Туманли тарих (9): Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳаёти қисқа сатрларда

0

Иккинчи баҳс

Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳаёти қисқа сатрларда

Исми

 Абдуллоҳ ибн Усмон ибн Омир ибн Амр ибн Каъб ибн Саъд ибн Тайм ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр[1]. Фиҳр – бу Қурайш демакдир.

Али разияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳ таоло Абу Бакрнинг «Сиддиқ» деган исмини самодан нозил қилди». У бу гапини қасам ичиб айтар эди»[2].

Исломга кириши

Абу Дардо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эдим. Кийимининг этагини ушлаб олганидан ҳатто тиззаси кўриниб қолган Абу Бакр разияллоҳу анҳу кўринди.

– Биродарингиз безовталанибди, – дедилар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Абу Бакр салом берди ва деди:

– Эй Аллоҳнинг Расули! Умар ибн Хаттоб билан ўртамизда бир иш бўлиб ўтди. Мен қизишиб кетдим. Сўнг қилмишимдан пушаймон бўлиб, Умардан мени кечиришини сўрадим. У рози кечирмади. Шунинг учун сизнинг ҳузурингизга келдим.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уч бор: «Аллоҳ сизни мағфират қилсин, эй Абу Бакр», дедилар.

Умар разияллоҳу анҳу ҳам кейин пушаймон қилиб, Абу Бакрнинг уйига борди.

– Абу Бакр борми? – сўради у.

– Йўқ, – жавоб берди уйидагилар.

Умар разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, салом берди. Расулуллоҳ  саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари ўзгара бошлаганини кўрган Абу Бакр разияллоҳу анҳу хавотирга тушди ва тиззалари билан тиз чўкиб: «Эй Аллоҳнинг расули, мен золимроқ эдим», деб икки марта айтди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Аллоҳ мени сизларга пайғамбар қилиб жўнатганида сизлар «Ёлғон айтаяпсан!» дедингиз, Абу Бакр эса «Рост» деди. Моли ва жони билан менга таскин-тасалли бўлди. Биродаримни мен учун тинч қўясизларми ўзи?! – деб икки марта айтдилар. Шундан кейин Абу Бакр разияллоҳу анҳуга сира озор берилмади»[3].

Аммор ибн Ёсир разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганимда у зотнинг ёнларида бешта қул, иккита аёл ва Абу Бакрдан ўзга ҳеч ким йўқ эди»[4].

Ҳижрати

Абу Бакр разияллоҳу анҳу айтади: «Ғорда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдим. Бошимни кўтарсам, шундоқ қавмнинг оёқлари тагидаман.

– Эй Аллоҳнинг элчиси, биттаси эгилиб қараса, бизни кўради! – дедим.

– Жим, эй Абу Бакр, дедилар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам, –Учинчиси Аллоҳ бўлган икки кишига ким ҳам зарар бера олади?!»[5]

Абу Бакрнинг хотинлари ва фарзандлари

  • Қутайла бинти Абдулуззо. Абдуллоҳ ва Асмонинг онаси.

  • Умму Румон Кинонийя. Ойша ва Абдураҳмоннинг онаси.

  • Асмо бинти Умайс Хасъамийя. Муҳаммаднинг онаси.

  • Ҳабиба бинти Хорижа. Умму Кулсумнинг онаси.

Абу Бакрнинг фазилатларидан намуналар

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: «Ким Аллоҳ йўлида бирон жуфт нарсани эҳсон қилса, ундай киши жаннат эшикларидан чақирилади. (Фаришталар унга қарата): «Эй Аллоҳнинг қули, сен қилган бу амал улкан яхшиликдир!» дея нидо қилишади. Ким намоз аҳлидан бўлса, намоз эшигидан чақирилади, ким жиҳод аҳлидан бўлса, жиҳод эшигидан чақирилади, ким садақа аҳлидан бўлса, садақа эшигидан чақирилади, ким рўза аҳлидан бўлса, рўза ва Райён эшигидан чақирилади». Абу Бакр разияллоҳу анҳу деди: «Ушбу эшикларнинг биридан чақирилган кишининг эҳтиёжи бўлмайди! Эй Аллоҳнинг Расули, бирон киши мазкур эшикларнинг барчасидан чақириладими?»

