Намоз: Витр намозидаги қироат ва витрдан кейинги зикр

0

Бешинчидан: Витр намозида қироат қилиш

Суннатга кўра, витр намозининг биринчи ракаатида «Аъло» сурасини, иккинчи ракаатида «Кофирун» сурасини, учинчи ракаатида эса «Ихлос» сурасини қироат қилиш мустаҳабдир.

Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам витр намозида «Саббиҳ исма Роббикал аълаа», «Қул йаа айюҳал каафируун» ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад» сураларини ўқир эдилар»[1].

Шунингдек, учинчи ракаатда «Ихлос» сурасига қўшимча «муаввизатайн» – «Фалақ» ва «Нос» сураларини ўқиш ҳам мумкин[2].

Олтинчидан: Витр намозидан кейинги зикр

Витр намозини ўқиб бўлгандан кейин уч марта овозни чўзиб «Субҳаанал маликил қуддуус» дейиш ва охиргисида овозни кўтариш мустаҳабдир.

Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам витр намозини ўқиб бўлсалар: «Субҳаанал маликил қуддуус», дер эдилар»[3].

Абдураҳмон ибн Абза ривоятида «Охиргисида овозларини кўтардилар» деган қўшимча бор. Насоийга оид ривоятда: «Чўзиқ ва баланд овозда айтар эдилар», дейилган.

Мазкур зикрга «Роббил малааикати вар-руҳ»ни қўшимча қилиш ҳам мумкин. Бу қўшимчани Дорақутний саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

سُبْحَانَ الْمَلِكِ الْقُدُّوسِ (رَبِّ الْمَلَائِكَةِ وَالرُّوحِ)

Ўқилиши: «Субҳаанал маликил қуддуус, (Роббил малааикати вар-руҳ)».
Маъноси: «(Фаришталар ва Руҳ (Жаброил)нинг Рабби бўлмиш) мутлақ мулк соҳиби, муқаддас ва муаззам Аллоҳ ҳар қандай айб-нуқсонлардан йироқдир».

[1] Абу Довуд (1423), Насоий (3/244), Ибн Можа (1171) ривояти. Шу мазмундаги бошқа бир ҳадисни Абу Довуддан ташқари «Сунан» соҳиблари Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган. Мазкур ҳадис унинг мазмунини қувватловчи бошқа ҳадислар бўлгани боис саҳиҳдир.
[2] Термизий (463), Ҳоким (2/520) ривояти. Ҳоким ҳадисни Бухорий ва Муслим шартига мувофиқ саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган. Шунингдек, ҳадисни Термизий ҳасан деган. Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривояти ҳам мавжуд бўлиб, уни Таҳовий «Маонил осор»да (1/285) келтирган. Уни Ҳоким (1/305) саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Натоиж ал-афкор»да ҳасан деган.
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (1430), Насоий (3/235) ривояти. Албоний «Ал-мишкот»да (1275) саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг