Сўнг у зот хафа бўлганларича уйга қайтдилар. Аллоҳ таоло қавмнинг ўжарликларини зикр қилиб, уларга рад жавоби бериб, бундай деди:
“Улар дедилар: “Эй Муҳаммад, то сен бизга оқиб турадиган бир чашмани Макка еридан ёриб чиқармагунингча сенга ҳаргиз ишонмаймиз. Ёки сен учун хурмо ва узумнинг ҳар хил навлари бўлган бир боғ бўлсин ва сен у боғ ичида серсув анҳорларни оқизиб қўй. Ёки ўзинг даъво қилганингдек, осмонни бизнинг устимизга бўлак-бўлак қилиб тушир, ёки Аллоҳни ва фаришталарни келтир ва биз уларни ўз кўзимиз билан кўрайлик. Ёки сен учун соф олтиндан бир уй бўлсин. Ёки сен зиналардан юриб, осмонга кўтарил. Ва сен то Аллоҳ ҳузуридан Унинг ҳақ пайғамбари эканлигинг ҳақида биз ўқий оладиган очиқ китобни олиб тушмагунингча осмонга кўтарилганингга ҳам ишонмаймиз”. Эй Пайғамбар, уларга айтинг: “Субҳоналлоҳ, мен бор-йўғи Унинг рисолатини етказувчи оддий бир қулиман, холос”. Эй Пайғамбар, айтинг: “Агар ер юзида фаришталар хотиржам юрганларида эди, Биз уларга элчини ўз жинсларидан юборган бўлар эдик”. Уларга айтинг: “Аллоҳнинг ўзи мен билан сизларнинг ўртамизда етарли гувоҳдир. Аллоҳ субҳонаҳу бандаларининг аҳволидан хабардор, уларнинг ишларини кўриб турувчи зотдир”” (Исро, 90-96).
Ва яна қуйидаги оятларни нозил қилди:
“(Эй Пайғамбар), агар кофирлар сиздан талаб қилишгани каби, дунёда тиловат қилинадиган бир Қуръон бўлсаки, у билан тоғлар ўрнидан жилдирилса, ё у билан ер ёрилиб, анҳорлар пайдо бўлса, ё у билан ўликлар тирилиб, тилга киритилса, (у мана шу Қуръон бўларди, бошқаси эмас. Лекин шунда ҳам улар унга иймон келтирмаган бўлардилар). Йўқ! Барча ишлар Аллоҳнинг қўлидадир. Агар Аллоҳ истаса, бутун ер аҳлининг ҳаммасини ҳеч қандай мўъжизасиз ҳам иймонга муваффақ қилишини мўминлар билмадиларми?! То Аллоҳнинг кофирлар устидан ваъда берган ғалабаси етиб келгунича кофирлар бошига ҳар хил бало-офатлар тушаверади. Ёки бундай бало-офатлар уларнинг уй-жойларига яқин ўринларга тушаверади. Аллоҳ ваъдасига асло хилоф қилмайди” (Раъд, 31).
Чунки улар бу мўъжизаларни ҳақиқатни топиш мақсадида эмас, фақат қайсарлик қилиб, масхара қилиш учун талаб қилар эдилар. Аллоҳ таоло улар талаблари бажо келтирилса ҳам барибир иймон келтирмасликларини, туғёнда давом этишларини, залолатда адашиб юраверишларини яхши билгани учун ҳам талабларини ижобат қилмади.
Аллоҳ таоло айтади:
“У мушриклар қаттиқ қасамлар ичиб: “Агар Муҳаммад бизга бирор мўъжиза келтирса, албатта у олиб келган динга иймон келтирамиз”, деб айтишди. Эй Пайғамбар, сиз айтинг: “Мўъжизалар Аллоҳ томонидан келади. Аллоҳ истаган пайтда уларни келтиришга қодир”. Эй мўминлар, қаердан биласиз, эҳтимол ўша мўъжизалар келса ҳам бу мушриклар уларга иймон келтиришмас?! Биз уларнинг дилларини ва кўзларини айлантириб, уларни Аллоҳнинг оятларидан фойдаланишдан тўсиб қўямиз. Натижада, улар худди Қуръон даставвал нозил бўлган вақтда унга иймон келтиришмаганидек, у оятларга иймон келтиришмайди. Биз уларни Аллоҳга туғён қилиб, ҳақ йўлга йўлланмасдан, адашиб-улоқиб юрган ҳолларида ташлаб қўямиз. Эй Пайғамбар, агар Биз у мушрикларнинг талабларини қабул қилиб, осмондан фаришталарни туширсак, уларга ўликларни тирилтириб берсак ва ўликлар уларга сўзласа, улар талаб қилган барча нарсаларни йиғиб берсак ҳам барибир иймон келтирмайдилар. Фақат Аллоҳ ҳидоят қилишни истаган кишиларгина бундан мустасно, лекин кофирларнинг кўпи ҳақни билмайди” (Анъом, 109-111).
