Сийрат: Тортишув услублари

0

Тортишув услуби ва мот қилиш усули:

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватлари ҳақ эканини исботлаб, кўплаб очиқ-ойдин далил ва ҳужжатлар келтирганлар. У зот бу ишда қулай вақтни ва одамлар йиғиладиган муносабатларни ғанимат билар эдилар. Ҳар қандай шубҳага чиройли ва кучли раддия берар, кофирлар билан бўлиб ўтган тортишувларда жозибали услубларни қўллар эдилар. Бу борада Қуръони каримдан фойдаланган ҳолда ақлий, мантиқий, фикрий ҳужжатларни келтирар эдилар. Ана шундай услублардан:

  • Таққослаш услуби:

Бу борада одамларнинг эътиборини яхшилик билан ёмонликни бир-бирига солиштиришга жалб этиб, уларнинг оқибатига назар ташлашга чақирдилар. Аллоҳ таоло айтади:

Аввал (қалби) ўлик бўлган, ҳалокатли йўлларда адашиб-улоқиб юрган, сўнг Биз унинг қалбини иймон билан тирилтириб ва ҳидоятлаб, пайғамбарларга эргашишга муваффақ этганимиздан сўнг ҳидоят нурлари ичра яшаб турган инсон жаҳолат, нафс хоҳишлари ва ҳар турли залолатлар ичида юрган, ўзининг шу ҳолидан чиқиб кетишга йўл ҳам, халоскор ҳам топа олмаётган кимса билан бир хил бўладими?! Ана шундай, кофирларга қилаётган амаллари зийнатлаб кўрсатиб қўйилди” (Анъом, 22).

Ибн Касир оят тафсирида бундай дейди: “Аллоҳ таоло ҳалокатли йўлларда адашиб-улоқиб юрган инсоннинг қалбига иймон киритиб, уни расулларга эргаштириб, мўминлардан қилиб қўйганини гўё ўликни тирилтирганга ўхшатди[1].

  • Иқрор қилиш услуби:

Бу услубда ақлий тортишувдан кейин кишини ундан талаб қилинган нарсага иқрор бўлишга чақирилади. Аллоҳ таоло айтади:

Ёки ўша мушриклар бирон яратувчисиз ва пайдо қилувчисиз ўзлари пайдо бўлиб қолганми?! Ёки ўзларини ўзлари яратганми?! Ёки еру осмонларни шундай гўзал кўринишда улар яратганми?! Йўқ, улар Аллоҳнинг азобига ишонмайдилар. Ёки Раббингизнинг хазиналари улар ҳузуридами?! Ёки улар Аллоҳнинг бутун мавжудотлари устидан ҳукм юритувчи қудратли зотларми?! Ёки уларнинг нарвонлари бормики, унда осмонга чиқиб, ваҳийни эшитган бўлсалар?! У ҳолда бир  очиқ ҳужжатни келтирсин! Ёки сизлар ёлғон ва бўҳтон билан даъво қилаётганингиздек, қизлар Аллоҳники-ю, ўғиллар сизникими?! Ёки сиз – эй Пайғамбар, – рисолатни етказганингиз учун мушриклардан хизмат ҳақи сўрамоқдамисиз ва улар сиз сўраётган хизмат ҳақини беришга қийналиб қолишдими?! Ёки уларда ғайб илми борми ва улар уни ёзиб, одамларга хабар беришмоқдами?! Ёки макр-ҳийла қилишни истамоқдаларми? Кофирларнинг макр-ҳийлалари фақат ўзларига қайтади. Ёки уларнинг Аллоҳдан бошқа ибодатга лойиқ илоҳлари борми?! Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсадан пок ва муқаддасдир. Ўша мушриклар осмон парчалари уларга азоб ўлароқ тушаётганини кўрсалар ҳам ўз инкорларидан қайтишмайди ва: «Бу бир тўп булут, холос», деб айтишади. Эй Пайғамбар, ўша мушрикларни то ҳалокатларига йўлиқадиган кунгача – қиёмат кунигача ташлаб қўйинг” (Тур, 35-45).

Ибн Касир мазкур оятлар тафсирида бундай дейди: “Бу оятлар рубубият ва улуҳият тавҳидининг исботидир. Аллоҳ таоло айтади: “Ёки ўша мушриклар бирон яратувчисиз ва пайдо қилувчисиз ўзлари пайдо бўлиб қолганми?! Ёки ўзларини ўзлари яратганми?!” (Тур, 35). Яъни яратувчисиз яралдиларми? Ёки улар ўзларини яратдиларми? Бу иккиси ҳам мумкин эмас. Уларни яратган, йўқдан бор қилган зот ёлғиз Аллоҳ таолодир[2].

Мазкур оят ўта кучли ақлий далилдир. Чунки соғлом  табиатли инсон ўз-ўзидан яралган, деган сўзни тасаввур қила олмайди ва уни инкор этади. Бунда ортиқча баҳс юритишга ҳожат йўқ. Аммо улар ўзларини яратганлар, деган фаразга келсак, бу ҳам ҳеч бир махлуқ даъво қилмайдиган ишдир. Демак, бу икки фараз ҳам инсоннинг соғлом фитрати ила ботил экан. Қуръон айтган гапдан бошқаси ботил экани аниқдир. Бутун оламни яратган зот ёлғиз Аллоҳдир. Бунда Унга ҳеч ким шерик эмас[3]. Демак, соғлом фитрат ақлга зид бўлмайди.

[1] Ибн Касир тафсири, 2/172-бет.
[2] Ибн Касир тафсири, 4/244-бет.
[3] “Фий зилал ал-Қуръан”, 6/3399-бет.

Изоҳ қолдиринг