Муҳим савол-жавоблар: 121-126 – саволлар

0

121-савол: Каъбага, шарафга, зиммага қасам ичишнинг ҳукми нима?

Жавоб: Бу сўзлар билан қасам ичиш жоиз эмас, ҳатто ширк кўринишларидан ҳисобланади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичса, куфр ёки ширк келтирибди” (Термизий ривояти. Ҳоким саҳиҳ деган).

“Менинг зиммамга бўлсин”, деган сўзга келсак, бу қасамни ифодаламайди, менинг зиммамда, менинг жавобгарлигимда деган маънони билдиргани учун буни айтиш жоиз. Лекин бундан қасам ичишни мақсад қилган бўлса, жоиз эмас.

122-савол: Бошга мусибат келганда ғазабланишнинг ҳукми нима?

Жавоб: Мусибат ҳолатида одамлар тўртта даражага ажраладилар:

Биринчи даража: ғазабланиш. Бу ҳам ўз навбатида бир неча турли бўлади:

  1. Қалб билан ёмон кўриб, Раббига ғазабланади ва Аллоҳ унга тақдир қилган нарсага норози бўлади.

  2. Тил билан ғазабини намоён қилиб, азоб ва ҳалокат тилаб дуойи бад қилади, дод-фарёд солади.

  3. Аъзолар билан ғазабини намоён қилиб, ўзини юзига уриб, сочини юлиб, ёқасини йиртади. Юқоридаги ишларнинг барча ҳаромдир.

Иккинчи даража: сабр қилиш. Сабр қилиш вожиб ишдир.

Учинчи даража: рози бўлиш. Мусибатга рози бўлиш, мусибат келса ҳам, келмаса ҳам, бир хил туриш. Бу мустаҳаб ишдир.

Тўртинчи даража: шукр қилиш. Бу энг юксак даражадир. Бунда мусибат гуноҳларга каффорат бўлишини билган ҳолда мусибат келганда Аллоҳга шукр қилади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто тикан кирса ҳам, албатта Аллоҳ булар туфайли унинг гуноҳларини ўчиради” (Муттафақун алайҳи).

123-савол: Аллоҳ нозил қилмаган нарса билан ҳукм қилган кишининг ҳукми нима?

Жавоб:

  • Аллоҳ нозил қилган шариатни менсимай, писанд қилмай ёки ундан бошқа ҳукмлар ундан тўғрироқ ва одамларга фойдалироқ деган эътиқодда у билан ҳукм қилмаган киши Исломдан чиқарадиган катта куфрни қилгани туфайли кофир бўлади.

  • Аллоҳ нозил қилган шариатни менсимай, писанд қилмай ёки ундан бошқа ҳукмлар ундан тўғрироқ ва одамларга фойдалироқ деган эътиқодда эмас, балки унинг ҳақлигини билган ҳолда нафсига эргашиб, шошқалоқлик билан атрофлича ўйлаб кўрмай, маҳкумга босим ўтказиш ёки ундан қасос олиш мақсадида у билан ҳукм қилмаган киши Аллоҳ ва Расулига осий бўлган ҳисобланади. У диндан чиқарадиган катта куфрни қилмаган бўлса ҳам, катта мункар ишни, кабира гуноҳни ва кичик куфр амални қилган бўлади.

124-савол: Динда васатийликдан мақсад нима?

Жавоб: Диндаги васатийлик, яъни мўътадиллик, динда ғулув кетмаслик, Аллоҳ таоло шариат қилган ҳукмларда ҳаддан ошмаслик, уларни камайтирмаслик ва фақат Аллоҳ таоло вожиб қилган нарсага чекланишдир.

125-савол: Фитналардан мақсад нима? Муслиманинг фитналар қаршисида ўрни қандай бўлиши керак?

Жавоб: Фитналар деганда бало-мусибатлар ва имтиҳон назарда тутилади. Фитналар икки хил бўлади:

  • Шубҳалар фитнаси. Ақида, ибодат, ҳалол ва ҳаром каби дин ишларида шубҳа қилиш;

  • Хоҳиш-истаклар фитнаси. Мол-дунё, фарзанд, зино, ўғирлик, ҳаромга қараш каби фитналар.

Мусулмон кишининг фитналарга муносабати: Аллоҳ таолодан уларнинг шарридан паноҳ сўраш, ўзи ва биродарларидан уларни узоқ қилишга ҳаракат қилиш, тоатларни кўпайтириш, солиҳ инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлиш, фитналарга чорловчиларнинг шубҳаларига эътибор бермаслик.

126-савол: Муртадлик нима? Унинг қандай турлари бор? Унинг ҳукми нима?

Жавоб: Муртадлик деганда мусулмон бўлгандан кейин кофир бўлишга айтилади. У Исломни бузадиган нарсалардан бирини қилиш билан юзага келади.

Муртадликнинг тўртта тури бор. Улар:

  1. Сўз билан муртад бўлиш. Аллоҳни, Расулини ёки фаришталарни сўкиш, ҳақорат қилиш, ғайбни билиш ёки пайғамбарликни даъво қилиш, Аллоҳдан бошқага дуо қилиш ёки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган диндан бирон нарсани масхара қилиш каби.

  2. Амал билан муртад бўлиш. Бут-санамлар ва дарахтларга сажда қилиш, уларга атаб қурбонлик сўйиш, сеҳр қилиш каби.

  3. Эътиқод билан муртад бўлиш. Аллоҳнинг шериги бор деб эътиқод қилиш, зино, ароқ, рибони қилмаса ҳам уларни ҳалол деб эътиқод қилиш, бошқаларнинг йўлларини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан комил деб эътиқод қилиш каби.

  4. Юқорида айтиб ўтилган нарсалардан бирида шак қилиш билан муртад бўлиш. Ширкнинг ҳаромлигида шубҳа қилиш, Ислом динида шубҳа қилиш, Исломнинг барча даврларга тўғри келишида шубҳа қилиш, мушрикларнинг куфрида шубҳа қилиш каби.

Муртадликнинг ҳукми: муртад бўлган киши тавба қилишга чақирилади, тавба қилса ва Исломга қайтса, унинг тавбаси қабул қилинади ва ўз ҳолига қўйилади. Тавба қилмаса, ўлдирилади. Агар инсон муртад ҳолида ўлса ёки ўлдирилса, ўлиги ювилмайди, унга жаноза ўқилмайди, мусулмонларнинг қабристонига кўмилмайди.

Изоҳ қолдиринг