Арабча «кусуф» сўзи «қораймоқ» маъносини, «хусуф» эса «камаймоқ» маъносини англатади. Фуқаҳолар «кусуф» сўзини қуёш тутилишига, «хусуф» сўзини эса ой тутилишига ишлатганлар. Шундай бўлса-да, бу сўзлардан бирини бошқасининг ўрнида ишлатиш ҳам собит бўлган.
Кусуф намозининг ҳукми
Жумҳур уламоларнинг фикрича, кусуф намозини ўқиш фарз эмас, суннати муаккададир. Улар бу фикрни қўллаб-қувватлаш учун бир кеча-кундузда ўқиладиган фарз намозлар бешта экани ҳақидаги ҳадисларни далил қилишган.
Абу Авона раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Саҳиҳи»да кусуф намозини ўқиш вожиб эканини очиқча айтган. Шунингдек, бу фикр Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ҳам нақл қилинган. Зеро, Муғийра ибн Шуъба разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида (ўғиллари) Иброҳим вафот этган куни қуёш тутилди. Одамлар: «Иброҳим вафот этганига қуёш тутилди», дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дарҳақиқат, қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидандир. Улар бировнинг ўлими ёки туғилгани учун тутилмайди[1]. Қачон ой ва қуёш тутилганини кўрсангиз, Аллоҳга дуо қилинглар ва то тутилиш кетгунча намоз ўқинглар». Бухорийга оид бошқа бир иборада: «то очилгунча»[2], дейилади.
Санъоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аслида буйруқ буюрилган ишнинг вожиблигини ифода этиши керак. Лекин жумҳур уламолар ушбу буйруқни суннати муаккадага йўйишган»[3].
Шавконий раҳимаҳуллоҳ «Ас-сайл ал-жаррор»да айтади: «Ҳадис зоҳири вожибликни ифода этади. Агар бу ишнинг вожиб эмаслигига ижмо қилинган деган гап тўғри бўлса, у ҳолда шу ижмо вожибликни суннатликка буришга ярайди. Акс ҳолда, бу иш вожиблигича қолиши лозим»[4].
Менимча, бу фикр (яъни Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳнинг фикри) фарз намозлар фақат бешта экани ҳақидаги ҳадисларга зид келмайди. Чунки мазкур фарз намозлар ҳар кеча ва кундузда бажариладиган фарз намозлардир. Кусуф намози эса қуёш ёки ой тутилганда ўқиладиган фавқулодда намоз ҳисобланади, валлоҳу аълам.
Кусуф намозининг вақти
Кусуф намозининг муайян вақти йўқ. Бу намоз вақти қайси вақт бўлишидан қатъи назар ой ёки қуёш тутилиши билан бошланади. Ҳадисдаги Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Қачон ой ва қуёш тутилганини кўрсангиз, Аллоҳга дуо қилинглар ва то тутилиш кетгунча намоз ўқинглар», деган сўзларининг зоҳири шуни кўрсатади. Шунингдек, бу сўз қуёш ёки ой тутилиши ниҳоясига етиши билан кусуф намози ҳам тугашига далолат қилади.
Эслатмалар:
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «(Кусуф намозига оид) ривоятлар кўплигига қарамай бирон бир ривоятда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу намозни фақат чошгоҳ пайтида ўқиганларини учратмадим. Лекин у зот бу пайтда ўқиган бўлсалар ҳам иттифоқо шундай бўлган ва бу кусуф намозини ундан бошқа пайтда ўқиб бўлмаслигини англатмайди»[6].
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишларини далил қилиб, кусуф намози фақат қуёш ёки ой чошгоҳ пайтида тутилса ўқилади, деган хаёлга бормаслик керак. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кусуф намозини чошгоҳ пайтидан бошқа пайтда ўқишни тақиқламаганлар. Балки у зот «Қачон ой ва қуёш тутилганини кўрсангиз» деган сўзлари билан намоз ўқиш вақтини ой ва қуёш тутилишига боғлаганлар.
Инсон кусуф намозини ўқиб турганида қуёш тутилиши тўхтаса, у ҳам намозни тугатадими ёки охирига қадар ўқиб қўядими?
