Савол:
Ҳадиси шарифда: “Кимда-ким ғазабини чиқарган кимсадан ўч олишга қодир бўлатуриб ғазабини ичига ютса, Аллоҳ таоло уни қиёмат куни бутун халойиқ олдида чақиради ва ҳурлардан хоҳлаганини танлашга имконият беради”, дейилади. Саволим бундай:
Ҳури ийнлардан иборат бу савоб эркакларга берилар экан. Ғазабини ичига ютган аёлларга қандай марҳамат кўрсатилади?
Ҳадисда «ҳурлардан хоҳлаганини» дейилмоқда. Бунинг муайян чеки борми? Қанчагача ҳури ийнларга эга бўлиш мумкин?
Ғазабни ичга ютишдан мақсад бутун умр ана шундай ҳолда яшаб ўтишми? Бу маҳол иш. Яъни инсон умр бўйи ғазаб қилмай юриши қийин. Ёки ундан мақсад киши бир марта бўлса ҳам аччиғини ичига ютса бўлдими? Шу билан айтилган ажр-савобга эга бўладими?
Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ.
Биринчидан:
Суҳайл ибн Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимда-ким ғазабини чиқарган кимсадан ўч олишга қодир бўлатуриб аччиғини ичига ютса, Аллоҳ таоло уни қиёмат куни бутун халойиқ олдида чақиради ва ҳурлардан хоҳлаганини танлашга имконият беради”[1].
Мазкур ҳадисда шунчаки ғазабни ютишнинг ўзига ажр ваъда қилинди, бунинг учун ғазабни доимий ичга ютиб юриш шарт қилинмади. Ҳадис зоҳирига кўра, бир марта ғазабини ичига ютган киши ҳам ваъда қилинган ажрдан баҳраманд бўлади.
Ибн Аллон раҳимаҳуллоҳ айтади:
“Ғазаб инсон қизишган пайтдаги ўзгаришдан иборатдир. Ҳадисда «ғазаб» сўзининг ноаниқ от шаклида қўлланиши оз бўлса-да ғазабини ичига ютган, ҳолбуки, ғазабини чиқарган кимсадан ўч олишга қодир бўлган кишига мазкур ажр-мукофот берилишини ифода этади”[2].
Лекин мазкур мукофот ваъда қилинган ғазабни ичга ютиш аччиғини чиқарган кишига зарар етказа олишга қодир бўлатуриб ўзини босган, ҳавои нафсига берилмаган кишига тааллуқлидир.
Ибн Руслан раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис шарҳида айтади:
«Аллоҳ таоло уни қиёмат куни бутун халойиқ олдида чақиради»: яъни Аллоҳ тарафидан нидо қилувчи уни бутун халойиқ олдида жаннатга киришга чақиради. «ва ҳурлардан хоҳлаганини танлашга имконият беради»: яъни жаннатга киргач унга ҳурлар рўпара қилинганда улардан хоҳлаганини танлайди”[3].
Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Муоз ибн Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким ғазабини чиқарган кимсадан ўч олишга қодир бўлатуриб ғазабини ичига ютса, Аллоҳ таоло уни қиёмат куни бутун халойиқ олдида чақиради”.
Ғазабланган одам ғазабини чиқарган кишидан ўч олишга ўзини қодир деб билади. Чунки бунга қодир бўлмаган одам одатда ғазабланмайди, балки хафа бўлади. Шунинг учун Аллоҳ ғазаб сифати билан сифатланади, хафалик сифати билан сифатланмайди. Чунки хафалик ноқисликдир. Ғазаб эса ўз ўрнида камолатдир. Агар инсон бир инсондан ғазабланса ва ундан ўч олишга қодир бўлса, бироқ Аллоҳнинг розилигини истаб ўч олишни тарк этса, аччиғини чиқарган ишга сабр қилса, унга ҳадисда ваъда қилинган ажр-савоб насиб қилади. Қиёмат куни у бутун халойиқлар олдида чақирилиб, ҳурлардан танлаш имконияти берилади”[4].
Иккинчидан:
Солиҳ амалларга бериладиган ажрлар борасидаги умумий қоида шундай: эркакларга қандай ажр берилса, аёлларга ҳам худди шундай ажр берилади.
Ойша разияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аёллар (хулқ, табиат ва шаръий ҳукмларда) эркакларнинг тенгдошларидирлар”[5].
Аллоҳ таоло айтади:
وَمَنْ يَعْمَلْ مِنَ الصَّالِحَاتِ مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَأُولَئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ نَقِيرًا
“Кимда-ким – хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин – Аллоҳ таолога ва У нозил қилган ҳаққа иймон келтирган ҳолда солиҳ амаллар қилган бўлса, Аллоҳ таоло уларни абадий неъматлар ҳовлиси бўлмиш жаннатга киритади. Уларга амалларининг савобларидан бир нақир (хурмо данагида бўладиган нуқтадек чуқурча) миқдорича ҳам камайтирилмайди” (Нисо, 124).
Аллоҳ таоло айтади:
مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
“Эркакми, аёлми, ким бўлса ҳам Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган ҳолда яхши амал қилса, гарчи камбағал бўлиб яшаса ҳам, Биз албатта унга бу дунёда саодатли ва осуда ҳаёт ато этамиз ва охиратда уларни бу дунёда қилган энг гўзал амалларига бериладиган савоблар билан мукофотлаймиз” (Наҳл, 97).
Аллоҳ таоло айтади:
فَاسْتَجَابَ لَهُمْ رَبُّهُمْ أَنِّي لَا أُضِيعُ عَمَلَ عَامِلٍ مِنْكُمْ مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى
“Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини ижобат қилиб деди: У яхши амал қилган ҳар қандай кишининг – хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин – қилган ишларини асло зое қилмайди” (Оли Имрон, 195).
Аллоҳ айтади:
وَمَنْ يَعْمَلْ مِنَ الصَّالِحَاتِ وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَا يَخَافُ ظُلْمًا وَلَا هَضْمًا
“Ким Раббига иймон келтирган ҳолда солиҳ амаллар қилган бўлса, у гуноҳларига гуноҳ қўшиб қўйилиш билан зулмланишдан ҳам, савоблари тўла берилмасдан камайтириб қўйилишидан ҳам асло қўрқмайди” (Тоҳа, 112).
Ушбу умумий қоидадан эркакларга хос бўлган ажр-савобларгина мустаснодир. Маълумки, ҳурлар жаннатдаги эркакларга хос мукофотлардандир. Лекин аёл киши ҳам бу амалнинг мукофотига эришади. Яъни унга ҳам жаннат ваъда қилинган. Чунки Аллоҳ таоло бандага ҳурлардан танлаш имкониятини берса, бу дегани унга жаннатга кириш имкониятини берди, деганидир.
Мулла Али қори раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Танлашга рухсат беради»: яъни қайси ҳурни танлаш, улардан истаганини олиш ихтиёрига эга бўлади. Бу ибора банданинг жаннатга кириши ва олий мартабаларга эришишидан киноядир»[6].
Аёл киши ҳам сабр қилувчиларга ваъда қилинган ажр-мукофотларга эришади.
Аллоҳ таоло айтади:
إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ
“Сабр қилувчиларга охиратда савоблари чексиз, ҳисобсиз ва саноқсиз берилгай” (Зумар, 10).
Ғазабини ичига ютган, ҳолбуки ўч олишга қодир бўлган аёлга ҳам жаннатга кириш ваъдаси берилган. Аллоҳ таоло унга Ўзи хоҳлаганича ажр-савоблар беради.
Учинчидан:
Ҳадисдаги “ҳурлардан хоҳлаганини танлашга имконият беради” деган сўз айнан ана шундай мўмин кишига ихтиёр берилади ва у ҳурлардан хоҳлаганини танлайди, деганидир. Ҳадис улардан хоҳлаганча саноқни танлайди, деган маънога далолат қилмайди. Бу ихтиёрга оид тафсилотлар ғайб илмидан бўлиб, уни фақат ваҳий орқали билиш мумкин. Модомики биз бу ихтиёр ҳақида батафсил маълумотга эга эмас эканмиз, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари тўғрисида шубҳа уйғотадиган муайян тафсилотлар ҳақида баҳс юритиш мусулмон кишига лойиқ эмас.
Аллоҳ таоло айтади:
وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا
“Эй инсон, ўзинг билмаган нарса ортидан эргашма, балки аниқла ва ишонч ҳосил қил! Албатта, инсон қулоқ, кўз ва қалбини нималарда ишлатгани ҳақида сўроққа тутилади” (Исро, 36).
[1] Ҳадисни имом Аҳмад (“Муснад”, 24/398), Абу Довуд (4777), Термизий (2021) ривоят қилишган. Ушбу ҳадис ҳақида Термизий: “Бу ҳасан ғариб ҳадис”, деган бўлса, Шайх Албоний “Саҳиҳ ат-тарғиб ват-тарҳиб” китобида (2/48) ва «Муснади Аҳмад»ни таҳқиқ қилганлар “ҳасан”, дейишган.
[2] “Далил ал-фолиҳийн”, 1/197-бет.
[3] “Сунани Абу Довуд” шарҳи, 18/425-бет.
[4] “Риёз ал-солиҳийн” шарҳи, 1/274-бет.
[5] Абу Довуд (236), Термизий (113) ривояти. Албоний “Ас-силсилат ас-саҳиҳа”да (6/86) саҳиҳ деган.
[6] “Мирқот ал-мафотиҳ”, 8/816-бет.