Сийрат: Рақибнинг гаплари билан асосий мақсаддан чалғиб қолмаслик

0

 Рақибнинг гапларига жавоб бермай, асосий мақсадга далил келтириш билан унинг барча далилларини бекорга чиқариш услуби:

Бу услуб ўта қайсар, ғурурга берилган ва аҳмоқ одамларнинг овозини ўчиришда жуда қўл келади. Тортишув ва низога чек қўйиш учун улар айтаётган ботил далил-ҳужжатларга эътироз билдирилмайди. Балки асосий мақсадни ёритувчи қатъий далиллар келтиришда давом этилади. Бу билан уларнинг барча далиллари бекор бўлади. Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ўртасида бўлиб ўтган воқеада мазкур услубга намуна бор. Мусо алайҳиссалом Фиръавн келтирган шубҳа ва эътирозларга жавоб қилмай, Фиръавнинг илоҳлик даъвосини бекорга чиқариш, Аллоҳ таолонинг рубубияти ва улуҳиятини исбот этиш учун ақлий далилларни кетма-кет келтираверди[1]. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди:

“Фиръавн Мусога деди: “Бутун оламлар Рабби ким?” Мусо деди: “У еру осмонларнинг ва улар орасидаги барча нарсанинг подшоҳи ва бошқарувчисидир, агар бунга ишонсангиз”. Фиръавн атрофидаги аъёнларига деди: “Мусонинг ғаройиб гапини эшитяпсизларми?” Мусо деди: “Мен сизларни унга даъват қилаётган Раббим сизларни ҳам, ўтган ота-боболарингизни ҳам яратган зотдир”. Фиръавн: “Сизларга юборилган бу пайғамбарингиз ақлга сиғмас гапларни гапирадиган ғирт жинни-ку!” деди. Мусо деди: “У машриқу мағрибнинг ва улар оралиғидаги барча нарсанинг Раббидир. Агар ақлу фаросат эгаларидан бўлсангиз, бу ёлғиз Унга иймон келтиришингизни тақозо этади”. Фиръавн Мусога таҳдид қилиб деди: “Қасамки, агар мендан ўзгани илоҳ тутгудек бўлсанг, қамоққа ташлаганларим қаторида сени ҳам қамоққа ташлайман” (Шуаро, 23-29).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мушриклар билан баҳс-мунозаларда айнан Қуръонда келган услублардан фойдаланар эдилар. Чунки мушриклар Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар эканликларини тасдиқ этмаганликларига сабаб у зотни ёлғон гапиради, деган гумонлари бўлмай, балки бунга уларнинг ўжарликлари, кофирликлари сабаб бўлган эди. Демак, уларга мазкур услубни қўллаш мақсадга мувофиқ иш бўлади. Аллоҳ таоло айтади:

Биз қавмингиз зоҳирда сизни ёлғончига чиқаришлари қалбингизга ғамгинлик киритаётганини яхши биламиз. Сиз сабр қилинг ва хотиржам бўлинг! Зеро, улар ичларида сизни ёлғончи деб билишмайди, балки ҳақ эканингизни эътиқод қилишади. Лекин зулму адоватлари сабабли сизнинг рост пайғамбар эканингизни кўрсатувчи очиқ-равшан далилларни инкор қилишади ва сиз келтирган нарсани ёлғонга чиқаришади” (Анъом, 33).

Шунинг учун уларнинг аҳмоқона ўйлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳар хил мўъжизаларни талаб қилишга ундади. Мўъжизалар талаб қилишдан мақсадлари у зотнинг ҳақиқий пайғамбар эканликларини билиш эмас, балки у зотга ўжарлик қилиш эди. Қуйида улар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан талаб қилган мўъжизалардан айримларини келтирамиз:

  • Маккада улар учун оқар булоқлар чиқариб беришларини сўрадилар.

  • Ёки сен учун хурмо ва узумнинг ҳар хил навлари бўлган бир боғ бўлсин ва сен у боғ ичида серсув анҳорларни оқизиб қўй, дедилар. Ёки у зот осмондан булут туширишларини сўрадилар.

  • Ёки Аллоҳни ва малоикаларни олиб кел, дедилар.

  • Ёки у зотнинг тиллодан қурилган уйи бўлишини сўрадилар.

  • Ёки у зот учун махсус нарвон бўлишини ва у билан осмонга кўтарилишларини хоҳладилар.

  • Осмондан уларга бир китоб олиб тушишларини талаб қилдилар. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтади: “Яъни ҳар бир киши учун алоҳида исми ёзилган китоб келтиришларини талаб қилдилар”.

  • Яна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан уларга тоғларни текислаб беришларини, ерни кесишларини, ўлиб кетган ота-боболарини тирилтириб беришларини сўрадилар.

 Ғайриодатий мўъжизаларни талаб қилиш башарият тарихида янгилик эмас. Зотан, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қавмларини иймонга келишларига қанчалик ҳарис бўлиб, бу йўлда жонларини фидо қилишга тайёр бўлсалар-да, лекин Раббиларидан олган раббоний тарбия, пайғамбарлик тарбияси уларнинг талабларига ижобат қилишларига йўл қўймади. Уларга айтган жавоблари қуйидагича бўлди:

“Мен сизларга шу нарса билан юборилганман, Аллоҳ берган топшириқларни етказаман. Дарҳақиқат, сизларга етказдим. Агар қабул қилсангиз, дунё ва охиратда бахтиёр бўласиз. Агар рад қилсангиз, Аллоҳ мен билан сизларнинг ўртангизда бир ҳукм қилгунича сабр қиламан”[2].

Давоми бор.

[1] Али Бодаҳдаҳ, “Муқаввимат ад-даият ан-нажиҳ”, 59,68-бетлар.
[2] Ибн Ҳишом, «Ас-сийрат ан-набавия»,  1/459-бет.

Изоҳ қолдиринг