Намоз: Қунут дуосига доир мулоҳазалар

0

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Витр намозида дуо қилганда қўллар кўтариладими?

Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тўғрироқ фикрга кўра, қунут дуосида қўллар кўтарилади. Чунки шундай қилиш Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан собит бўлган[1].

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «“Қунути нозила”да қўлларни кўтариш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган. У зот етмишта қорини қатл қилган мушрикларни дуойи бад қилар эканлар қўлларини кўтарганлар… Шунингдек, витр намозининг қунутида ҳам қўлларни кўтариш Умар разияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобалардан собит бўлган»[2].

Имом Аҳмаддан «Қунут дуосида қўллар кўтариладими?» деб сўралганда: «Ҳа, менга шу маъқул келади», деган. Абу Довуд айтади: «Аҳмаднинг (қунут дуосида) қўлларини кўтарганини кўрдим»[3].

Яна Албоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Саҳобалар рамазоннинг иккинчи ярмида (қунутда) кофирларни (қуйидаги иборалар билан) дуойи бад қилар эдилар: «Ё Аллоҳ, Сенинг йўлингга (динингга) тўсқинлик қилаётган, пайғамбарларингни ёлғончига чиқараётган, Сенинг ваъдангга ишонмайдиган кофирларга лаънат ёғдир, гапларини бир жойдан чиқмайдиган қилиб қўй, қалбларига қўрқув сол, устларига азобингни тушир, Ё ҳақ Илоҳ!» Сўнг (Умар) қодир бўлганича яхши сўзлар билан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтар, сўнг мўминлар ҳақига истиғфор айтар эди»[4].

  1. Қунут дуосидан кейин қўлларни юзга суриш жоиз эмас. Дуодан кейин қўлларни юзга суриш ҳақидаги ҳадис заифдир[5].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дуо қилувчи қўлларини юзига сурмайди. Чунки қўлларни юзга суриш ибодатдир. Бирон ибодат жоиз бўлиши ва ўша ибодатни қилган инсон Аллоҳнинг ҳузурида ҳужжат қилиши учун саҳиҳ далилга муҳтождир»[6].

Шунингдек, бошқа ҳар қандай вақтда дуодан кейин қўлларни юзга суриш ҳақида ҳам бирон саҳиҳ ҳадис келмаган.

  1. Витрдан бошқа намозларда қунут дуоси ўқиш жоиз эмас. Баъзи мазҳабларнинг бомдодда қунут дуоси ўқиш жоиз деган фикри тўғри эмас ва улар бу фикрни айтишда таянган ҳадис заифдир. Мазкур масалани аллома Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Зод ал-маод» китобида атрофлича муҳокама қилган. Батафсил маълумот учун мазкур китобга мурожаат қилишингиз мумкин.

  2. Мусулмонлар бошига бирон мусибат тушганда барча фарз намозларда қунут («қунути навозил») ўқиш машруъ ва мустаҳабдир. Бу ҳолатда «қунути навозил» ўқиш давлат раҳбари бўлмиш халифага хосми ёки намозда имомга ўтган ҳар қандай киши ёки ёлғиз намоз ўқиган кишилар ҳам бу дуони ўқиши жоизми? Бу борада турли фикрлар мавжуддир. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ихтиёр қилган фикрга кўра, мазкур кишиларнинг барчаси фарз намозларда «қунути навозил» дуосини қилиши жоиздир.

  3. Муқтадийлар қунут асносида «омин» дейиши. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бизга маъқул келган фикрга кўра, имом қунут ўқийди, унга иқтидо қилганлар «омин» дейишади»[7].

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ой кетма-кет пешин, аср, шом, хуфтон ва бомдод намозларида қунут ўқидилар. Охирги ракаатдан «Самеъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», деб бош кўтарсалар, Бани Сулайм қабиласидан бўлган Риъл, Заквон ва Усайя уруғларини дуойи бад қилар, орқаларидаги муқтадийлар «омин», дейишар эди»[8].

Агар дуо Аллоҳдан тилак сўраш ва Унга ҳамд-сано айтишни ўз ичига олган бўлса, тўғрироқ фикрга кўра, тилак сўраганда «омин» дейилади, ҳамд-сано айтганда эмас.

Масалан, имом қунут дуосида: «Иннаҳу лаа язиллу ман ваалайта, ва лаа яиззу ман аадайта»[9], деб айтса, муқтадий жим туради, «омин» демайди. Шунга кўра, имом: «Иннака тақзий билҳаққи ва лаа юқзо алайка»[10], деганда муқтадийлар: «Ашҳаду»[11] ёки «Ҳаққон»[12], дейиши суннатга хилоф ишлардир.

Агар муқтадий имомдан узоқлиги ёки бошқа бирон сабабга кўра унинг дуосини эшитмаса, ўзи дуо қилади[13].

  1. Мусулмонлар бошига бирон оммавий мусибат тушганда ўқиладиган «қунути навозил»даги дуо ўша мусибатга монанд бўлиши лозим. Шунга кўра, баъзи инсонлар тарафидан «қунути навозил»да витр намозида ўқиладиган қунут дуосини ўқиш хатодир.

