Намоз: Витрнинг қазоси

0

Саккизинчидан: Витрнинг қазоси

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бомдод вақти кирган бўлса-да, ҳануз витр ўқимаган бўлса, унинг учун витр йўқдир»[1].

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бундан витрни қасддан тарк қилган киши назарда тутилган ёки бўлмаса бу вақтдан кейин ўқигани адо эмас (яъни ўз вақтида ўқиган бўлмайди), қазо бўлади», деган маъно назарда тутилган».

Менимча, ҳадисда витрни қасддан ўқимаган киши назарда тутилган, деган биринчи эҳтимол тўғрироқдир.

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Ким кечаси намоз ўқиса, охирги ўқиган намози витр бўлсин. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шунга буюрар эдилар»[2]. Ҳадиснинг бошқа бир ривоятида «Бомдод вақти кирса, тунги ва витр намозларининг вақти тугайди»[3] деган қўшимча бор.

Муҳаммад ибн Наср айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган бирон ҳадисда у зот витрнинг қазосини ўқиганларини ёки унинг қазосини ўқишга буюрганларини учратмадик».

«Саҳиҳи Муслим»да Ойша разияллоҳу анҳодан собит бўлишича, «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам хасталик ёки бошқа бирон сабаб билан қиёмул лайл намозини ўқий олмасалар, кундузи ўн икки ракаат (қазосини) ўқир эдилар»[4].

Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу ҳадис витр ўқилмай қолиб кетганда унинг қазосини ўқиш машруъ ва жоиз эканини кўрсатади».

Шундан сўнг Шавконий шу фикрни билдирган саҳоба ва тобеинлар номини келтиради. Шунингдек, улардан кейинги имомлар, жумладан, тўрт мазҳаббоши имомларни зикр қилади.

Қолаверса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким намозга ухлаб қолса ёки намоз эсидан чиқиб қолса, эслаган пайтида ўқисин. Зеро, бундай намознинг вақти шудир»[5], деганлар. Бошқа бир ривоятда бундай дейилади: «Ким ухлаб қолиб ёки эсидан чиқиб витр намозини ўқий олмаса, эсига тушганда ўқисин»[6].

Хулоса қилиб айтганда, валлоҳу аълам, ким витр намозини қасддан тарк этса, кундузи унинг қазосини ўқиши дуруст эмас. Аммо ухлаб қолиб ёки унутиб кечаси витр намозини ўқий олмаган бўлса, у ҳолда уйғонганида ёки эсига тушганда қазосини ўқиб олиши жоиздир.

[1] Ибн Хузайма (1092), Ҳоким (1/301-302), Ибн Ҳиббон (2408) ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ.
[2] Муслим (751), Термизий (469) ривояти.
[3] Саҳиҳ. Аҳмад ривояти, 2/149.
[4] Муслим (746), Абу Довуд (1342), Термизий (445) ривояти.
[5] Муслим (684), Абу Довуд (442), Термизий (178), Насоий (1/294), Ибн Можа (695) ривояти. Бухорий (597) ушбу ҳадисни қуйидаги жумлалар билан ривоят қилган: «Ким намозни унутиб қўйса, эсига тушганда ўқисин. Унутилган намознинг ундан бошқа каффорати йўқ. Зеро, Аллоҳ таоло: «Мени эслаш учун намоз ўқинг» (Тоҳа, 14), дейди».
[6] Абу Довуд (1431), Ҳоким (1/302) ривояти. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган, Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган. Шунингдек, Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (6562) саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг