Савол:
«Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, бугуннинг совуғи нақадар қаттиқ-а! Эй Аллоҳ, мени жаҳаннам замҳариридан ўзинг сақла!» дуосида келган «замҳарир» сўзи нечоғлик тўғри қўлланган? Ўзи чиндан ҳам жаҳаннамда «замҳарир» номли совуқ борми?
Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ.
Биринчидан:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жаҳаннам Раббига: «Эй Раббим, мен ўзимни ўзим еб қўяётирман», дея шикоят қилди. Шунда Аллоҳ унга икки бора: ёзда бир ва қишда бир бор нафас чиқариб олишга изн берди. Сизлар дуч келадиган энг жазирама иссиқ ва энг қаҳратон совуқ ана шу нафас тафтидандир»[1].
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламоларнинг айтишича, «замҳарир» изғирин совуқ, «ҳарур» эса жазирама иссиқдан иборатдир»[2].
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Замҳарирдан мурод изғирин совуқдир. Бунинг жаҳаннамда бўлиши маҳолдек кўринади-ку, лекин аслида ундай эмас. Зеро, жаҳаннам оташи дейилганда олов жойлашган ўрин назарда тутилиб, унда изғиринли бир табақа мавжуддир»[3].
Шундай қилиб, «замҳарир» худди жаҳаннам олови сингари кофирлар азобланадиган азоб турларидан биридир.
Аллоҳ таоло айтади:
«Юқорида васфи ўтган ноз-неъматлар тақводорлар учундир. Аммо куфр ва гуноҳда ҳаддан ошган кимсалар учун ўта ёмон оқибат – дўзах бордир. Улар унда азобланадилар. У уларни ҳамма томондан ўраб олади. Уларнинг ётар ўринлари нақадар ёмон жой! Бу азоб ўта қайноқ сув ва дўзахиларнинг баданларидан чиқаётган йиринглардир. Улар уни ичсинлар. Улар учун бундан бошқа шу қабилдаги турли-туман азоблар бор» (Сод сураси, 55-58-оятлар).
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шундай деб ёзади:
«Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг «Улар учун бундан бошқа шу қабилдаги турли-туман азоблар бор» оятини «Бу ерда гап турли хил ва турли кўринишдаги азоб ҳақида бормоқда», дея тафсир қилади. Яна бошқа уламолар бу оятда «замҳарир» (шиддатли изғирин), «самум» (баданларни тешиб ўтувчи иссиқ дўзах шамоли), «ҳамим» (баданларни ичидан тешгувчи қайноқ бадбўй сув)ни ичиш, «заққум» (дўзах қаъридан чиқувчи, тугунлари шайтоннинг бошига ўхшаш, ейилганда қоринларни қайнаётган маъдан каби тўлғизувчи дарахт)дан ейиш, «суъуд» (етмиш йилда ҳам чўққисига етишиб бўлмайдиган оловли тоққа кўтарилиш), «ҳавий» (қаъри етмиш йиллик масофага тенг оташ чуқурига улоқтирилиш) ва шу каби турли-туман ва бир-биридан фарқли ва қарама-қарши инсон танаси, ақли ва руҳига бериладиган азоб-уқубатлар назарда тутилган, дея тафсир қилганлар»[4].
Иккинчидан:
Ибн Сунний ўзининг «Кеча ва кундуз амали» китобида (306-бет) (шунингдек, Ибн Суннийдан бошқа айрим уламолар ҳам) Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ёки Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Иссиқ кунда бир киши: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, бугуннинг иссиғи нақадар қаттиқ-а! Эй Аллоҳ, мени жаҳаннам иссиғидан ўзинг сақла!», деб дуо қилса, Аллоҳ азза ва жалла жаҳаннамга: «Бандаларимдан бири сенинг ўтингдан мендан паноҳ сўради, гувоҳ бўлки, мен унга ўтингдан паноҳ бердим», дейди. Шунингдек, совуқ кунда бир киши: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, бугуннинг совуғи нақадар қаттиқ-а! Эй Аллоҳ, мени жаҳаннам «замҳарир»идан ўзинг сақла!», дея дуо қилгудек бўлса, Аллоҳ азза ва жалла жаҳаннамга: «Бандаларимдан бири сенинг «замҳарир»ингдан мендан паноҳ сўради, шундоқ экан, сени гувоҳ этаманки, сўзсиз, мен унга паноҳ бердим», дейди».
Саҳобалар: «Жаҳаннам замҳарири нима?» деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кофир кимса у ерга улоқтирилганида ундаги совуқнинг шиддатидан танаси тилка-пора бўлиб кетадиган дўзахдаги бир уй», дея жавоб бердилар».
Аммо бу заиф ҳадисдир.
Шундай бўлса-да, мусулмон киши гоҳида бу дуони Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бермаган ҳолда айтса ёки шунчаки Аллоҳдан жаҳаннам замҳарири – шиддатли совуғидан паноҳ тиласа, зарари йўқ, деб ўйлаймиз. Валлоҳу аълам.
[1] Бухорий (3260) ва Муслим (617) ривояти.
[2] «Саҳиҳи Муслим» шарҳи, 5/120-бет.
[3] «Фатҳ ал-Борий», 2/19-бет.
[4] «Ат-тафсир», 7/79-бет.