Тўғрироқ фикрга кўра, гарчи намоз асносида тутилиш ниҳоясига етса ҳам намоз охирига қадар ўқиб тугатилади. Чунки «Саҳиҳайн»да келган Ойша разияллоҳу анҳонинг ривоятида: «Сўнг у зот намозни тугатдилар. Ҳолбуки, бу вақтда қуёш (тутилиши ниҳоясига етиб) очилган эди»[7]. Ойша разияллоҳу анҳога оид бошқа ривоятда: «Намозни тугатишларидан олдин қуёш очилган эди»[8], дейилади.
Кусуф намози учун жар солиш
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида қуёш тутилганида «Иннас-солата жаамеаҳ», дея жар солинди. Бошқа бир ривоятда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари жар солишга буюрганлари очиқча айтилган. «Саҳиҳайн»да Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жарчини юбордилар ва у одамларни кусуф намозига чорлади[9].
Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу ҳадис кусуф намози учун жар солиш мустаҳаб деганларга далилдир. Дарҳақиқат, уламолар бу намоз учун азон ҳам, иқомат ҳам айтилмаслигига иттифоқ қилишган».
Кусуф намози ўқиш тартиби
Кусуф намози ўқиш тартиби тўғрисида жуда кўп ривоятлар келган. Бироқ бу ривоятларнинг энг тўғриси ва энг кучлиси «Саҳиҳайн»да келган Ибн Аббос ва Ойша разияллоҳу анҳумлар ривоят қилган ҳадисдир.
Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида қуёш тутилди. У зот масжидга чиқдилар ва такбири таҳримани айтиб намоз бошладилар. Одамлар у зотнинг орқаларида саф тортишди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам узун қироат қилдилар. Сўнг такбир айтиб, рукуга бордилар ва узоқ вақт руку қилдилар. Сўнг рукудан бошларини кўтарар эканлар, «Самеаллоҳу лиман ҳамидаҳ. Роббанаа ва лакал ҳамд», дедилар. Сўнг қиёмда туриб, биринчи қироатдан қисқароқ, аммо узун қироат қилдилар. Сўнг такбир айтиб, рукуга бордилар ва биринчи рукуга нисбатан қисқароқ руку қилдилар. Сўнг «Самеаллоҳу лиман ҳамидаҳ. Роббанаа ва лакал ҳамд», дея (рукудан бош кўтардилар). Сўнг саждага бордилар. Сўнг иккинчи ракаатда ҳам худди шундай (биринчи ракаатда қилган ишларини) қилдилар. Шу тариқа (икки ракаатда) тўрт марта руку ва тўрт марта сажда қилдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни тугатишларидан бурун қуёш очилди. Сўнг ўринларидан туриб, одамларга хутба қилдилар. Аллоҳга Ўзи муносиб бўлган ҳамд-санолар айтгач, бундай дедилар: «Дарҳақиқат, қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидандир. Улар бировнинг ўлими ёки туғилгани учун тутилмайди. Қачон ой ва қуёш тутилганини кўрсангиз, намозга шошилинглар». Яна шундай дедилар: «То Аллоҳ сизлардан бу балони кўтаргунча намоз ўқинглар»[10].
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ «Зод ал-маод»да кусуф намози ўқиш тартиби борасида узоқ баҳс юритгач, юқорида келтирилган кўриниш тўғрироқ эканини ёзади: «Имом Аҳмаднинг айнан ўзидан нақл қилинган ривоятга кўра, бу борада у фақат Ойша разияллоҳу анҳонинг ҳадисини, яъни ҳар бир ракаатда икки марта руку ва икки марта сажда билан ўқиш тартибини олган… Бу кўринишни Абу Бакр (Халлол) ва Имом Аҳмаднинг эски шогирдлари ихтиёр қилишган. Шунингдек, бу кўриниш шайхимиз Абул Аббос Ибн Таймиянинг ҳам ихтиёри бўлиб, у Ойша разияллоҳу анҳонинг ҳадисига хилоф бўлган барча ҳадисларни заифга чиқарар ва: «Бу ҳадислар хатодир», дер эди».