  2. Намозда «Хатми Қуръон» дуосини ўқиш машруъ ва жоиз эмасдир.

Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Намозда «Хатми Қуръон» дуосини айтиш бирон асосга эга эмас. Намозда бу дуони айтиш машруъ ва жоиз эканини кўрсатадиган бирон далил йўқ экан, уни айтиш дуруст бўлмайди»[14].

Шунингдек, бу дуони намоздан ташқарида айтиш тўғрисида ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон ҳадис собит бўлмаган. Фақат Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан собит бўлишича, у оила аъзоларини жамлаб шу дуони ўқир экан[15].

  1. Агар мусофир сафарда шом билан хуфтон намозларини «жамъи тақдим» қилиб, яъни шом вақтида ўқимоқчи бўлса, гарчи ҳануз хуфтон вақти кирмаган бўлса ҳам, витрни намоздан кейиноқ ўқиб олиши жоиздир.

  2. Қунут дуосидан сўнг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш машруъдир. Чунки айрим салафлар шундай қилишган. Дарҳақиқат, Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу даврида қунут охирида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтар эди[16]. Шунингдек, бу иш Абу Ҳалима Муоз Ансорий разияллоҳу анҳудан ҳам собит бўлган, у ҳам Умар разияллоҳу анҳу халифалиги даврида одамларга имомлик қилар эди[17].

Албоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу иш (яъни қунут охирида салавот айтиш) салафлар амалидан бўлгани учун машруъ (жоиз) қўшимчадир»[18].

Тўққизинчидан: Витрдан кейин намоз ўқиш ва бу намоздаги қироат

Абу Салама ибн Абдураҳмондан ривоят қилинади: «Ойша разияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (тунги) намозлари ҳақида сўрадим. Ойша разияллоҳу анҳо деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн бир ракаат намоз ўқир эдилар. (Дастлаб) саккиз ракаат ўқир, сўнг (уч ракаат) витрни, сўнг ўтирган ҳолларида икки ракаат ўқир эдилар. Агар руку қилмоқчи бўлсалар, ўринларидан туриб руку қилар эдилар. Сўнг бомдод намози вақтига киргач, азон билан иқомат ўртасида икки ракаат (бомдоднинг суннатини) ўқир эдилар»[19].

«Муснади Аҳмад»да Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам витр намозидан кейин ўтирган кўйи икки ракаат ўқир эдилар. Мазкур икки ракаатда «Залзала» ва «Кофирун» сураларини қироат қилар эдилар»[20].

Ушбу ҳадислар витр намозидан кейин ҳам намоз ўқиш жоизлигини кўрсатади. Шунга кўра, «Кечаси ўқийдиган охирги намозингиз витр бўлсин» деган ҳадисдан тунда охирги намознинг витр бўлиши мустаҳаблиги назарда тутилган, валлоҳу аълам.

[1] Байҳақий (2/210) ривоят қилиб, саҳиҳ деган.
[2] «Ирво ал-ғалил», 2/181-бет.
[3] Қаранг: Албоний. «Мухтасару қиём ал-лайл», 38-бет; Абу Довуд. «Масоилу Аҳмад», 66-бет.
[4] Албоний. «Қиём ал-лайл», 22-бет.
[5] Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Булуғ ал-маром» китобида мазкур ҳадисни ҳасан деган. Бироқ тўғрироқ фикрга кўра, бу ҳадис заифдир. Албоний раҳимаҳуллоҳнинг «Ас-саҳиҳа» китобидаги (2/36-бет) мазкур ҳадис ҳақидаги изоҳига қаранг.
[6] «Мажмуъ ал-фатово».
[7] Абу Довуд. «Масоилу Аҳмад», 71-бет.
[8] Абу Довуд ривояти, 1443. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган, Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган. Шунингдек, ҳадисни Албоний ҳасан деган.
[9] Маъноси: «Албатта, Сен дўст тутган банда хор бўлмайди. Сен душман тутган банда азиз бўлмайди».
[10] Маъноси: «Сен ҳукм қиласан, Сенга қарши ҳукм қилинмайди».
[11] Маъноси: «Гувоҳлик бераман».
[12] Маъноси: «Чиндан ҳам».
[13] Қаранг: Нававий. «Ар-равза», 1/254-бет; Абу Довуд. «Масоилу Аҳмад», 67-бет.
[14] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/57-58-бетлар.
[15] Доримий (3473), Табароний («Ал-кабир», 1/242) ривояти.
[16] Ибн Хузайма ривояти, 1097. Қаранг: Албоний. «Сифату солат ан-набий», 160-бет.
[17] Исмоил ал-Қозий ривояти, 107.
[18] Албоний. «Сифату солат ан-набий», 160-бет.
[19] Муслим ривояти, 738.
[20] Аҳмад ривояти, 5/260. Санади ҳасан.

Изоҳ қолдиринг