Муҳим савол-жавоблар: 111-115 – саволлар

0

111-савол: Тавҳид аҳлидан бўлган гуноҳкор кишиларнинг оқибатлари нима бўлади?

Жавоб: Тавҳид аҳлидан бўлган гуноҳкор инсонлар уч табақага бўлинадилар:

Биринчи: ҳасанотлари гуноҳларидан оғир келганлар. Улар илк бошиданоқ жаннатга кирадилар, уларга дўзах олови асло тегмайди.

Иккинчи: ҳасанотлари гуноҳларига тенг бўлиб қолганлар. Улар аъроф эгалари бўлиб, Аллоҳ хоҳлаган муддатгача жаннат билан дўзах орасида ушлаб турилади, сўнгра уларга жаннатга киришга изн берилади.

Учинчи: гуноҳлари ҳасанотларидан оғир келганлар. Улар кабира гуноҳларни ва ёмон мункар ишларни қилишда бардавом бўлган, лекин қалбларида иймонлари бўлганлардир. Улар дастлаб дўзахга кирадилар, у ерда гуноҳларига яраша қолгандан сўнг, дўзахдан жаннатга чиқариладилар.

112-савол: Аллоҳни ёки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ёки динни масхара қилган кишининг ҳукми нима?

Жавоб: Бу иш куфр ва нифоқдир, гарчи одамларни кулдириш учун қилинган бўлса ҳам. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Қасамки, агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, албатта улар: «Биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулдингизми?» Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз” (Тавба сураси, 65-66-оятлар).

113-савол: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтлари ва саҳобалари ҳақида қилиниши вожиб бўлган нарса нима?

Жавоб: Уларни яхши кўриш, уларга нисбатан қалбларимиз ва тилларимизни саломат тутиш, уларнинг фазилатларини ёйиш, ўзаро ораларида содир бўлган келишмовчиликларга аралашмаслик ва тилни тийиш, уларни дўст тутиш, ҳимоя қилиш, уларни ёмонлик билан тилга олган ҳар бир кишидан безор ва узоқ бўлиш бизга вожибдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг саҳобаларимни ҳақорат қилманглар…”, деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

114-савол: Шайтон инсондан нимани хоҳлайди?

Жавоб: Шайтон инсонни йўлдан оздиришни хоҳлайди. Бунинг учун еттита йўлни қўллайди, бирини қилишга муваффақ бўлмаса, ундан кейингисига ўтади. Улар:

Биринчи: ширк ва куфр;

Иккинчи: эътиқоддаги бидъат ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишни тарк қилдириш;

Учинчи: кабира гуноҳлар;

Тўртинчи: сағира гуноҳлар;

Бешинчи: тоатларни қўйиб, мубоҳ нарсалар билан машғул қилиш;

Олтинчи: ундан афзал ёки ажри кўп тоатлар бўлатуриб, ажри ва фазилати оз тоатлар билан машғул қилиш;

Еттинчи: тақводор мўминларга турфа озорларни беришлари учун жин ва инсон шайтонларидан бўлган аскарларини уларнинг устига солади.

115-савол: Мусулмон киши ўзи учун нифоқдан хавфсираши керакми?

Жавоб: Ҳа, нифоқдан қўрқиш керак. Дарҳақиқат, саҳобалар амалий нифоқдан ҳам қўрқар эдилар. Ибн Абу Мулайка раҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ўттизтасини кўрганман. Барчалари ўзлари учун нифоқдан хавфсирашарди” (Бухорий ривояти).

Изоҳ қолдиринг