Умар разияллоҳу анҳу: Тунги фаолиятларидан айрим намуналар

0

Эй амирул мўъминин, биродарингизга хушхабар беринг, ўғилли бўлди!

Умар разияллоҳу анҳу бир куни тунда Мадинани айланиб юрар экан, шаҳар майдонларидан бирида нотаниш бир чодирга кўзи тушди. Яқинроқ келган эди, чодир ичидан аёл кишининг инграган овози эшитилди. Ташқарида бир кишининг ўтирганини кўриб, унга яқинлашиб, салом берди. Сўнг:

– Кимсан?­­­­­­­­ – деб сўради.

­­­– Саҳро аҳлиданман, амирул мўъмининнинг марҳаматидан умидвор бўлиб келдим, – деб жавоб берди у.

– Бу нима овоз? – деб чодирга ишора қилди.

– Аллоҳ сенга раҳм қилсин, йўлингдан қолма, – деди киши.

– Йўқ, билишим керак, нима гап ўзи? – деди Умар.

– Хотинимни тўлғоқ тутяпти.

– Олдида биров борми?

– Йўқ.

Шундан сўнг Умар тез уйига қайтиб, аёли Умму Кулсум бинти Алига:

– Аллоҳ сенга бир савобли ишни насиб қилиб турибди, қиласанми? – деди.

– Нима иш экан? – деди Умму Кулсум.

– Бир мусофир аёлни тўлғоқ тутиб қолибди, олдида қарайдиган одами йўқ.

– Майли, бор десангиз, бораман.

– Унда туғуруқда керак бўладиган латта-путта ва дори-дармонларни ол. Менга қозон, ёғ ва ун бер.

Умар айтилган нарсаларни олиб, хотинини эргаштириб, чодир олдига етиб келди. Умму Кулсумни чодир ичига киритиб юборди ва ўзи эркакнинг ёнига келиб ўтирди. Сўнг унга тошўчоққа ўт қалашни буюрди. Ўзи ўчоққа қозонни осиб, овқат пиширишга уннади. Бу орада аёлнинг кўзи ёриди. Чодир томондан Умму Кулсумнинг овози эшитилди: “Эй амирул мўъминин, биродарингизга хушхабар беринг, ўғилли бўлди!”

Аъробий “амирул мўъминин” деган хитобни эшитиб қўрқиб кетгандек бўлди ва секин четроққа сурила бошлади.

– Жойингда ўтир, – деди Умар. Сўнг қозонни ўчоқдан олиб, чодир эшиги олдига қўйди. Умму Кулсум аёлни овқатлантирди, сўнг қозонни ташқарига чиқариб қўйди. Умар қозонни келтириб, эркак ёнига қўйди ва: “Ол, е! Сен шўрлик ҳам туни билан мижжа қоқмадинг”, деди. Сўнг аёлига: “Бўлди, кетдик”, деди. Кетар экан, аъробийга: “Эртага ҳузуримизга кел, эҳтиёжингни қондирамиз”, деди. Эртаси ҳузурига келгач, унинг эҳтиёжларини ўтади, боласига нафақа тайин қилди[1].

Қасамки, мен унга одамлар ичида итоат қилиб, ёлғиз қолганимда осий бўлмайман!

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг озод этган қули Аслам ривоят қилади: Бир куни кечаси Умар ибн Хаттоб мени ёнига олиб Мадинани кезиб юрар экан, чарчаб бир деворга суяниб ўтирди. Девор ортидан хотин кишининг овози эшитилди:

– Қизим, тур, сув келтириб шу сутга қўш.

Қизи деди:

 – Онажон, амирул мўъмининнинг амрини эшитмадингизми?

– Қанақа амрини?

– Жарчиси жар солди-ку, сутга сув қўшманглар, деб!

– Эй қизим-а, сен менинг айтганимни қилавер! Умар ё унинг жарчиси сени кўриб ўтирибдими?!

Қиз деди:

– Аллоҳга қасамки, мен унга одамлар кўриб турганида итоат қилиб, ёлғиз қолганимда итоатсизлик қилмайман!

Умар она-боланинг гапларини эшитгач, менга: “Аслам, шу дарвозага белги қўй ва бу жойни яхши эслаб қол!” деди. Сўнг йўлида давом этди. Тонг отгач: “Эй Аслам, кечаги уйга бориб, она-боланинг кимлигини аниқлаб кел”, деди. Бориб суриштирсам, у ерда бир тул хотин ҳали турмушга чиқмаган қизи билан яшар экан. Келиб, Умарга хабар бердим. Умар ўғилларини ҳузурига чорлаб: “Бир яхши қиз бор. Қай бирингизни унга уйлантириб қўяй? Агар отангизнинг аёлларга хоҳиш-истаги бўлганида бу қиз ўзидан ортмас эди”, деди. Абдуллоҳ ва Абдураҳмон хотинлари борлигини, бошқа хотинга эҳтиёжлари йўқлигини айтишди. Осим: “Отажон, менга олиб беринг ўша қизни”, деди. Умар қизга совчи юбориб, уни ўғли Осимга олиб берди. Улардан бир қиз туғилди. Бу қизнинг қизидан Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ дунёга келди[2].

Ибн Абдулҳодий ёзади: “Баъзилар ривоятда шундай келган, дейишади. Аслида, сал бошқача бўлган. Яъни Осим у аёлдан қиз кўрган, шу қиз Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳнинг онаси бўлган”[3].

 

[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 7/140.
[2] Ибн Жавзий, “Маноқиб амир ал-мўъминин”, 89-бет.
[3] “Маҳз ас-савоб”, 1/391.

Изоҳ қолдиринг