Илоҳий ҳикмат ва раббоний раҳмат уларнинг саволларига жавоб бермасликни тақозо этди. Чунки Аллоҳ таолонинг ўзгармас қонуни шуки, қайсики қавм мўъжизалар талаб қилса ва талаблари бажо келтирилса, шундан кейин ҳам иймон келтирмасалар, албатта улар Од, Самуд ва Фиръавн қавмлари каби қаттиқ азобга дучор бўладилар.
Олдиларида энг катта мўъжиза Қуръон мавжуд бўла туриб, яна мўъжизалар сўрашлари – уларнинг қайсарликларига бундан ортиқ далил бўлмаса керак. Шунинг учун улар ғайриодатий мўъжизалар сўрашганда Аллоҳ таоло уларга рад жавобини берди ва бунинг сабабини баён қилди:
“Мушриклар: “Муҳаммадга Раббидан (Солиҳнинг туяси, Мусонинг асоси каби кўзлар кўрадиган) мўъжиза ва далиллар тушса эди”, дедилар. Уларга айтинг: “Мўъжизалар тушириш Аллоҳнинг иши, хоҳласа туширади, хоҳламаса йўқ. Мен сизларни Аллоҳнинг азоби ва ғазабидан огоҳлантирадиган, ҳақни ноҳақдан ажратиб берадиган огоҳлантирувчиман, холос”. Эй Пайғамбар, ўша мушрикларга сизнинг рост пайғамбар эканингизни билишлари учун, уларга ўқиб бериладиган Қуръонни сизга нозил қилганимиз кифоя қилмадими? Бу Қуръонда мўминлар учун дунёю охиратдаги раҳмат бор, улар ибратланадиган ибрат ва эслатмалар бор. Айтинг: “Сизлар билан менинг ўртамда Аллоҳнинг ўзи гувоҳликка кифоя қилгай. У еру осмонлардаги барча нарсани билади. Шунча очиқ-равшан далиллар бўлишига қарамасдан ботилга ишониб, Аллоҳга кофир бўлган кимсалар – ана ўшалар дунёю охиратда ҳақиқий зиён кўрувчилардир” (Исро, 50-52).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтади: “Қурайш Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй, Муҳаммад, Раббингга дуо қил, бизга Сафо тоғини тиллога айлантириб берсин, шунда сенга иймон келтирамиз”, дедилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Чиндан иймон келтирасизларми?” дедилар. Улар: “Ҳа”, дедилар. Сўнг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилдилар. Жаброил у зотга келиб, бундай деди: “Раббингиз сизга салом айтиб, бундай демоқда: “Агар хоҳласангиз, улар учун Сафо тиллога айланади. Аммо шундан кейин ҳам кимда-ким кофир бўлса, уни оламда ҳеч кимга бермаган қаттиқ азоблар билан азоблайман. Агар хоҳласангиз, уларга тавба ва раҳмат эшигини очишингиз мумкин”. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тавба ва раҳмат эшигини очаман”, дедилар. Сўнг Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:
“Мушриклар сўраган мўъжизаларни туширишдан Бизни фақат илгариги халқлар ўша мўъжизаларга ишонмаганларигина тўхтатди. Биз Солиҳнинг қавми Самудга очиқ-равшан мўъжиза бўлган туяни бердик. Улар уни инкор қилдилар ва оқибатда ҳалок бўлиб кетдилар. Пайғамбарларга мўъжизалар беришимиздан мақсад бандалар қалбига қўрқув солишдир” (Исро, 59).
Қурайш зодагонлари Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мўъжизалар талаб қилар эканлар, мақсадлари даъват ва даъватчиларга қарши ахборот уруши бошлаш ва одамларни ҳаққа қарши қўйиш эди. Токи бошқа араб қабилалари ҳам Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинлашмасинлар. Шунинг учун улар мўъжиза талаб қилишда оёқ тираб туриб олдилар. Мабодо ўша талаб қилишган мўъжизалардан биронтаси рўёбга чиқиб қолгудай бўлса ҳам иймон келтирмасликларини очиқдан-очиқ айтдилар. Демак, бу талабларни Расулуллоҳни ожиз қилиш, одамларни у зотдан ман этиш мақсадида қилганликларида шубҳа йўқ[1].
[1] “Ал-вуфуд фил-аҳд ал-маккий”, 40-51-бетлар.