Умарнинг илмга муносабати ва билмаган нарсаларини сўраши
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Умар ҳузурига вашм (татуировка) қиладиган бир аёл олиб келинди. Умар: “Аллоҳ номи билан сўрайман, ким Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан вашм ҳақида бирон нарса эшитган?” деб сўради. Абу Ҳурайра айтади: Шунда мен ўрнимдан туриб: “Мен эшитганман, эй амирул мўъминин”, дедим. “Нима эшитгансан?” деб сўради Умар. Мен дедим: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларга: “Вашм қилманглар ва қилдирманглар”, деганларини эшитганман”[1].
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ҳомиласини туширган аёл ҳақида одамлар билан машварат қилди. Шунда Муғийра ибн Шуъба туриб: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бунда бир қул ё чўри беришга ҳукм қилганлар”, деди. Умар: “Сен билан бирга гувоҳлик берадиган бирон кишини келтир”, деди. Шундан сўнг Муҳаммад ибн Маслама у билан бирга туриб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай ҳукм қилганлар, деб гувоҳлик берди[2].
Умар разияллоҳу анҳудан: “Сафарда жунуб бўлиб қолган одам сув тополмаса нима қилади?” деб сўралганида: “То сув топгунига қадар намоз ўқимайди”, деб жавоб берди. Шунда Аммор разияллоҳу анҳу унга: “Эй амирул мўъминин, эсингизда йўқми, иккаламиз сафарда эканимизда жунуб бўлиб қолдик, шунда мен ерга худди ҳайвонлардек думаладим, (сўнг намоз ўқидим,) сиз эса намоз ўқимадингиз. Буни Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб айтганимда у зот: “Мана бундай қилишинг кифоя эди”, деб, икки қўлларини ерга уриб, кейин уларни юз ва кафтларига суртган эдилар”, деди. Шунда Умар унга: “Аллоҳдан қўрқ, эй Аммор”, деган эди, Аммор: “Истасангиз, бу ҳадисни энди ривоят қилмайман”, деди. Умар: “Йўқ, уни ривоят қилишдан сени тўсмаймиз”, деди. Мана бу Умар разияллоҳу анҳу унга гувоҳ бўлган, сўнг эсидан чиқиб кетган ва унинг хилофига фатво берган, кейин Аммор эслатганида ҳам эслай олмаган, бироқ Амморни ёлғончи санамаган ва ҳадисни ривоят қилаверишга буюрган бир суннат эди[3].
Умарнинг илмга тарғиб қилиб айтган сўзларидан намуналар
Бир киши елкасида Тиҳома тоғича гуноҳлар билан уйидан чиқади, сўнг илм мажлисида ҳозир бўлиб, қалбига қўрқув киради, тавба қилиб ортига қайтади ва уйига гуноҳлардан фориғ бўлиб қайтиб келади. Шундай экан, зинҳор олимлар суҳбатидан айрилманглар![4]
Киши то ўзидан юқоридагиларга ҳасад қилмайдиган, ўзидан қуйидагиларни камситмайдиган, илмига ҳақ олмайдиган бўлмагунича олим бўлмайди.
Пешво қилинишдан олдин илм ўқиб қолинглар. Чунки ғурур сизларни илм ўқишдан тўсади ва натижада жоҳил бўлиб қолиб кетасизлар[5].
Илм мабодо сенга фойда бермаса ҳам, зарар ҳам бермайди[6].
Мингта обиднинг ўлими Аллоҳнинг ҳалол ва ҳаромларини яхши биладиган битта олимнинг ўлимидан енгилроқдир[7].
Китобни қалбингизга жо этинг, илмнинг чашмалари бўлинг. Аллоҳдан кунлик ризқ сўранг. Кўп ризқ берилмаслиги сизларга зарар қилмайди[8].
Илм ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. Виқор ва босиқликни ўрганинглар. Илм ўргатган устозингизга ҳам, илм берган шогирдингизга ҳам тавозели бўлинглар. Зўравон олимлардан бўлманглар, илмингиз жаҳолатингизга ғолиб келолмай қолади[9].
Исломни олимнинг тойилиши, мунофиқ кимсанинг Қуръон билан талашиб-тортишиши ва адаштирувчи имомлар вайрон қилади[10].
[1] Бухорий ривояти, 5946.
[2] Бухорий ривояти, 6906.
[3] “Ал-фатово”, 20/135.
[4] “Мифтоҳ дор ас-саодат”, 1/122. “Фароид ал-калом», 135-бет.
[5] Нававий, “Ат-тибён фий ҳамалат ал-Қуръон», 60-бет. “Фароид ал-калом», 163-бет.
[6] Имом Аҳмад, “Зуҳд”, 174-бет. “Фароид ал-калом», 168-бет.
[7] «Фароид ал-калом», 157-бет. “Мифтоҳ дор ас-саодат”, 1/121.
[8] «Фароид ал-калом», 159-бет. Жоҳиз, «Ал-баён ват-табйин», 2/303.
[9] “Ахбори Умар”, 263-бет. “Маҳз ас-савоб», 2/686.
[10] “Маҳз ас-савоб», 2/717.