Умар Форуқнинг ҳайвонларга бўлган раҳм-шафқати унинг иймонидан, барчага бирдек лиммо-лим меҳр-муруввати ва раҳм-шафқатидан келиб чиққан бўлса ажаб эмас. Қалби Аллоҳ зикри билан юмшоқ эди, Аллоҳнинг махлуқотларига раҳмли эди. Ислом унга ўргатган эдики, ҳар бир тирик жонга яхши муомала қилиш билан инсон ажрга эришади, ҳайвонларга ёмон муносабатда бўлиш, уларга зарар етказиш, тоқати етмайдиган ишларга мажбурлаш шариатда жоиз эмас. Форуқ разияллоҳу анҳунинг машҳур сўзлари борки: “Мен Ироқда қоқилган бир хачирдан ҳам масъулман, унинг йўлини тузатиб қўймаганим учун жавоб бераман”.
Қуйида инсоният тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилган умарий лавҳаларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз:
– Туянгга кучи етмайдиган юкни юклайсанми?!
Мусаййиб ибн Дорим айтади:
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу бир туякашни дарралаганини ва унга, туянгга кучи етмайдиган нарсани юклабсан, деб танбеҳ бераётганини кўрдим[1].
– Унинг ҳам зиммангизда ҳаққи борлигини билмасмидингиз?!
Аҳнаф ибн Қайс айтади:
Бир жамоа Умар ҳузурига катта фатҳ хабарини олиб келдик. У биздан қаерга келиб тушганимизни сўради. Биз фалон жойга тушдик, дедик. Шундан сўнг Умар биз билан бирга қўноғимизга келди. Туяларимиз боғлиқ ҳолда турарди. У бизга танбеҳ бериб: “Бу жониворлар ҳаққида Аллоҳдан қўрқмайсизларми?! Уларнинг ҳам зиммангизда ҳақлари борлигини билмайсизларми?! Уларни ечиб юборсанглар, ўтлаб юришига қўйсанглар бўлмайдими?!” деди[2].
– Закот туяларини даволагани
Умар ибн Хаттоб ҳузурига Ироқдан вакиллар (делегация) келди. Улар орасида Аҳнаф ибн Қайс ҳам бор эди. У айтади: Жазирама ёз иссиғида Умар бир яктакни бошига ўраб олиб, садақа туяларидан бир туяни қатрон билан дорилаётган экан. Менга: “Эй Аҳнаф, кийимингни ечиб бу ёққа кел, амирулмўъмининга бу туяни дорилашда ёрдам бер. Бу садақага келган туя, унда етим-есир ва мискинлар ҳаққи бор”, деди. Қавмдан бир киши: “Аллоҳ сизни мағфират этсин, эй амирулмўъминин, қуллардан бирортасига буюрсангиз, қилиб қўярди-ку шу ишни”, деган эди, Умар унга: “Қайси қул мендан ва Аҳнафдан кўра қулроқ? Ким мусулмонлар ишига бош бўлса, унинг зиммасига уларга нисбатан холис хизмат қилиш ва омонатни адо этиш борасида қулнинг зиммасида ўз хожасига нисбатан вожиб бўлган мажбуриятлар вожиб бўлади”, деди[3].
– Умарнинг хоҳиш-истагини деб бир жониворни қийнабсан
Умар разияллоҳу анҳунинг “янги тутилган балиқ бўлса ер эдим” деганини эшитган қули Ярфаъ туяда икки кунлик йўлга бориб, бир сават балиқ сотиб олиб келтирди. Сўнг терга ботган туяни ювишга тутинди. Буни кўрган Умар: “Умарнинг хоҳиш-истагини бажо келтираман деб бир ҳайвонга азоб берибсан. Аллоҳга қасамки, Умар бу балиқни оғзига ҳам олмайди”, деди[4].
– Сен ҳақингда сўралишдан қўрқаман
Умар разияллоҳу анҳу бир туяда чарчоқ ва касаллик аломатини кўрди. Унга яқинлашиб, орқасини силаб туриб: “Қасамки, мен сен ҳақингда сўралишдан қўрқаман”, деди[5].
Бу айтилганлар Умар разияллоҳу анҳунинг ҳайвонларга нақадар шафқат билан муомала қилганига баъзи мисоллардир. Қанийди, ёшлар ўз тарихини яхши билса ва Исломини ўрганса! Шунда башарият учун фойдали қандай қонун-қоидалар бўлмасин, барчаси Исломда борлигини ва динимиз унга бепарво қараган эмаслигини билиб олар эдилар. Ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари тузгани билан мақтанадиган ғарбликларга маҳлиё бўлиб қолмас, аксинча, бу қоидалар аслида бизнинг динимизда мустаҳкам ўрин олганини ва бу борада мусулмонлар бутун инсониятга ўрнак бўлганини билган бўлар эдилар.
Умар даврида ер қимирлагани
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халифалиги даврида ер қимирлади. Умар хутба қилиб деди: “Эй одамлар, бу зилзила бекорга бўлгани йўқ. У сизларнинг қайсидир гуноҳларингиз учун содир бўлди. Жоним қўлида бўлган зотга қасам, агар яна қайтарилса, мен бу ерда зинҳор сизлар билан яшамайман”[6].
[1] «Маҳз ас-савоб», 2/469.
[2] «Низом ал-мулк фиш-шариати ват-тарих», 2/605.
[3] «Ахбору Умар», 343-бет. Ибн Жавзийдан нақл.
[4] «Ар-риёз ан-назра», 408-бет.
[5] «Табақот», 3/215.
[6] Ибн Қаййим, «Ад-доъ вад-даво», 53-бет.