Қабрлар зиёратида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тутган йўллари

0

БЎЛИМ
Қабристон зиёрати одоблари

262 – Қабрлар зиёратида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тутган йўллари

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар қабрларини уларнинг ҳақларига дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Аллоҳдан уларга раҳмат тилаш учун зиёрат қилар эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига суннат қилиб қолдирган ва шариат қилиб берган зиёрат шудир. У зот умматларига қабристон зиёрати асносида бундай дейишни буюрдилар:

السَّلَامُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الدِّيَارِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ، وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ بِكُمْ َلَاحِقُونَ، نَسْأَلُ اللهَ لَنَا وَلَكُمُ الْعَافِيَةَ

Ўқилиши: “Ассалааму алайкум аҳлад-дийари минал-муъминийна вал-муслимийн, ва иннаа иншааллоҳу бикум лааҳиқун, насъалуллоҳа ланаа ва лакумул-аафия”.

Маъноси: “Мўмин-мусулмон қабристон аҳли, сизларга салом бўлсин. Бизлар ҳам иншооллоҳ сизларнинг ортингиздан борамиз. Аллоҳдан сизу бизга офият сўраймиз”[1].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитга жаноза ўқиш асносида айтган сўзлари ва қилган ишларини қабристон зиёратида ҳам қилар, яъни маййитлар ҳақига дуо қилар, истиғфор айтар ва уларга Аллоҳдан раҳмат сўрар эдилар. Мушриклар эса маййитга дуо қилиш, уни Аллоҳга шерик қилиш, у билан Аллоҳга қасам ичиш, ундан эҳтиёжларини сўраш, ёрдам талаб этиш ва Аллоҳни қўйиб унга юзланишдан бошқасига рози бўлмадилар. Бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тутган йўлнинг тамоман аксидир. У зотнинг йўллари тавҳид ҳамда маййитга яхшилик қилиш йўли бўлса, анавиларнинг йўллари ширк ҳамда ўзларию маййитга зарар бериш йўлидир»[2].

[1] Ҳадис тахрижи 89-масалада ўтди.
[2] «Зод ал-маод», 1/507.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг