Чақалоққа оид ҳукмлар (31): Ақиқанинг териси ва ичак-чавоқлари ҳукми ҳақида (1)

0

Йигирманчи бўлим
Ақиқанинг териси ва ичак-чавоқлари ҳукми ҳақида

Халлол деди: «Менга Абдулмалик ал-Маймуний хабар беришича, бир одам ақиқа борасида Абу Абдуллоҳдан: “Тери, калла ва ичак-чавоқлар сотилиб, садақа қилинадими?” деб сўради. У: “Садақа қилинади”, деб жавоб берди»[1].

Абдуллоҳ ибн Аҳмад айтади: «Бизга отам Язиддан, у Ҳишомдан сўзлаб беришича, Ҳасан (Басрий) бундай деган экан: “Ақиқа ва қурбонлик терисини унинг эвазига ишлаш учун бериш макруҳдир”»[2].

Бунинг маъноси шуки, терини қассоб ва ошпазга хизмат ҳақи қилиб бериш макруҳ ҳисобланади.

Дарҳақиқат, аввалроқ Ҳанбал ривоятида Имом Аҳмаднинг: «Унда хоҳлаганингни қил», дегани, Абдуллоҳ ривоятида эса: «Ўзи хоҳлаганидек тақсимлайди», деган сўзлари ўтди.

Абу Абдуллоҳ ибн Ҳамдон «Риоя» китобида айтади: «Ақиқанинг териси, ичак-чавоқлари ва калласини сотиш, кейин унинг пулини садақа қилиш жоиз. Бу ҳақда (Имом Аҳмаддан) очиқ далил келган»[3].

«Сотиш дуруст эмас, ҳаром бўлади», ҳам дейилган[4].

Яна айтилишича: «Қурбонлик ҳукмини ақиқага жорий этиш ҳам, бунинг акси ҳам жоиз. Шунда қурбонлик ва ақиқа тўғрисида имомдан нақл этилган ва унинг фикрига қиёсан чиқарилган иккита ривоят келган бўлади. Ақиқа билан қурбонлик орасини ажратиш машҳурроқ ва аниқроқдир».

Муаллиф «далил келган» деганида биз юқорида айтиб ўтган Маймунийнинг «Масоил»да келтирилган нақлини назарда тутган. Мазкур нақл муаллиф кўзда тутган маънога ҳам, унинг аксига ҳам далолат қилиши, яъни унинг қийматини эмас, балки ўзини садақа қилади деган маънони англатиши ҳам мумкин. Бу ҳақда ўйлаб кўринг. Мабодо у кишидан «сотса бўлади» деган бошқа очиқ нақл келса, унда бошқа гап.

Жаъфар ибн Муҳаммад ривоятида бундай дейилади: «Имом Аҳмаддан қурбонликда сўйилган молнинг териси ҳақида сўралганида бундай деди: “Ибн Умар: «Терини сотади ва садақа қилади», дегани ривоят қилинган. Мол териси қўй терисидан фарқлидир. Қўй терисидан жойнамоз қилиш мумкин. Мол терисидан эса уйда фойдаланиб бўлмайди”. Кейин: “Дарҳақиқат, мол териси фалон пул туради”, деди».

Халлол айтади: «Менга Абдулмалик ибн Абдулҳамид хабар беришича, Абу Абдуллоҳ айтган экан: “Ибн Умар мол терисини сотган ва қийматини садақа қилган. Бу (қўй териси) эса сотилмайди. Чунки туя ва мол терисидан биров фойдаланмайди. Нари борса уйига тўшаб устига ўтиради, холос. Қўй терисидан эса турли мақсадларда фойдаланиш мумкин”»[5].

Асрам айтади: «Абу Абдуллоҳ Ибн Умарнинг мол териси ҳақида: “Сотилади ва садақа қилинади”, деганини зикр қилганини эшитдим. Афтидан, у мол териси қиммат туради деб ўйлар эди».

Абул Ҳорис деди: «Абу Абдуллоҳдан қурбонликда сўйилган мол териси ҳақида сўралганида: “Ибн Умар уни сотгани ва садақа қилгани ривоят қилинган”, деди».

Исҳоқ ибн Мансур айтади: «Абу Абдуллоҳдан: “Қурбонлик терилари нима қилинади?” деб сўрадим. У: “Фойдаланилади ва қиймати садақа қилинади”, деди. Мен сўрадим: “Сотиб, кейин қиймати садақа қилинадими?” У: “Ҳа, Ибн Умарнинг ҳадиси(га мувофиқ)”, деди»[6].

Марвазий айтади: «Қурбонлик териларини сотмаслик ва уларни садақа қилиш[7] Абу Абдуллоҳ (Имом Аҳмад)нинг мазҳабидир. У “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик терилари ва ёпинчиқларини (жулларини) садақа қилишга буюрдилар”[8], ҳадисини далил қилган».

Ҳанбал ривоятида «Қурбонлик териларидан устига ўтириладиган пўстак қилинади, сотилмайди, садақа қилиш бундан мустасноми?» дейилганда Имом Аҳмад: «Йўқ, қурбонлик териларидан фойдаланиш мумкин», дейди. Шунда унга: «Ўзига олиб қолиб фойдаланса бўладими?» дейилганда бундай жавоб беради: «Вожиб, назр ёки шу каби қурбонликларда терини сотиб, қийматини садақа қилади. Қурбонлик нафл бўлса, унинг терисидан уйида хоҳлаганидек фойдаланса бўлаверади».

Жаъфар ибн Муҳаммад ривоятида эса бундай деган: «Қурбонлик териси садақа қилинади ва уйда пўстак қилиб ишлатилади, аммо сотилмайди».

Абул Ҳорис ривоятида: «Садақа қилинади ва уйда пўстак ёки жойнамоз қилиб ишлатилади», дейилган.

Ибн Мансур ривоятида эса: «Терисини садақа қилади ва ундан фойдаланади, бироқ сотмайди», дейилган[9].

Маймуний ривоятида: «Сотмайди, садақа қилади», дейди. Ундан: «Сотиб, қийматини садақа қиладими?» деб сўрашганида, «Йўқ, ўз ҳолича садақа қилади», деган.

Аҳмад ибн Қосим айтади: «Абу Абдуллоҳ қурбонлик териси ҳақида бундай деди: “Тери пулини элак ёки уйда ишлатиладиган бошқа бирор анжомга сарфлаш мустаҳаб. Уни қассобга берилмайди”».

[1] Қаранг: Абу Яъло. «Ат-тамом», 2/234.
[2] Қаранг: «Масоил ал-Имом Аҳмад» (ўғли Абдуллоҳ ривояти), 3/880; «Ал-муғний», 13/382-383.
[3] Ибн Ҳамдон. «Ар-риоят ас-суғро», 1/257
[4] Қаранг: Абу Яъло. «Ат-тамом», 2/233.
[5] Қаранг: Абу Яъло. «Ат-тамом», 2/234.
[6] «Масоил Аҳмад ва Исҳоқ», 8/4048.
[7] Қаранг: Мовардий. «Ал-инсоф», 4/92-93; Ибн Муфлиҳ. «Ал-фуруъ», 3/554.
[8] Бухорий (3/549) ва Муслим (2/954) «Ҳаж китоби»да ривоят қилган.
[9] «Масоил Аҳмад ва Исҳоқ», 8/4048.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг