Намоз: Кусуф намозига доир мулоҳазалар

0

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Кусуф намозини жамоат билан ўқиш мустаҳабдир. Чунки олдин келтирганимиздек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам жарчига буюрдилар ва у одамларни «Ас-солату жаамеаҳ» дея намозга чорлади.

Сиддиқ Ҳасанхон раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу суннатни жамоат билан адо этиш афзал, лекин бу намоз дуруст бўлиши учун жамоат шарт эмас»[1].

  1. Ҳайит намозидан фарқли ўлароқ, кусуф намозини масжидда ўқиш мустаҳабдир. Чунки Ойша разияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда ўтганидек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш тутилганда масжидда намоз ўқидилар.

  2. Кусуф намозига аёллар ҳам қатнашиши жоиздир. Асмо бинти Абу Бакр разияллоҳу анҳумонинг ҳадисида бундай дейилади: «Қуёш тутилганда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари Ойша разияллоҳу анҳоникига бордим. Қарасам, одамлар намоз ўқишяпти, Ойша ҳам намоз ўқияпти экан…»[2].

  3. Қуёш ёки ой тутилганда Аллоҳни зикр этиш, дуо қилиш, садақа улашиш, қул озод қилиш, истиғфор айтиш, намоз ва истиғфорга шошилиш, қабр азобидан паноҳ сўраш мустаҳаб бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кусуф намозидан сўнг айтган хутбалари мазкур амалларни қилиш мустаҳаблигига далолат қилади. Бу хутбаларнинг барчаси «Саҳиҳайн»да келган бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

а) Ойша разияллоҳу анҳо ривояти: «Агар шундай ҳолатни кўрсангиз, Аллоҳга дуо қилинглар, такбир айтинглар, садақа қилинглар ва намоз ўқинглар»[3].

б) Муғийра ибн Шуъба разияллоҳу анҳу ривояти: «Қуёш ёки ой тутилишини кўрсангиз, Аллоҳ таолога дуо қилинглар ва то бу ҳолат кетгунча намоз ўқинглар»[4].

в) Асмо разияллоҳу анҳо ривояти: «Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш тутилганда қул озод қилишга буюрдилар»[5].

г) Абу Мусо разияллоҳу анҳу ривояти: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ юборган бу оят-аломатлар бировнинг ўлими ёки туғилиши учун юз бермайди. Аллоҳ бу оят-аломатлар билан бандаларини қўрқитади. Агар шундай ҳолатни кўрсангизлар, Аллоҳни зикр этишга, Унга дуо қилишга ва Ундан истиғфор сўрашга шошилинглар»[6].

д) Ойша разияллоҳу анҳо ривояти: «(Намоз тугагандан кейин) Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирмунча гапларни айтдилар, сўнг одамларни қабр азобидан паноҳ сўрашга буюрдилар»[7].

Қуёш ёки ой тутилганда тасбеҳ, таҳмид ва таҳлил айтиш ҳамда дуо қилишга келсак, булар навбатдаги ҳадисда зикр этилади.

  1. Кусуф намозида дуо қилганда қўлларни кўтариш жоиздир. Абдураҳмон ибн Самура разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида камондан ўқ узиш билан овора бўлиб турган эдим, ногоҳон қуёш тутилди. Шунда қўлимдаги ёй ўқларини ташладим ва ичимда: «Бугун қуёш тутилганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам нима қилишларига қарайман», дедим. У зотнинг олдиларига борсам, қўлларини кўтариб дуо қилаётган, такбир, таҳмид ва таҳлил айтаётган эканлар. То кусуф ҳолати тугаб, қуёш қайтадан нурини сочгунча шу ҳолатда давом этдилар. (Шунингдек, икки ракаат намоз ўқидилар ва ҳар бир ракаатда) иккитадан сура ва иккитадан руку қилдилар». Бошқа бир ривоятда: «У зотнинг олдиларига келсам намоз ўқиётган ва (намозда) қўлларини кўтариб (дуо қилиб) турган эканлар»[8], дейилади.

Кусуф хутбаси

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Кусуф намозидан кейин хутба қилиш тўғрисида ихтилоф қилинди. Шофеий, Исҳоқ (ибн Роҳавайҳ) ва аксар ҳадис аҳли намоздан кейин хутба қилишни мустаҳаб санашган.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кусуф намозида хутба қилганлари собит бўлган. Шундай экан, у зотга эргашиб намоздан кейин хутба қилиш жоиздир. Хутбада имом (халифа ёки унинг ноиби) одамларни садақа, истиғфор ва Аллоҳни зикр қилишга тарғиб қилади, Аллоҳнинг оят-аломатларидан ибрат олишга, қабр азобидан қўрқишга ундайди.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кусуф намози муносабати билан айтган хутбаларидан намуналар

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ бу борада келган ривоятларни жамлаб, бундай дейди:

«Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хутбаларидан қуйидагилар сақланиб қолган:

  • «Дарҳақиқат, қуёш ва ой Аллоҳнинг оят-аломатларидандир. Улар бировнинг ўлими ёки туғилиши туфайли тутилмайди. Қачон шундай ҳолатни кўрсангиз, Аллоҳга дуо қилинглар, такбир айтинглар, намоз ўқинглар ва садақа улашинглар. Эй Муҳаммад уммати, Аллоҳга қасамки, ҳеч кимса Аллоҳдан кўра қули ёки чўрисининг зино қилишига рашкчироқ эмас. Эй Муҳаммад уммати, Аллоҳга қасамки, агар мен билган нарсани билганларингда кам кулган ва кўп йиғлаган бўлар эдингиз»[9].

