Чақалоққа оид ҳукмлар (32): Ақиқанинг териси ва ичак-чавоқлари ҳукми ҳақида (2)

0

Абу Толиб деди: «Абу Абдуллоҳдан қурбонлик терилари ҳақида сўрадим. У деди: “Шаъбий ва Иброҳим: «Йўқ, у билан ғалвир ёки элак сотиб олинади», дер эдилар. Айтадилар: «Тери билан ғалвир ёки элак сотиб олинади, уни сотмайди, балки у билан сотиб олади»”. Мен: “Уни алмашадими?” деб сўрадим. У: “Ҳа”, деди. Мен: “Сизга шундай қилиш ёқадими?” деб сўрадим. У деди: “Уни Аллоҳ учун сарфлайди, сотмайди. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Али разияллоҳу анҳуни ичак-чавоқ ва териларни садақа қилишга буюрганлар”. Мен: “Уни сўювчига берса бўладими?” дедим. У: “Йўқ”, деди. “Уни сотиб, пулини садақа қилсам бўладими?” деб сўрадим. У деди: “Ибн Умар терини қассобларга берар ва улар уни ўзлари учун сотишар эди”. Мен: “Уни уч дирҳамга сотиб, пулини учта мискинга бўлиб берсам бўладими?” дедим. У: “Мискинларни йиғиб, терини уларга бер”, деди».

Яна деди: «Масруқ ва Алқама терини уйларида жойнамоз ё шу каби нарсага ишлатар эдилар. Уйда теридан қилиш мумкин бўлган энг арзимас нарса шудир».

Ҳарб[1] айтади: «Аҳмадга дедим: “Бир киши қурбонлик терисини олиб, уни пулга чақди ва қийматини садақа қилди, терини эса ўзида олиб қолди”. У: “Қурбонлик терисини сотса бўлаверади”, деди».

Кейин Халлол айтади: «(Имом Аҳмад) мол терисини сотиб, қийматини садақа қилишни мустаҳаб санагани ҳақидаги боб.

Менга Мансур ибн Валид хабар беришича, Жаъфар ибн Муҳаммад уларга бундай деган экан: “Абу Абдуллоҳдан мол териси ҳақида сўралди. У деди: «Ибн Умар: “Сотади ва садақа қилади”, дегани ривоят қилинган. Мол териси қўй терисидан фарқ қилади. Қўй терисини жойнамоз қилиб олиш мумкин, мол терисидан эса уйда фойдаланиб бўлмайди». Кейин: «Мол териси фалон пул туради», деди”».

Абул Ҳорис айтади: «Абу Абдуллоҳдан мол қурбонлик қилинганида унинг териси нима қилиниши ҳақида сўралганида “Ибн Умар: «Сотади ва садақа қилади», дегани ривоят қилинган”, деб жавоб берди».

Муҳанно деди: «Аҳмаддан сўрадим: “Бир киши сигир сотиб олди ва уни қурбонлик қилди. Кейин унинг терисини йигирма дирҳам ёки ундан кўпроққа сотиб, пулига қурбонлик қилиш учун яна жонлиқ сотиб олди. Шунга нима дейсиз?” У: “Ибн Умар шундай қилгани ривоят қилинган”, деди».

Исҳоқ ибн Мансур айтади: «Абу Абдуллоҳдан: “Қурбонлик терилари нима қилинади?” деб сўрадим. У: “Фойдаланилади ва садақа қилинади, сотилади ва қиймати садақа қилинади», деди. Шунда мен: “Сотилади ва қиймати садақа қилинадими?!” дедим. Имом Аҳмад: “Ҳа, Ибн Умар ҳадиси(да келгани каби)”, деди»[2].

Кўриб турганингиздек, ақиқа ва қурбонлик терилари ҳамда уларга оид вожибу мустаҳаб амаллар ҳақида Имом Аҳмаддан келган матнлар шулардан иборат[3]. Валлоҳу аълам.

[1] Ҳарб ибн Исмоил ал-Кирмоний, ҳижрий 280 йилда вафот этган. У Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг шогирдларидан ва ундан масалаларни ривоят қилган кишилардандир.
[2] «Масоил Аҳмад ва Исҳоқ», 8/4048.
[3] Қаранг: Ибн Қудома. «Ал-муғний», 13/396; Мардовий. «Ал-инсоф», 4/113-114; Рофеий. «Фатҳ ал-азиз», 12/112-116; Мовардий. «Ал-ҳовий ал-кабир», 15/129.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг