган бўлса, қандай қилиб мўмин бўлмайди?

  • Агар сен Қуръонга иймон келтирган бўлсанг ва уни ҳужжат деб билсанг, сенга Қуръондан гапираман. Агар Қуръонга иймон келтирмаган бўлсанг ва уни ҳужжат деб билмасанг, Исломга мухолиф бўлганлар билан қандай гаплашсак, сен билан ҳам шундай гаплашаман.

  • Мен Қуръонга иймон келтирганман ва уни ҳужжат деб биламан.

  • Унда эшит, Аллоҳ таоло иймон келтиришни икки аъзо – қалб ва тил билан қилди, уларнинг бири билан эмас. Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари бунинг исботига тўла.

Масалан, Аллоҳ таоло деди: «Улар пайғамбарга нозил қилинган нарсани (Қуръонни) эшитган пайтларида унинг ҳақ эканини билганлари сабабли кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз. Улар: «Парвардигоро, иймон келтирдик. Бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин», дейдилар. «Нима учун Аллоҳга ва бизга келган ҳаққа иймон келтирмас эканмиз ва Раббимиз бизни ҳам солиҳ қавмлар қаторига киритишини умид қилмас эканмиз?!» дейдилар. Шу гаплари сабабли Аллоҳ уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий яшайдиган жаннатлар билан мукофотлади. Бу чиройли амал қилувчиларнинг мукофотидир» (Моида: 83-85).

Улар ҳақни қалблари билан танидилар ва тиллари билан сўзладилар, шу гаплари сабабли Аллоҳ уларни остларидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар билан мукофотлади.

Аллоҳ таоло яна деди: “Айтингиз (эй мўминлар), Аллоҳга ва бизга нозил қилинган Китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигор тарафидан берилган нарсаларга ишондик” (Бақара: 136).

Аллоҳ таоло уларни гапиришга буюрди. Уларнинг билиши ва танишининг ўзи билан кифояланмади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «”Ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ) деб айтинглар, нажот топасизлар», дедилар. Нажот сабаби ёлғиз билишнинг ўзида демадилар, балки унга тил билан айтишни ҳам қўшдилар.

Бошқа бир ҳадисда: “Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб айтган киши дўзахдан чиқади”, дедилар. “Аллоҳни билган киши дўзахдан чиқади”, демадилар.

Агар қалб билан билишнинг ўзигина кифоя қилганида тил билан айтишга ҳожат бўлмаган ва Иблис мўминлардан ҳисобланган бўлар эди. Чунки у Раббини биларди, ўзини У яратганини, У ўлдиришини ва яна қайта тирилтиришини, уни адаштирган ҳам Аллоҳ эканини яхши билар эди. Аллоҳ таоло Иблиснинг тилидан айтган сўзида деди: “Мен ундан (Одамдан) яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яраратдинг», деди у” (Аъроф: 12).

Яна: “(Иблис илтижо қилиб) деди: «Парвардигорим, у ҳолда менга улар қайта тириладиган Кунгача (ўлмасдан яшаш учун) муҳлат бергин” (Ҳижр: 36).

Яна: “У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтираман” (Аъроф: 16).

Агар сен даъво қилаётган нарса тўғри бўлганида, Парвардигорларини таниган, бироқ Уни тиллари билан инкор қилган кўпгина кофирлар ҳам мўмин ҳисобланган бўлар эди.

Аллоҳ таоло деди: “Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар” (Намл: 14).

Аниқ билишларининг ўзи билан уларни мўминлар деб санамади, балки тиллари билан инкор этганлари учун кофирлардан деб ҳисоблади.

Абу Ҳанифа шу зайлда бир Қуръондан, бир ҳадисдан далилларни келтираверди, ҳатто Жаҳмнинг юзида ҳайрат ва хижолат аломатлари кўрина бошлади ва у: “Унутган нарсаларимни эсимга солиб қўйдинг, олдингга яна келаман”, деб Абу Ҳанифанинг олдидан секингина чиқиб кетди, аммо қайтиб келмади.

Бир куни Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг борлигини инкор қиладиган худосизлар билан учрашди. Уларга деди:

– Қани айтинглар-чи, юк билан лиқ тўла кема денгизда кучли тўлқин ва довул остида, бирон бошқарувчиси бўлмаган ҳолда, чайқалмасдан ва йўлидан оғмасдан кўзлаган манзили сари тўғри сузиб боряпти. Шу ақлга тўғри келадими?

Улар: – Йўқ, эй шайх, буни ақл қабул қилмайди, бундай бўлиши мумкин эмас, – дедилар.

Абу Ҳанифа деди: – Субҳаналлоҳ! Сизлар кема денгизда бошқарувчисиз ҳаракат қила олишини инкор қиласиз-у, аммо бутун коинот ўзининг улкан денгизлари, ҳаракатланувчи юлдузлари, учиб юрувчи қушлари ва ўтловчи ҳайвонлари билан биргаликда уларни пухта қилиб яратган яратувчи ва аъло даражада бошқариб турадиган бошқарувчисиз турибди, деб ишонасизларми?! Ўзингиз ҳам, уйдирган ёлғонингиз ҳам қуриб кетсин!

Абу Ҳанифа бутун ҳаётини Аллоҳ унга инъом этган етук ҳужжат ва равон тил билан Унинг дини ва шариатини ҳимоя қилиб ўтказди. Ажали етиб, омонатини топширганида унинг васиятномасини топишди. У васиятида оила аъзоларига шундай талаб қўйган экан: “Мени пок ва бировдан ноҳақ тортиб олинган бўлиши эҳтимоли йўқ бўлган ерга дафн қилинглар”. Бу гап халифа Мансурга етганида у: “Тириклигида ҳам, вафотидан кейин ҳам Абу Ҳанифанинг олдида тилимиз қисиқ”, деди.

Абу Ҳанифа ўзини Ҳасан ибн Аммора ювиб, кафанлашини васият қилган эди. Ҳасан ювиб, кафанлагач: “Эй Абу Ҳанифа, Исломга қилган хизматингиз мукофоти Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлсин. Ўттиз йилдан бери фақат рўзадор юрдингиз, қирқ йилдан бери тунда ёнбошингиз тўшак кўрмади. Ўзингиздан кейин келадиган фуқаҳоларни қийнаб қўйдингиз”, деган эди.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг