Хотиним диван устига ипакдан тўқилган чойшаб сотиб олмоқчи. Мен ўша мато тўшалган диванда ухлашим жоизми?
Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ.
Эркак кишига табиий ипакдан тўқилган кийим кийиш жоиз бўлмаганидек, ипак матоси устида ўтириши ёки ухлаши ёки унга ўраниши ҳам жоиз эмас. Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни нафис ёки дағал ипакдан тикилган кийим кийишдан ва унинг устида ўтиришдан қайтардилар”[1].
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳадисдаги “унинг устида ўтиришдан қайтардилар” деган ибора ипак мато устига ўтириш жоиз эмас деган уламолар учун кучли далилдир. Бу сўз кўпчилик уламоларнинг фикридир. Дарҳақиқат, Ибн Ваҳб ўзининг “Жомеъ” китобида келтиришича, Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу бундай дейди: “Ипак мато устига ўтирганимдан кўра чўғ устига ўтирганим яхшироқдир”.
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади:
“Ҳадисда ипак устида ўтиришдан қайтарилмаган тақдирда ҳам уни кийишдан қайтарилгани унинг устида ўтириш ёки унга ўранишдан қайтаришни ҳам ўз ичига олган бўларди. Чунки бирон мато устига ўтириш ёки уни ёпинчиқ сифатида ишлатишга ҳам луғавий, ҳам шаръий жиҳатдан «лубс» (кийиш) луғати қўлланади. Бунга Анас разияллоҳу анҳунинг: “Узоқ ишлатилганидан қорайиб кетган бўйра томон юрдим”[2], деган гапини мисол қилиш мумкин. (Анас разияллоҳу анҳу ўзбек тилига «ишлатилган» деб таржима қилинган сўз ўрнида «лубс» (киймоқ) сўзини ишлатган. Маълумки, бўйра кийилмайди, балки унинг устига ўтирилади.) Қолаверса, ипак матони кийиш унинг устига ўтиришни ҳам ўз ичига оладиган кенг қамровли сўз билан тақиқланмаганда ҳам қиёснинг ўзи унинг устига ўтириш ҳаромлигини тақозо этар эди”[3].
Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Эркак кишига қалин ёки юпқа ипак матосидан тайёрланган кийим кийиш, ипак матоси устига ўтириш ёки унга суяниш, ураниш ва уни парда қилиб ишлатиш, борингки, ҳар қандай услубда ундан фойдаланиш ҳаромдир. Бу бизнинг (яъни шофеий) мазҳабимиз фикридир. Буларнинг биронтасида ихтилоф йўқ. Фақат Рофеий “Эркак киши ипак матоси устига ўтирса жоиздир”, деган мункар бир фикрни нақл қилган. Бу фикр ботил, очиқдан-очиқ янглиш ва саҳиҳ ҳадисга тескари фикрдир. (Эркакларнинг) ипак кийим кийишига келсак, унинг ҳаромлигига ижмо қилинган. Ипакни кийимдан бошқа мақсадларда ишлатишни Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ жоиз деган. Молик, Аҳмад, Муҳаммад (Шайбоний), Довуд (Зоҳирий) ва бошқа уламолар шофеий мазҳабига мувофиқ фикрдалар. Бизнинг далилимиз Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган (юқорида келтирилган) ҳадисдир. Чунки ипак кийим кийиш ҳаром қилинишининг сабаби ундан бошқа мақсадларда фойдаланишда (масалан, унинг устига ўтириш ёки ёпинишда) ҳам мавжуддир. Кийимга эҳтиёж катта бўлишига қарамай ипак кийимлар кийиш ҳаром қилинар экан, ундан бошқа ўринларда фойдаланиш ҳам ҳаром этилиши мақсадга мувофиқроқдир”[4].
“Кувайт фиқҳ қомуси”да бундай дейилади:
“Фуқаҳолар иттифоқ қилишича, аёллар ипак матосидан ишланган тўшак устига ўтиришлари жоиздир. Аммо эркакларнинг бундай мато устига ўтиришларини моликий, шофеий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг кўпчилиги ҳаром дейдилар”[5].
Шайх Солиҳ ал-Фавзондан ипак кўрпа, чойшаб ёки кўрпачаларни ишлатиш ҳукми ҳақида сўралганда шайх бундай жавоб берган: “Эркаклар ипак ёпинчиқ ёки тўшакларни ишлатишлари жоиз эмас. Чунки Аллоҳ таоло уни эркакларга ҳаром қилган”[6].
Шуни эслатиб ўтиз лозимки, эркакларга ҳаром қилинган ипак табиий ипакдир. Сунъий ипак ҳаром эмас.
Демак, мазкур фатволарга кўра, мато табиий ипакдан бўлса, эркак киши унинг устида ўтириши ёки ухлаши жоиз эмас. Валлоҳу аълам.