Ҳа, – дедилар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам, – Умид қиламанки, Сиз ўшалардан бўласиз, эй Абу Бакр!»[6]

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр, Умар ва Усмон разияллоҳу анҳум билан Уҳудга чиқдилар. Тоғ титрай бошлади.

Сокин-собит бўл, эй Уҳуд, – дедилар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам – сенинг устингда фақат набий, сиддиқ ва икки шаҳид бор»[7].

Амр ибн Ос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени «Зотус салосил» қўшинига бошлиқ қилиб жўнатдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Сиз учун энг суюкли инсон ким?» деб сўрадим.

Ойша, – дедилар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

– Эркакларданчи? – дедим.

Унинг отаси, – дедилар.

– Кейин ким?

Кейин Умар ибн Хаттоб, – деб бир неча кишиларни санадилар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам»[8].

Абу Бакрнинг илми

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга хутба қилиб бундай дедилар: «Аллоҳ бир бандасига дунё билан Ўз ҳузуридаги нарса ўртасида ихтиёр берди ва у банда Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани танлади». Буни эшитган Абу Бакр йиғлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ихтиёр берилган банда ҳақида гапирган бўлсалар, Абу Бакр нега йиғлайди, деб ажабландик. Ўша ихтиёр берилган банда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эканлар ва ичимизда энг илмли киши Абу Бакр экан!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дўстлиги ва мол-давлати сабабли мен энг кўп миннатдор бўлган инсон Абу Бакрдир. Агар Раббимдан ўзгани халил тутганимда, Абу Бакрни дўст тутардим. Лекин исломий биродарлик ва меҳр-муҳаббат ўртамизда мавжуд ва у кифоядир. Масжиддаги барча эшиклар тўсиб ташлансин, фақат Абу Бакрнинг эшиги бундан мустасно»[9].

Доимо Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирга бўлгани

Урва ибн Зубайр айтади: «Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан мушрикларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга етгазган энг қаттиқ озорлари ҳақида сўрадим. У деди:

– Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида Уқба ибн Абу Муайт келди-да, у зотнинг бўйинларига ридо ташлаб, у билан Пайғамбаримизни қаттиқ бўғди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу келиб, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни ундан қутқариб олди.

– Раббим Аллоҳ, дегани учун бир кишини ўлдирасизларми? Ахир у Раббингиздан сизларга очиқ оят-далиллар олиб келди-ку! – деди Абу Бакр разияллоҳу анҳу»[10].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Бакр халифалигига ишоралари

  • Абу Мусо разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам касал бўлиб қолдилар. Касаллари зўрайиб кетди. «Абу Бакрга айтинглар, одамларга (имомликка ўтиб) намоз ўқиб берсин», дедилар. «Абу Бакр жуда кўнгли бўш одам. Агар сизнинг ўрнингизга имомликка ўтса, одамларга намоз ўқиб беролмайди», деди Ойша разияллоҳу анҳо.

«Абу Бакрга айтинглар, одамларга намоз ўқиб берсин», дедилар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Ойша яна бояги гапини қайтарди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Абу Бакрга айт, одамларга намоз ўқиб берсин. Сизлар (эй аёллар), Юсуф алайҳиссалом қиссасидаги аёлларга ўхшайсизлар!»

Сиддиқ разияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларини етказишди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам тирикликларида Абу Бакр одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берди»[11].

  • Жубайр ибн Мутъим айтади: «Бир аёл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга яна қайтиб келишни буюрдилар.

– Келганимда сизни топа олмасам-чи? – деб сўради аёл ўлимни назарда тутиб.

Мени топа олмасанг, Абу Бакрнинг олдига бор, – дедилар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам»[12].

Ойша разияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам касал бўлиб ётганларида менга шундай дедилар:

Бориб, отанг Абу Бакр билан акангни чақириб кел, бир китобат битмоқчиман. Қўрқаманки, умид қилувчи умидвор бўлиб қолиб, кимдир «Мен ҳақлироқман!» деб қолиши мумкин. Аллоҳ ҳам, мўминлар ҳам фақат Абу Бакрга рози бўлишади!»[13]

Умуман олганда, Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг Расулулоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам назарларида ўзига хос мартабага эга экани маълум ва машҳурдир. Сиддиқ разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан яқин алоқада бўлиш, у зот билан бирга ҳижрат қилиш, намозда имомликка ўтиш ва шу каби бошқа кўп хусусиятларга сазовор бўлган эди[14].

Абу Бакрнинг вафоти

Ҳижрий ўн учинчи сана жумодул охир ойида Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётиб, ўлим талвасасини тотди. Қизлари Ойша разияллоҳу анҳо оталари ёнида эди.

Кўкрагинг торайиб ғарғара қилсанг,

Бойликдан ҳеч қандай фойда йўқ билсанг.

Ойша онамиз ушбу мисраларни айтганида Абу Бакр разияллоҳу анҳу кўзларини қизларига тикиб деди:

– «Мана, ўлим мастлиги ва шиддати ҳақиқатда етиб келди. Ундан қочиб қутулиш имкони йўқ. Эй инсон, сен қочаётган нарса мана шу эди» (Қоф, 19).

– Сизга табиб чақирайликми? – дейишди.

– Табиб мени кўрди ва: «Мен хоҳлаганимни қилгувчиман!» деди, – деб жавоб берди Сиддиқ разияллоҳу анҳу. (Абу Бакр «табиб» деганда Аллоҳ таолони назарда тутган эди)[15].

Шундай қилиб, Сиддиқ разияллоҳу анҳу жон таслим қилди, бу дунёни ташлаб ҳабиби Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат берган жаннатга равона бўлди.

[1] Абу Нуайм. «Маърифат ас-саҳоба», 1/150.

[2] Табароний «Ал-мўъжам ал-кабир»да (1/55) ривоят қилган. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳ ал-Борий»да (7/11) келтирган ва: «Ровийлари «сиқа» (ишончли кишилар)дир», деган.

[3] «Саҳиҳи Бухорий», 3661.

[4] «Саҳиҳи Бухорий», 3660.

[5] Муттафақун алайҳи. «Саҳиҳи Бухорий», 3922; «Саҳиҳи Муслим», 2381.

[6] Муттафақун алайҳи. «Саҳиҳи Бухорий», 3666; «Саҳиҳи Муслим», 1027.

[7] Муттафақун алайҳи. «Саҳиҳи Бухорий», 3675; «Саҳиҳи Муслим», 2417.

[8] Муттафақун алайҳи. «Саҳиҳи Бухорий», 3662; «Саҳиҳи Муслим», 2384.

[9] «Саҳиҳи Бухорий», 3654.

[10] «Саҳиҳи Бухорий», 3678.

[11] Муттафақун алайҳи. «Саҳиҳи Бухорий», 678; «Саҳиҳи Муслим», 420.

[12] Муттафақун алайҳи. «Саҳиҳи Бухорий», 3659; «Саҳиҳи Муслим», 2386.

[13] Муттафақун алайҳи. «Саҳиҳи Бухорий», 5666; «Саҳиҳи Муслим», 2387. Ҳадис матни Муслимга оид.

[14] Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан хусусиятлари тўғрисида қуйидаги китобларга мурожаат қилинг: Ибн Занжавайҳ. «Ар-равз ал-анийқ фий исбот имомат Абу Бакр Сиддиқ» (қўлёзма); Имом Аҳмад. «Фазоил ас-саҳоба»; Ал-ушорий. «Фазоил Абу Бакр Сиддиқ»; Абул Қосим Али ибн Балабон ал-Мақдисий. «Туҳфат ас-садиқ  фий фазоил Абу Бакр Сиддиқ».

[15] Қаранг: Ибн Саъд. «Ат-табақот ал-кубро», 3/198, «Абу Бакрнинг васияти».

Изоҳ қолдиринг