Жавоб: Инсон ўзида риёни сезса, фақат Аллоҳ ҳамд ва санога лойиқ эканини билиши, Аллоҳ таолонинг улуғлигини ёдга олиши, риёни даф қилишга ва ундан халос бўлишга нафси билан курашиши, риё аралашган амал беҳуда кетиши ва у сабабли гуноҳкор бўлишини эслаши лозим. Шу билан бирга ҳадисда келгани янглиғ риёдан паноҳ сўраб юриши даркор: “Эй Аллоҳ! Сенга билиб турган ҳолимда ширк келтириб қўйишдан Ўзинг сақла. Билмасдан қилганларим учун Сендан мағфират сўрайман” (Аҳмад ривояти).
97-савол: Нифоқнинг турлари борми?
Жавоб: Ҳа, нифоқнинг икки тури бор:
Биринчи тури: эътиқодга тааллуқли нифоқ (катта нифоқ). Бу тур нифоқ инсон ичида куфрни яшириб, ташида ўзини мўмин қилиб кўрсатишдир. Бундай нифоқ Ислом динидан чиқаради. Бу нифоқ эгаси нифоқида давом этган ҳолда ўлса, куфрда ўлган ҳисобланади.
Иккинчи тури: амалга тааллуқли нифоқ (кичик нифоқ). Амалий нифоқ кишини диндан чиқармайди, лекин у хатар узрадир. Бу нифоқ эгасининг сифатларидан: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса ваъдасида турмайди, биров билан тортишиб қолса фужурга ўтади, унга ишонилса хиёнат қилади.
98-савол: Назрнинг ҳукми нима?
Жавоб: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам назр қилишдан қайтарганлар. Назрнинг ҳукмига келсак, унинг тафсилотлари бор:
Агар Аллоҳ учун назр қилинган бўлса, у тоат назри ҳисобланади. Унга вафо қилиш вожибдир.
Агар Аллоҳдан бошқага назр қилинган бўлса ёки Аллоҳга осийликка олиб борадиган нарсани қилиш назр қилинган бўлса, жоиз бўлмаган ҳаром назр ҳисобланади. Унга вафо қилиш жоиз эмас. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳга тоат қилишни назр қилган бўлса, Унга итоат қилсин. Лекин ким Аллоҳга осий бўлишни назр қилган бўлса, Унга осий бўлмасин” (Бухорий ривояти).
99-савол: Сеҳрнинг ҳукми нима?
Жавоб: Сеҳр ҳаромдир. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Етти ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан узоқ бўлинглар”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, улар нималар?” дейишди. “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр қилиш, …”, деб қолганларини ҳам санаб ўтдилар.
Сеҳр қилиш ширкдир. Сеҳр билан шуғулланувчининг жазоси ўлимдир.
100-савол: Нушра – сеҳрни ечиш нима? Унинг ҳукми нима?
Жавоб: Нушра деб сеҳрланган кишидан сеҳрни ечишга айтилади. Унинг икки йўли бор:
Сеҳрни сеҳр билан ечиш. Бу шайтон амалидан, яъни жоиз эмас.
Қуръони карим, суннат ва маъсур дуолар билан дам солиб сеҳрни ечиш. Бу жоиздир.