Демак, кусуф намози қуйидаги кўринишда бўлади:
(1) Ният қилиниб, такбири таҳрима айтилади. Сўнг Фотиҳа сураси ва унга қўшиб Бақара сураси каби бирон узун сура қироат қилинади. Чунки қанча узунликдаги сурани ўқиш Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоятида собит бўлган. Унда: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Бақара сурасини қироат қилганчалик миқдорда узоқ қиёмда турдилар»[11], дейилган.
(2) Рукуга борилади ва қиёмда узоқ турилганидек рукуда ҳам узоқ турилади.
(3) Рукудан «Самеаллоҳу лиман ҳамидаҳ. Роббанаа ва лакал ҳамд», дея бош кўтарилади. Сўнг Фотиҳа сураси ва ундан кейин биринчи қироатдагига нисбатан қисқароқ бўлган бирон узун сура ўқилади.
(4) Рукуга борилади. Бу гал рукуда биринчи рукуга нисбатан қисқароқ турилади.
(5) «Самеаллоҳу лиман ҳамидаҳ. Роббанаа ва лакал ҳамд», деб рукудан бош кўтарилади.
(6) Икки марта узоқ сажда қилинади.
(7) Сўнг саждадан бош кўтариб, иккинчи ракаатга турилади. Иккинчи ракаатни ҳам худди биринчи ракаатдагидек ўқилади.
Кусуф намозида жаҳрий қироат қилинадими ёки махфийми?
Тўғрироқ фикрга кўра, хоҳ қуёш, хоҳ ой тутилсин, кусуф намозида жаҳрий қироат қилинади. Чунки Ойша разияллоҳу анҳонинг ривоятида: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кусуф намозида овоз чиқариб қироат қилдилар»[12], дейилган. Аммо кусуф намозида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан овоз эшитилмагани тўғрисидаги ҳадисларга келсак, улар жуда заиф ҳадислардир.
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «(Кусуф намозида) жаҳрий қироат қилиш Али разияллоҳу анҳудан «марфуъ» ва «мавқуф» кўринишда ривоят қилинган. Бу ривоятларни Ибн Хузайма ва бошқалар ривоят қилган. Абу Ҳанифанинг икки шогирди (Абу Юсуф ва Муҳаммад), Аҳмад, Исҳоқ (ибн Роҳавайҳ), шунингдек, Ибн Хузайма, Ибн Мунзир ва бошқа шофеий мазҳаби муҳаддислари ҳамда моликий мазҳаби уламоларидан Ибн ал-Арабий кусуф намозида жаҳрий қироат қилиш тарафдори бўлишган»[13].
[1] Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Фатҳ ал-Борий»да (2/528-бет) айтади: «Ушбу сўз билан жоҳилият аҳлининг сайёралар ерга таъсир қилади, деган эътиқоди ботилга чиқарилмоқда. Хаттобий айтади: «Одамлар жоҳилият даврида қуёш ёки ой тутилиши Ерда ўзгариш – ўлим ёки бирон зарарга сабаб бўлади, деб эътиқод қилишар эди. Шунинг учун Аллоҳ Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга бу эътиқоднинг ботил эътиқод эканини маълум қилди». [2] Бухорий (1043, 1061), Муслим (915) ривояти. [3] «Субул ас-салом», 2/504-бет. [4] «Ас-сайл ал-жаррор», 1/323-бет. [5] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 4/8-бет. [6] «Фатҳ ал-Борий», 2/528-бет. [7] Бухорий (1044), Муслим (901) ривояти. [8] Бухорий (1046), Муслим (901) ривояти. [9] Бухорий (1045), Муслим (910), Абу Довуд (1190), Насоий (3/136) ривояти. [10] Бухорий (1046), Муслим (901), Абу Довуд (1191), Термизий (561), Насоий (3/127), Ибн Можа (1263) ривояти. Ҳадис матни Муслимга оид. [11] Бухорий (1052), Муслим (907) ривояти. [12] Бухорий (1065), Муслим (901), Абу Довуд (1188), Термизий (563), Насоий (3/148) ривояти. [13] «Фатҳ ал-Борий», 2/55-бет.