Аҳли китоб (яъни яҳуд ва насоро)ларнинг қўлидаги Таврот[1] китобида зикр қилинишича, Ҳаввони дарахтдан ейишга ундаган нарса илондир. У жаннатдаги энг чиройли ва баҳайбат махлуқотлардан бири эди. Ҳавво илоннинг сўзига учиб дарахтдан тановул қилди ва Одам алайҳиссаломга ҳам едирди. Тавротда Иблис номи зикр қилинмаган. Ўшанда улар иккисининг кўзлари очилди ва ўзларининг яланғоч эканларини билдилар. Анжир япроқларини бир-бирига улаб ўзларига лўнги қилиб олдилар. Тавротда айтилишича, улар иккиси яланғоч бўлганлар.
Шунингдек, Ваҳб ибни Мунаббеҳ ҳам шу гапни айтади: “Одам ва Ҳаввонинг либоси ҳар иккисининг авратларини ёпиб турган нурдан иборат эди“.
Аҳли китобларнинг қўлидаги Тавротдан олинган бу маълумотлар уни арабчага ўгириш асносида улар тарафидан содир этилган хато ва ҳақиқатни бузиб кўрсатиш самарасидир. Зеро, гапни бир тилдан иккинчи тилга кўчириш ҳар кимга ҳам, хусусан, араб тилини яхши билмайдиган ҳамда ўзининг (муқаддас) китобини ҳам яхши ўрганмаган кишиларга имкониятли бўлавермайди. Шу боис, улар томонидан Тавротни араб тилига ўгириш асносида лафзий ва маънавий кўплаб хатолар содир этилди[2].
Дарҳақиқат, Қуръони карим Одам ва Ҳавво алайҳимассалом эгниларида либос борлигига далолат қилди: “Эй Одам болалари, шайтон Оталарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни уятли аҳволга солиб қўйиш) учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин!” [Аъроф: 27]. Албатта, Қуръоннинг бу далолати ундан бошқа ҳар қандай сўз туфайли рад қилинмас далолатдир, валлоҳу таоло аълам.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Дарҳақиқат, сизларнинг отангиз Одам худди баланд хурмо дарахтидек узун: бўйи олтмиш газ, соч-соқоли сероб, аврати ўралган киши эди. Жаннатда гуноҳ иш содир этгач аврати очилиб қолди. Шунда у жаннатдан чиқди. Йўлда бир дарахтга дуч келди. Дарахт Одамнинг пешона сочи – кокилидан тутди. Шу он Парвардигори унга нидо қилиб: “Эй Одам, Мендан қочмоқдамисан?” – деди. “Йўқ, аксинча, Аллоҳга қасамки, эй Раббим, қилган гуноҳим туфайли Сендан ҳаё қилиб кетмоқдаман” – деди Одам“[3].
[2] Бу – таржимонлар, хусусан, илмий ва шаръий асарларни таржима қилиш соҳасида фаолият юритувчи кишилар яхши англамоқлиги лозим бўлган бебаҳо илмий қоидадир.
Бундай кишиларнинг илмий ишларида кўплаб жоҳилона, беҳуда ва бекор уринишларга гувоҳ бўлдим. Чунки улар араб тилини араблар мақсадига мувофиқ билмадилар. Шунингдек, уларнинг шаръий билимлари ниҳоятда саёз ва юзакидир. Албатта, Парвардигор раҳм қилган кишилар бундан мустасно бўлиб, улар озчиликдирлар.
[3] Ҳасан ҳадис. Ҳадисни Ибн Саъд “Ат-табақотул кубро” асарида (1/31-бет), Ҳоким (2/ 262-бет), Ибн Асокир “Тарихи Димашқ” асарида (7/ 405-бет) Абдулваҳҳоб ибн Атоул-Хаффоф Ал-Ужлийнинг Саид ибн Абу Аруба, Қатода, Ҳасан, Уттий ва ниҳоят Убайдан келтирган ривояти орқали зикр қилганлар. Ҳадис ровийлари ишончли ровийлар. Бироқ Қатода ва Ҳасан Басрий “тадлис”, яъни “ҳадисни ўзидан юқоридаги ровийдан бевосита эшитмаган бўлсада, бевосита эшитганлигини эҳтимол қиладиган шаклда сўзлаш ёхуд ушбу ровийнинг исмини айтмай, балки уни мавҳум ҳолда зикр қилиш” билан танилганлар. Устига-устак икковлари мазкур ривоятда “анъана”, яъни “фалончидан ва фалончидан (ривоят қилинади)” тарзида ривоят қилганлар. Ибн Абу Аруба эса умрининг охирида “ихтилот”га чалинган, яъни “хотирасига путур етиб, ривоятларни чалкаштирадиган бўлиб қолган”. Бироқ Абдулваҳҳоб ҳадисларни Ибн Абу Арубадан унинг “ихтилот”га чалинишидан илгари ривоят қилган.
Аббод ибн Аввом Абдулваҳҳоб Ал-Ужлийдан фарқли ўлароқ ушбу ҳадисни Саид ибн Абу Арубадан мавқуф тарзда ривоят қилган бўлиб, уни Ибн Саъд (1/ 31-бет), Абу Нуайм “Ҳиля” асарида (1/ 254-бет) ва Ҳоким (2/ 543-544-бетлар) ривоят қилганлар.
Имом Аҳмаднинг айтишича, Аббоднинг Саид ибн Абу Арубадан ривоят қилган ҳадислари “изтиробли”, яъни “турли хил кўринишларда ривоят қилинган бўлиб, бу ривоятларнинг бирини иккинчисидан устун қўйиш имконсиз”дир. “Ҳадюс-сорий” асари (412-бет)га қаранг.
Лекин мазкур ҳадисни “садуқ” ровий бўлмиш Исҳоқ ибн Рабеъ Ҳасан Басрийдан мавқуф тарзда нақл қилган ва уни Ибн Саъд (1/ 32-бет) ривоят қилган.
Умуман олганда, мазкур ҳадис бу ривоят йўлидан заифдир. Бироқ ҳадиснинг яна бошқа бир ривоят йўли мавжуд бўлиб, муаллиф роҳимаҳуллоҳ бу йўлни бевосита мазкур ҳадисдан кейин зикр қилади. Шундай қилиб, ушбу ҳадис ривоят йўллари йиғиндиси ила, иншааллоҳ, ҳасан ҳадис даражасига кўтарилади.