Иккинчи ҳадис (1)

0

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кунлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурида ўтирар эканмиз, кутилмаганда олдимизга оппоқ либосли, тимқора сочли, барчага нотаниш, айни пайтда мусофир эканига далолат қиладиган бирон асорати бўлмаган бир киши кириб келди. Келиб Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундоққина яқинларига бориб ўтирди-да, икки тиззасини у зотнинг тиззаларига, икки қўлини икки сони устига қўйиб шундай деди: “Эй Муҳаммад, менга ислом тўғрисида маълумот беринг”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ислом – Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ экани ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига гувоҳлик беришинг, намоз ўқишинг, закот беришинг, рамазон (ойи рўзаси)ни тутишинг ва агар йўл харажатига қодир бўлсанг Каъбани ҳаж қилишингдир”, – дедилар. У: “Рост айтдингиз”, – деди. Биз унинг ўзи сўраб, ўзи у зотни (сўзини) тасдиқлаганидан ажабландик. (Нотаниш кимса) деди: “Менга иймон тўғрисида маълумот беринг”. Пайғамбар алайҳиссалом: “(Иймон) – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва тақдирнинг яхши-ёмонига иймон келтиришингдир”, – дедилар. “Рост айтдингиз”, –деди у, – “Менга эҳсон тўғрисида маълумот беринг”.  Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “(Эҳсон) – гуёки Аллоҳни кўриб тургандек, борди-ю Уни кўриб тургандек бўлолмасанг, (лоақал) Унинг сени кўриб туришини эслаб Унга ибодат қилишингдир”. “Менга қиёмат (қойим бўлиш вақти) тўғрисида  маълумот беринг”, – деди у кимса. Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Қиёмат (қойим бўлиш вақти) тўғрисида сўралган киши (бу борада) сўровчидан билувчироқ эмас”. “(Ундай бўлса) менга қиёматнинг аломатлари ҳақида маълумот беринг”, – деди у. Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “(Қиёматнинг аломатларидан бири) – Чўри аёл ўз хожасини туғиши ва ялангоёқ, яланғоч, йўқсил чўпонларнинг баланд иморатлар қуриш билан фахрланишини кўрмоғингдир”. Шундан сўнг (нотаниш кимса) чиқиб кетди. Орадан анча вақт (уч кун) ўтгач Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: “Эй Умар, савол сўраган кимлигини биласизми?”. Мен: “Аллоҳ ва Расули билувчидир”, – дедим. Пайғамбар алайҳиссалом: “Келган Жаброил эди, сизларга динингизни ўргатиш учун келибди”, – дедилар”[1]. Муслим ривояти.

Шарҳ

“бир киши кириб келди”:

Кириб келган киши кўринишда эркак бир инсон бўлсада, бироқ унинг асл моҳияти фаришта (Жаброил) эди.

“оппоқ либосли”:

Кириб келган кишининг эгнида либоси бор эди.

“тимқора сочли”:

Тимқора сочлигидан маълум бўладики, у ёш йигит кўринишида бўлган.

“мусофир эканига далолат қиладиган бирон асорати бўлмаган”:

Номаълум кишининг эгнидаги либоси оппоқ, сочи тимқора бўлиб, унда на чанг ва на сафар бесаранжомлиги бор эди. Шу боис Умар розияллоҳу анҳу: “мусофир эканига далолат қиладиган бирон асорати бўлмаган”, – деди. Негаки, у пайтларда сафардан келган одамда албатта сафар аломати кўринарди. Мусофир одамнинг сочлари тўзғиган, чанг-тўзонга беланган ва кийими ҳам муқим одамникидан бошқача бўлар эди. Бироқ бу номаълум кишида бундай асоратлар йўқ эди.

“барчага нотаниш”:

Келган одам барчага таниш бўлган Мадина аҳолисидан бўлмай, батамом бегона одам эди.

“Келиб Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундоққина яқинларига бориб ўтирди-да”:

Нотаниш кимса Пайғамбар алайҳиссаломга ёпишиб ўтирди. Шу боис  Умар розияллоҳу анҳу “икки тиззасини у зотнинг тиззаларига, икки қўлини”  Пайғамбар алайҳиссаломнинг тиззаларига эмас, балки ўзининг “икки сони устига қўйиб”, – деди. У Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан  қаттиқ эҳтиром қилиб шундай қилди.

 “Эй Муҳаммад”:

Нотаниш кимса “Эй Расулуллоҳ”  демасдан, одамлар уни аъробийлардан деб ўйласин деб шундай хитоб қилди. Сабаби, аъробийлар Пайғамбар алайҳиссаломни атоқли исми билан чақирар эдилар. Шаҳарликлар эса у зотни набий ёки расул сифати билан чақирар эдилар.

“менга ислом тўғрисида маълумот беринг”:

Ислом ўзи нима? Менга у ҳақда маълумот беринг.

“Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ислом – Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ экани ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига гувоҳлик беришинг…”, – дедилар”:

Гувоҳлик бериш тил ва қалб ила иқрор бўлиб эътироф этиш демакдир. Бунда фақат тилнинг ўзи кифоя бўлмай, балки албатта тил ва қалб иштирок этиши зарур. Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Мушриклар Аллоҳни) қўйиб дуо илтижо қилаётган бутлари (қиёмат кунида бирон кишини) шафоат қилишга эга бўла олмас,  магар ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган (яъни,  “Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ” эканига гувоҳлик берган) кишиларгина (Аллоҳнинг изни-иродаси билан шафоат қилишга қодир бўлурлар).” [Зухруф: 86].

“Ла илаҳа иллаллоҳ” дегани “Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ”,  демакдир. Борлиқда Аллоҳдан ўзга илоҳлар бор, бироқ улар ботил илоҳлар бўлиб,  ҳеч қандай илоҳлик ҳаққига эга эмаслар. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи ҳам айнан шуни кўрсатади: “Бунга сабаб, Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётган (олиҳа)лар эса ботилнинг ўзи экани  ҳамда  шак-шубҳасиз,  Аллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир” [Ҳаж: 62].

“ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига гувоҳлик беришинг”:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Менинг Аллоҳнинг расули эканимга…”,  демадилар.  Ҳолбуки, гап йўналиши шундай дейишини тақозо қилар эди. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом бевосита бу  кишига қарата хитоб қиляптилар. Бироқ  ўзларини атоқли исмлари билан аниқ тилга олиши янада таъкидли ва у зотга нисбатан кўпроқ ҳурмат ва улуғлаш нишонасидир. Пайғамбар алайҳиссалом Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Бани Ҳошим уруғи, Қурайш қабиласи, Исмоил алайҳиссалом зурриётидан ҳисобланадилар. Аллоҳ таолонинг Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломдан ҳикоя қилиб айтган қуйидаги сўзларидаги “пайғамбар”дан Муҳаммад алайҳиссалом назарда тутилганлар: “Парвардигоро,  уларнинг орасига ўзларидан бўлган,  уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган,  китоб ва ҳикматни (Қуръон ва ҳадисни) ўргатадиган ва уларни поклайдиган бир пайғамбарни юбор!  Шубҳасиз,  сен қудрат ва ҳикмат соҳибисан” [Бақара: 129].

“Аллоҳнинг Расули”:

Расул дегани Аллоҳ таоло унга бирон бир шариатни ваҳий қилиб, уни одамларга еткизиш ва унга амал қилишга буюрилган кишидир.

 “намоз ўқишинг”:

Яъни намозни тўла-тўкис ва хотиржам ўқимоғинг. Намоз сўзи фарз ва нафл намозларни ўз ичига олади.

“закот беришинг”:

Закот – Аллоҳга ибодат қилиш ниятида маълум мол-мулклардан ҳақдор кишиларга берилиши вожиб бўлган муайян миқдордир. Бу мол-мулклар тилла ва кумуш, чорва моллари, ердан чиққан ҳосил ва тижорат молларидан иборат.

“рамазон (ойи рўзаси)ни тутишинг”:

Рўза Аллоҳга ибодат қилиш ниятида субҳи содиқдан то кун ботгунга қадар бу ибодатни бузадиган нарсалар (емак-ичмак ва жинсий яқинлик)дан тийилишдир.

Рамазон ойи Шаъбон ва Шаввол ойлари ўртасидаги барчага маълум бўлган ҳижрий қамарий ой.

“ва агар йўл харажатига қодир бўлсанг Каъбани ҳаж қилишингдир”:

Ҳаж имкони бор одам Аллоҳ таолога ибодат қилиш ниятида махсус вақтда муайян ибодатларни адо этиш учун Каъбани қасд қилиб боришдир.

“ У: “Рост айтдингиз”, – деди”:

“Рост айтдингиз” деган Жаброил алайҳиссалом ва айни дамда савол сўраган ҳам унинг ўзидир. Қизиқ, ўзи сўраб, яна қандай қилиб “рост айтдингиз”, дейиши мумкин?   Негаки, савол сўраган киши сўзловчига “рост айтдингиз”, дейиши учун савол сўраган кимса жавобни олдиндан билган бўлиши керак. Ажабланарли томони шунда. Шу боис саҳобалар ажабландилар. Бироқ бунинг баёни қуйида келади, иншааллоҳ.

(Давоми бор)

[1] Муслим ривояти, “Иймон китоби”, “Иймон, ислом, эҳсон ва Аллоҳнинг тақдирини исботлашга иймон келтириш вожиблиги тўғрисидаги боб”, 1, 8-ҳадислар.

Изоҳ қолдиринг