Чақалоққа оид ҳукмлар (33): Ақиқани сўйишда нима дейилиши ҳақида

0

Йигирма биринчи бўлим
Ақиқани сўйишда нима дейилиши ҳақида

Ибн Мунзир айтади: «Номидан ақиқа қилинувчининг исмини айтиш ҳақида. Бизга Абдуллоҳ ибн Муҳаммад отасидан, отаси Ҳишомдан, у Ибн Журайждан, у Яҳё ибн Саиддан, у Амрадан, Амра Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилиб сўзлаб беришича, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Чақалоқ исмини айтиб сўйинглар ва бундай денглар: Аллоҳ номи билан. Эй Аллоҳ, бу Сенинг учундир ва Сенга қайтажак. Бу фалончининг ақиқаси”»[1].

Ибн Мунзир деди: «Чақалоқ номини айтиш яхшидир. Агар ақиқани ният қилса-ю, ҳеч нима айтмаса ҳам кифоя қилади, иншооллоҳ»[2].

Халлол айтади: «Ақиқани сўйишда нима дейилиши ҳақидаги боб. Менга Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Матар ва Закариё ибн Яҳё хабар беришларича, уларга Абу Толиб бундай деган экан: “Мен Абу Абдуллоҳдан: «Киши ақиқа қилмоқчи бўлса нима дейди?» деб сўрадим. У деди: «Бисмиллаҳ, дейди. Қурбонликда ният қилганидек ақиқа учун ҳам ният қилиб: «Бу фалончи ўғли фалончининг ақиқаси», дея сўяди”».

Бунинг зоҳиридан кўринишича, у киши ният ҳамда лафзни тенг эътиборга олди. Бунинг мисоли, киши бошқанинг номидан эҳром боғлаш асносида бирданига ният ва талаффуз билан: «Эй Аллоҳ, фалончининг номидан чақириғингга лаббай дейман ёки фалончи номидан эҳром боғлайман», деганига ўхшайди.

Бундан олинадиган фойда шуки, агар кимдир бирор кишига амал савобини бағишласа, унинг номидан ният қилади ва: «Эй Аллоҳ, бу фалончи номидан, ёки бунинг савобини фалончига етказ», дейди.

Айримлар айтишича, у мазкур гапни шартга боғлаб: «Эй Аллоҳ, агар мендан бу амални қабул қилган бўлсанг, савобини фалончига бер», дейиши керак. Чунки у ўзидан бу амал қабул қилинган ё қилинмаганини билмайди.

Бироқ бунга ҳожат йўқ, ҳадис ҳам уни рад этади. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Шубрума исмли шахс номидан «лаббайка» айтаётган кишига: «Эй Аллоҳ, ушбу эҳром боғлашимни мендан қабул қилган бўлсанг, уни Шубрума номидан қил, дегин», деб ўргатмадилар[3]. Бирор яқини номидан ҳаж қилиш ҳақида у зотдан сўраган ҳеч бир кишига бунга ўхшаш гап айтмадилар. Бу тўғрида бирорта ҳадисда келмаган. У зотнинг йўллари эргашишга энг ҳақли йўлдир.

Шунингдек, салафлардан ҳеч бири ўзганинг номидан қилмоқчи бўлган қурбонлик ва ақиқа каби бирор амалини ҳеч қачон шартга боғлагани китобларда айтилмаган. Балки улардан: «Эй Аллоҳ, бу фалончи ўғли фалончи номидан», деганлари нақл этилган. Шу етади. Зеро, Аллоҳ ўзи қабул этган амалнигина эгасига етказади. Бағишловчи уни шарт қиладими, қилмайдими, муҳим эмас. Валлоҳу аълам.

[1] Шунингдек, Абдураззоқ (4/330), Абу Яъло (4/301) ва Байҳақий (9/304) ривоят қилган, Ҳоким (4/237) саҳиҳ деган, Заҳабий уни маъқуллаган. Ҳайсамий айтади: «Ҳадисни Абу Яъло ва Баззор ривоят қилган, ровийлари саҳиҳнинг ровийларидир, Абу Яълонинг шайхидан ташқари. Чунки мен уни танимайман». Ибн Абу Шайба (12/329-330) Ҳишом ад-Дустувоийдан, у Қатодадан ривоят қилган санадда эса бундай дейилади: «Ақиқада ҳам худди қурбонликдаги каби “Бисмиллоҳ, бу фалончининг ақиқаси” деб айтади». Саид Қатодадан келтирган ривоятда эса бундай қўшимча қилинади: «Эй Аллоҳ, бу Сен учун ва Сенга қайтажак. Бу фалончининг ақиқаси. Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар», дейди ва сўяди». Қаранг: «Фатҳ ал-Борий», 9/734.
[2] Қаранг: «Ал-ишроф ала мазоҳиб ал-уламо», 3/420.
[3] Абу Довуд «Сунан»да (7/160) «Маносик» китобида «Ўзганинг номидан ҳаж қилмоқчи киши ҳақидаги боб»да Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Шубруманинг номидан лаббай», дея талбия айтаётган кишини кўриб, ундан “Шубрума ким?” деб сўрадилар. Шунда ҳалиги одам: “Шубрума менинг акам ёки қариндошларимдан бири”, деб жавоб беради. У зот: “Ўзинг ҳаж қилганмисан?” деб сўрадилар. “Йўқ”, деди киши. “Аввал ўзинг ҳаж қилиб, кейин Шубруманинг номидан ҳаж қил”, дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам».

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг