Шариатга мувофиқ ёки бидъат қабр зиёрати

0

263 – Шариатга мувофиқ ёки бидъат қабр зиёрати

«Қабрларни зиёрат қилиш икки хил бўлади: шариатга мувофиқ ва шариатга зид, бидъат зиёрат.

Шариатга мувофиқ зиёрат маййитга жаноза ўқишга ўхшайди. Яъни маййитга жаноза ўқишдан мақсад унинг ҳақига дуо қилиш бўлганидек, қабр зиёратида ҳам маййит ҳақига дуо қилинади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Бақеъ аҳлини, Уҳуд шаҳидларини зиёрат қилар, асҳобларига қабрларни зиёрат қилиш асносида бундай дейишни ўргатар эдилар:

السلام عليكم أهل الديار من المؤمنين والمسلمين وإنا إن شاء الله بكم لاحقون ويرحم الله المستقدمين منا ومنكم والمستأخرين نسأل الله لنا ولكم العافية اللهم لا تحرمنا أجرهم ولا تفتنا بعدهم واغفر لنا ولهم

Ўқилиши: “Ассалааму алайкум аҳлад дийаари минал муъминийна вал-муслимийн, ва иннаа иншааллоҳу бикум лааҳиқуун. Ва ярҳамуллоҳул мустақдимийна миннаа ва минкум вал-мустаъхирийн, насъалуллоҳа ланаа ва лакумул аафия. Аллоҳумма лаа таҳримнаа ажроҳум ва лаа тафтиннаа баъдаҳум, вағфир ланаа ва лаҳум”.

Маъноси: “Мўмин-мусулмон қабристон аҳли, сизларга салом бўлсин. Бизлар ҳам иншооллоҳ сизларнинг ортингиздан борамиз. Аллоҳ дунёдан ўтганларимизни ҳам, қолган тирикларимизни ҳам раҳм айласин. Аллоҳдан сизу бизга офият сўраймиз. Эй Аллоҳ, уларнинг савобларидан бизларни маҳрум айлама ва улардан сўнг бизларни адаштирма. Бизни ҳам, уларни ҳам мағфират эт”[1].

Шунингдек, пайғамбарлар ва бошқалардан иборат мўминлар ҳақига дуони ўз ичига олган барча нарсани, жумладан, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишни ҳам ўргатар эдилар. Саҳиҳ ҳадисда бундай дейилади: “Агар муаззиннинг азонини эшитсангиз, унинг айтганини айтингиз. Сўнг менга салавот йўллангиз. Зеро, ким менга битта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади (яъни фаришталар ичида унга мақтов айтади ёхуд унга раҳматини ёғдиради). Сўнг менга Аллоҳдан васила сўранглар. Васила жаннатдаги мартаба бўлиб, Аллоҳнинг бандалари ичидан бир бандагагина насиб этади ва ўша банда мен бўлишимни умид қиламан. Кимда ким мен учун васила сўраса, унга шафоатим ҳалол бўлади[2].

Яна бундай деганлар: “Қай бир мусулмон менга салом йўлласа, унинг саломига алик олишим учун Аллоҳ руҳимни ўзимга қайтаради[3].

Бидъат қабр зиёратига келсак, у ширк аҳлининг зиёратидир. Масалан, насронийлар зиёрати каби. Улар маййитга дуо қилиш, ундан ёрдам талаб этиш ва ҳожатларини сўраш учун қабрни зиёрат қилишади. Қабр олдида ибодат қилишади, маййитдан дуо қилиб сўрашади. Бу каби ишларни саҳобалардан ҳеч бири қилмаган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам буюрмаганлар, уммат салафлари ва имомларидан бирортаси уни мустаҳаб деб билмаган. Аксинча, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ширк эшигини беркитганлар. Саҳиҳ ҳадисда келишича, у зот вафот этган касалликларида: “Аллоҳ яҳудий ва насронийларни лаънатласин. Улар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олдилар”, дедилар, уларнинг бу қилмишларидан огоҳлантирдилар. Ойша разияллоҳу анҳо айтади: “Агар шу иш бўлмаганида у зотнинг қабрлари очиб, кўрсатиб қўйилган бўлар эди. Бироқ у масжид қилиб олинишидан қўрқилди[4]. Вафотларидан беш кун олдин бундай деган эдилар: “Огоҳ бўлинглар, сизлардан илгари ўтган қавмлар ўз пайғамбарлари ва солиҳ кишиларининг қабрларини масжид қилиб олдилар. Сизлар қабрларни масжид қилиб олманглар. Мен бундан сизларни қайтараман[5].