  • «Дарҳақиқат, шу турган жойимда сизларга ваъда қилинган барча нарсани кўрдим. Ҳатто мен олдинга юрганимни кўрганингизда жаннатдан бир бош узумни олмоқчи бўлдим. Шунингдек, мен ортга тисарилганимни кўрганингизда жаҳаннам(нинг бир-бирига урилиб), ўзини ўзи синдираётганини кўрдим». Бошқа бир ривоятда айтилади: «Дўзахни кўрдим. Бугунгидек жаҳаннамдан кўра қўрқинчлироқ манзара асло кўрган эмасман! Дўзах аҳлининг кўпчилиги аёллар эканини кўрдим». Одамлар: «Нима сабабдан, ё Расулуллоҳ?» дейишди. «Кофирликлари сабаб», дедилар у зот. «Аллоҳга кофир бўлишадими?» дейилди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эрларига кофирлик (нонкўрлик) қиладилар, яхшиликни эътироф этмайдилар. Аёллардан бирига бир умр яхшилик қилсанг-у, сўнг сендан ўзига ёқмайдиган бирон нарсани кўрса: «Сендан асло яхшилик кўрмадим!» дейди»[10].

  • «Менга олдин кўрсатилмаган барча нарсаларни мана шу жойимда кўрдим. Ҳаттоки жаннат ва дўзахни ҳам кўрдим. Шубҳасиз, менга ваҳий қилиндики, сизлар худди Масиҳ Дажжол фитнаси каби ёки шунга яқин даражада қабрларингизда фитнага (савол-сўроққа) дучор қилинасизлар. Қабрда сизлардан бирингиз ҳузурига фаришталар келиб: «Мана бу киши (яъни Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўғрисида нимани биласан?» дейди. Шунда мўмин ёки аниқ ишонган киши: «У  зот Муҳаммад Расулуллоҳдир, бизга очиқ-ойдин далиллар ва ҳидоятни келтирди. Биз у зотга итоат қилдик, иймон келтирдик ва эргашдик», дейди. Шунда унга: “Бамайлихотир ухлайвер, дарҳақиқат, биз сенинг унга аниқ ишонганингни билдик», дейилади. Мунофиқ ёки шак-шубҳада бўлган киши эса: «Билмайман, одамлар нимадир деганини эшитдим ва мен ҳам шуни айтдим», дейди»[11].

  • «Эй инсонлар, қуёш ва ой Аллоҳнинг оят-аломатларидандир. Улар инсонлардан бирининг ўлими туфайли тутилмайди. Агар шундай ҳолатни кўрсангиз, то (тутилиш ҳолати кетиб, қуёш ёки ой) очилгунча намоз ўқинглар. Сизларга ваъда қилинган нарса борки, албатта уларни мана шу намозимда кўрдим. Дўзах (кўз олдимга) келтирилди. Сизлар (намозда) ортга тисарилганимни кўрганингизда унинг алангаси етишидан қўрқиб тисарилган эдим. Ҳатто дўзахда илгакли таёқ эгасининг олов ичра ичак-чавоқларини судраб юрганини ҳам кўрдим. У илгакли таёғи билан ҳажга келган ҳожиларнинг буюмларини ўғирлар эди. Мабодо одамлар унинг бу қилмишини пайқаб қолгудек бўлса: «Ия, бехосдан таёғимга илиниб қолибди», дер, агар сезмасалар, ўғирлаган нарсасини олиб узоқлашар эди. Шунингдек, унда мушукка азоб берган аёлни ҳам кўрдим. У (дунёда) бир мушукни боғлаб қўйиб, овқат бермаган, айни пайтда ўзи ердаги ҳашаротлардан еб озиқланиши учун уни бўш қўйиб ҳам юбормаган, натижада мушук очлик ва сувсизликдан ўлган. Сўнг жаннат келтирилди. Намозда мени олдинга юрганимни кўрганингизда жаннатга яқинлашиш учун юрган эдим. Дарҳақиқат, ўрнимдан туриб, қўлимни чўздим. Мақсадим сизларга кўрсатиш учун ундаги мевалардан олиш эди. Сўнг бу фикримдан қайтдим. Сизларга (охиратда бўлиши) ваъда қилинган нарса борки, ҳаммасини мана шу намозимда кўрдим»[12]»[13].

[1] «Ар-равзат ан-надийя», 1/158-бет.
[2] Бухорий (1053), Муслим (905) ривояти.
[3] Бухорий (1044), Муслим (901), Абу Довуд (1191), Насоий (3/132-бет.
[4] Бухорий (1043, 1061), Муслим (915) ривояти.
[5] Бухорий (1054, 2519), Абу Довуд (1192) ривояти.
[6] Бухорий (1059), Муслим (912), Насоий (3/153) ривояти.
[7] Бухорий (1050), Молик (1/187), Байҳақий (3/323) ривояти.
[8] Муслим (913), Абу Довуд (1195), Насоий (3/124) ривояти.
[9] Бухорий (1044), Муслим (901) Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилишган.
[10] Бухорий (1052), Муслим (907) Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган.
[11] Бухорий (1053), Муслим (905) Асмо бинти Абу Бакр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган.
[12] Муслим (904) Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган.
[13] «Зод ал-маод», 1/450-бет.

Изоҳ қолдиринг