Муҳим савол-жавоблар: 101-105 – саволлар

0

101-савол: Иссиқ-совуқ қилиш нима дегани?

Жавоб: Иссиқ-совуқ қилиш сеҳр турларидан бўлиб, у эр-хотин орасини ажратиш ёки эр-хотин орасини иситиш учун қилинади. У ҳадиси шарифда келгани янглиғ кичик ширкдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Руқялар (ўқиш), туморлар (тақиш) ва иситма-совутма қилиш ширкдир” (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Ҳадисдаги руқялардан мақсад қайтарилган, ножоиз руқялардир. Улар маънолари номаълум сўзлар билан ёки шайтонларнинг исмлари билан қилинадиган руқялардир. Лекин шаръий руқяларга келсак, улар бу ҳадиснинг ҳукмига кирмайди.

102-савол: Фолбинлар ва башоратчиларга бориш жоизми?

Жавоб: Башоратчи ва коҳинлар жинлар воситаси билан ғайб илмини билишни даъво қиладиган кимсалардир.

Фолбин йўқолган, ўғирланган нарсаларга ишора қилувчи нарсалар билан уларнинг қаердалигини билишни даъво қиладиган кимсадир.

Баъзилар бу таърифларни аксини айтишган. Нима бўлганда ҳам улар Аллоҳ таоло ўз илмида беркитган ғайб илмини билишни даъво қилишда бирлашадилар.

Уларга бориш ҳаром. Фолбин ёки коҳинга борган, лекин улар айтган нарсага ишонмаган кишининг қирқ кунлик намози қабул бўлмайди. Борди-ю, уларга мурожаат қилса ва улар айтган нарсани тасдиқласа, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган динга кофир бўлган бўлади.

103-савол: Юлдузлардан ёмғир сўраш нима дегани?

Жавоб: Юлдузлардан ёмғир сўрашдан мақсад ёмғирнинг ёғишини юлдузларнинг чиқиши ёки ботишига нисбат бериш демакдир.

104-савол: Юлдузлардан ёмғир сўраш қачон кичик ширк, қачон катта ширк бўлади?

Жавоб:

  • Юлдузлар Аллоҳ таолонинг хоҳиши бўлмаса ҳам мустақил таъсир кучига эга деб эътиқод қилиб, ёмғирни пайдо бўлишини юлдузга нисбатлаш катта ширк бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло айтади: “Бандаларим ичидан (баъзилари) Менга мўмин бўлиб ва (баъзилари) кофир бўлиб тонг оттирдилар. Кимда-ким: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан ёмғир ёғди”, деган бўлса, ана ўша Менга иймон келтирган ва юлдузларга кофир бўлгандир. Аммо кимда-ким: “Фалон-фалон юлдузлар кўриниши сабаб ёмғир ёғди”, деган бўлса, ана ўша Менга кофир бўлган ва юлдузларга иймон келтиргандир” (Муттафақун алайҳи).

  • Ким юлдузлар Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан таъсир қилади, Аллоҳ бу юлдузни ёмғир ёғишига сабаб қилган, Аллоҳ шу юлдуз кўринганда ёмғир ёғадиган қилган, деб эътиқод қилса, кичик ширкни қилган бўлади. Чунки у Аллоҳнинг неъматини Ундан бошқага нисбатлаган бўлади. Бу ҳаромдир.

  • Юлдузларнинг чиқишини вақтлар ва фаслларга далил қилишга келсак, масалан, агар фалон юлдуз чиқса, ёмғир ёғиш мавсуми кирган бўлади, ёки мевалар пишадиган вақт киради, десак, бунинг зарари ва гуноҳи йўқ.

105-савол: Муайян мусулмонни кофир деб ҳукм қилиш жоизми?

Жавоб: Бирор мусулмонга куфр, ширк ёки нифоқ ҳукмини беришимиз, модомики, унда буларга далолат қилган очиқ далил бўлмас экан, жоиз бўлмайди. Унинг қалбидаги нарсани Аллоҳга ҳавола қиламиз. Бу масалани енгил санаш жоиз эмас. Бундай масалаларда илм аҳлларига мурожаат қилинади.

Изоҳ қолдиринг