Умар разияллоҳу анҳу: Форуқнинг илмга муносабати

0

Илм ислом умматини оёққа тургизадиган энг асосий омиллардан биридир. Чунки Аллоҳ таоло қолоқ ва жоҳил умматни ғолиб этмайди. Қуръонни ўқиб, тафаккур қилган киши биладики, Қуръонда илмнинг қадрини юқори баҳолайдиган, илм олишга тарғиб қиладиган оятлар жуда кўп. Зотан, Қуръондан илк нозил бўлган оят ҳам илмга ва ўқишга буюрган оят эди: “Яратган Парвардигоринг исми билан ўқи” (Алақ, 1). Шунингдек, Қуръони карим илмни куфрга, яъни жаҳолат ва залолатга қарши қўяди. Аллоҳ таоло айтади: “Биладиган кишилар билан билмайдиган кимсалар тенг бўладими?! Фақат ақлли кишилар ўртадаги фарқни билади ва эслатма олади” (Зумар, 9).

Аллоҳ таоло пайғамбарига имкон қадар кўпайтиришини буюрган ягона нарса ҳам илмдир. Аллоҳ таоло айтади: “Раббим, илмимни зиёда қилгин, деб айтинг” (Тоҳа, 114).

Саҳобалар илмни ва динда фақиҳ бўлишни ғалаба, илоҳий мадад ва нусрат келиши сабабларидан деб тушунганлар. Шунинг учун уларнинг динда фақиҳ бўлишга, Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатларини ўрганишга иштиёқлари жуда кучли эди. Уларнинг илм талаб қилишлари Аллоҳ учун эди. Улар ҳукмларнинг далилларини билишга интилар, илм билан бирга амал ҳам бўлиши зарур, акс ҳолда Аллоҳ илмнинг баракасини олиб қўяди, деб ишонар эдилар. Саҳобалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганган ушбу дуони тилдан қўймас эдилар: “Эй Аллоҳ, мен Сендан фойдасиз илм, қўрқмайдиган қалб, тўймас нафс ва қабул этилмас дуодан паноҳ сўрайман[1].

Уммат Форуқ разияллоҳу анҳунинг улкан илм соҳиби эканига, асри саодатда умматнинг тенгсиз фақиҳларидан бўлганига гувоҳлик беради. У ўта чуқур фаҳм-фаросати, таҳлил қилиш қобилияти, далиллардан ҳукмлар чиқаришга моҳирлиги билан ажралиб турарди. Аввало Аллоҳнинг тавфиқи, қолаверса, айни шу қобилияти уни шундай юксак мақомга лаёқатли қилган эди. Дарҳақиқат, Умар халифа этиб тайинланганидан сўнг мусулмонларнинг энг фақиҳ олимларидан бўлди, ўзининг Қуръон ва ҳадисга суянган ижтиҳодлари билан адолат пойдеворларини мустаҳкамлади.

Умар разияллоҳу анҳу фақиҳ саҳобаларнинг энг пешқадамларидан эди. Салафи солиҳларимиз унинг илмига, шаръий ҳукмларни ўта чуқур ва дақиқ тушунишига тан беришган.

Форуқ разияллоҳу анҳу ҳадисни қабул қилишда ўта эҳтиёткорлик йўлини тутарди, саҳобалар билан илмий суҳбатлар қиларди, ўзи билмаган ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитмаган масалаларни саҳобалардан сўрарди. Унинг илм ўрганишга тарғиб қилган бир қанча қимматли сўзлари бор. У Мадинани фиқҳ ва тақво диёрига айлантирган, унинг даврида Мадина волийлар ва қозилар етишиб чиқадиган мадрасага айланган эди.

Ҳадисларни қабул қилишда эҳтиёткорлик йўлини тутгани

Бир куни Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳу халифа Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг ҳузурига киришга изн сўраганида Умар бир иш билан машғул бўлгани боис изн берилмади ва Абу Мусо ортига қайтиб кетди. Умар ишидан фориғ бўлганидан сўнг: “Абу Мусонинг овозини эшитгандек бўлдимми? Айтинглар, кирсин”, деди. “Ҳа, у қайтиб кетди”, дейишди. Умар уни чақиртириб, нега кетиб қолганини сўраган эди, Абу Мусо: “Биз шундай қилишга буюрилганмиз” (яъни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шунга буюрганлар), деб жавоб берди. “Бу гапинг ростлигига далил келтирасан”, деди Умар. Шундан сўнг Абу Мусо ансорлар йиғилиб ўтирган бир мажлисга бориб, улардан: “Бирон киши менинг шу гапимни тасдиқлаб, гувоҳлик бера оладими?” деб сўради. Улар: “Бизнинг энг ёши кичигимиз сенинг сўзларинг ростлигига гувоҳлик беради”, дейишди. Сўнг Абу Саид у билан бирга Умар олдида туриб: “Биз шундай қилишга буюрилар эдик”, деди. Умар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу амрларини билмаган эканман. Бозорларда юриш, яъни тижорат билан машғул бўлиш мени бундан маҳрум қилган экан”, деди[2].

Абу Саид Худрий ривоятида бундай дейилади: Мен ансорларнинг бир йиғилишида ўтирган эдим, Абу Мусо кириб келди, кўринишидан асабийлашгани билиниб турарди. У деди: “Умар ҳузурига киришга изн сўраган эдим, изн берилмади. Сўнг қайтиб кетдим. Кейин Умар чақиртириб, нега кетиб қолганимни сўради. Мен: “Уч марта изн сўрадим, изн берилмагач қайтиб кетдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз уч марта изн сўраса ва изн берилмаса, қайтиб кетсин” деганлар”, дедим. Шунда Умар: “Қасамки, бу сўзларинг ростлигига далил олиб келасан”, деди. Ичларингизда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган бирон киши борми?”. Убай ибн Каъб унга: “Аллоҳга қасамки, қавмнинг энг кичиги ёнингда туриб, сенинг бу сўзларинг ростлигига гувоҳлик беради”, деди. Қавмнинг энг ёши кичиги эса мен эдим. Мен Умар олдида туриб, ҳақиқатдан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар, деб Абу Мусонинг сўзлари ростлигига гувоҳлик бердим[3].

[1] Имом Муслим ривояти, 2722.
[2] Аввалги манба, 2153.
[3] Аввалги манба.

Изоҳ қолдиринг