Демак, биринчи зиёрат Аллоҳга ибодат қилиш ва одамларга яхшилик қилиш зиёрати, қолаверса,  Аллоҳ буюрган закотнинг бир кўринишидир.

Иккинчи зиёрат эса Аллоҳга ширк келтириш, Аллоҳ ва бандалар ҳақига тажовуз қилиш зиёратидир. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Аллоҳ таоло: “Иймон келтирган ва иймонларига зулмни аралаштирмаган кишилар…” (Анъом, 82) оятини нозил қилганида бу оят Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини қийин аҳволга солиб қўйди. Улар: “Ё Расулуллоҳ, ахир қай биримиз ўзига зулм қилмаган?” дейишди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Зулмдан мурод ширкдир. Ахир солиҳ банданинг: «Албатта ширк энг катта зулмдир» (Луқмон, 13) деган сўзини эшитмаганмисизлар?” дедилар[6].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳ, қабримни сиғиниладиган бут қилиб қўймагин!» деб дуо қилар эдилар[7].

Аллоҳ таоло айтади: «(Мушриклар шерикларига) дедилар: “Худоларингиздан воз кечманглар. Вад, Сувоъ, Яғус, Яуқ ва Насрни тарк қилманглар”» (Нуҳ, 23). Бир жамоа салафлар бундай дейдилар: “Оятда айтилганлар Нуҳ қавмининг солиҳ кишилари эдилар. Улар ўлгач, одамлар уларнинг қабрларига ружу қўйдилар ва ҳайкалларини ясадилар”[8].

Бутларга ибодат қилиш мана шу тариқа бошланган эди. Бу насронийлар динининг турларидандир»[9].

[1] Ҳадис тахрижи 89-масалада берилди.
[2] Муслим ривояти, 384-ҳадис.
[3] Имом Аҳмад (10815) ва Абу Довуд (2041) ривояти. Ибн Ҳажар «Фатҳ ал-Борий»да (6/488): «Ровийлари «сиқа» (ишончли)», деган. Шайх Муҳаммад ал-Амин Шинқитий раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1393 ҳ.) «Риҳлат ал-ҳаж ила байтиллаҳ ал-ҳаром» китобида (322-бет, «Дор олам ал-фавоид» нашри, биринчи нашр, 1426 ҳ.й.) ҳадис санадини саҳиҳ деган.
[4] Ҳадис тахрижи 181-масалада ўтди.
[5] Ҳадис тахрижи 99-масалада берилди.
[6] Ҳадис тахрижи 259-масалада ўтди.
[7] Ҳадис тахрижи 99-масалада берилди.
[8] Бухорий «Саҳиҳ»да (4920-ҳадис, «Вад, Сувоъ, Яғус ва Яуқ боби») Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Нуҳ қавмида бўлган бутлар кейинчалик арабларда давом этди. Вад Давматул Жандалдаги Калб қабиласининг бути эди. Сувоъ эса Ҳузайл қабиласининг бути эди. Яғус Мурод қабиласининг бути эди, кейинроқ Сабаъдаги Бани Ғутайф қабиласининг бутига айланди. Яуқ Ҳамдон қабиласининг бути эди. Наср Ҳимяр қабиласининг бути эди. Булар аслида Нуҳ қавмидаги солиҳ кишиларнинг исмлари эди. Улар дунёдан ўтиб кетишгач, шайтон уларнинг қавмларига ўзлари ўтирадиган мажлисларига ўша зотларнинг ҳайкалларини ўрнатиб, уларнинг исмлари билан номлашни ўргатди. Аввалда уларга ибодат қилинмади. Бу авлод ўтиб кетиб, илм унутилгач, кейингилар даврида уларга сиғиниладиган бўлди».
[9] Шайхулислом Ибн Таймия. «Мажмуъ ал-фатово», 24/326-328 бетлар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг