Намоз: Истисқо намози

0

Истисқо намози

Истисқо нима дегани?

Истисқо сўзининг луғавий маъноси «сув сўраш» демакдир.

Бу сўз шаръий истилоҳга кўра, қурғоқчилик юз берганда муайян кўринишда Аллоҳдан ёмғир сўрашни англатади.

Истисқонинг ҳукми

Ёмғир сўраб дуо қилиш ва намоз ўқиш суннати муаккададир.

Истисқо қилиш тартиби

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ёмғир ёғмаётганидан шикоят қилишди. Шунда у зот минбар ҳозирлашга буюрдилар ва у Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун намозгоҳ (шаҳар ташқарисидаги яланглик)га қўйилди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга намозгоҳда тўпланиш учун бир кунни белгиладилар. (Белгиланган куни) қуёш энди чиқа бошлаган пайтда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозгоҳга бордилар. Минбар устида ўтирдилар, Аллоҳга такбир ва ҳамд айтгач шундай дедилар: «Дарҳақиқат, сизлар диёрингиздаги қурғоқчиликдан ва ёмғир ёғиши одатдаги вақтидан кечикканидан шикоят қилдингиз. Аллоҳ таоло сизларни Ўзига дуо қилишга буюрган ва (дуоларингизни) ижобат қилишга ваъда берган». Шундан сўнг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳамд-сано оламлар Рабби, раҳмли ва меҳрибон, жазо ва мукофот кунининг подшоҳи бўлган Аллоҳга хосдир. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. Аллоҳ хоҳлаганини қилувчидир. Ё Аллоҳ, Сен Ўзингдан бошқа ҳақ илоҳ бўлмаган Аллоҳсан. Сен хоҳлаганингни қилувчисан. Ё Аллоҳ, Сен Ўзингдан бошқа ҳақ илоҳ бўлмаган Аллоҳсан. Сен бой, бизлар эса камбағал ва муҳтожмиз. Бизларга ёмғир ёғдир. Ёғдирганингни бизлар учун куч-қувват ва узоқ муддатгача озуқа қилгин».

Сўнг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтардилар, (хокисорликни изҳор этиб) қўлларини баланд кўтарганларидан ҳатто қўлтиқларининг оқи кўринди. Сўнг одамларга орқа ўгириб (қиблага юзландилар) ва қўлларини кўтарган кўйи ридоларини тескари (яъни унинг ўнг томонини чап елкаларига, чап томонини ўнг елкаларига) кийиб олдилар. Сўнг одамларга юзландилар. Минбардан тушиб, икки ракаат намоз ўқидилар. Шунда Аллоҳ таоло (осмонда) булут пайдо қилди ва булутлар ичидан момақалдироқ гумбурлаб, яшин чақнади. Сўнг Аллоҳнинг изни ила ёмғир ёға бошлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтиб келиб, масжидларига кирмасларидан бурун сел оқа бошлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг (ёмғирдан қочиб) пана жойлар томон шошилаётганларини кўриб кулдилар, ҳатто жағ тишлари кўринди. Шунда у зот: «Гувоҳлик бераманки, Аллоҳ ҳар нарсага қодир зот ва мен Аллоҳнинг бандаси ва расулидирман», дедилар»[1].

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан истисқо намози ҳақида сўралганда бундай деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одми кийинган ҳолда ўзларини паст тутиб, хокисорлик, тавозе ва тазарру ила (уйларидан) чиқдилар. Намозгоҳга етиб келиб, минбарга кўтарилдилар. У зот (жума ва ҳайит намозларидаги каби) сизларга маълум бўлган хутбаларга ўхшаш хутба қилмадилар. Аксинча, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ялиниб-ёлвориб Аллоҳга дуо қилиш ва такбир айтишда давом этдилар. Сўнг худди ҳайит намози каби икки ракаат намоз ўқидилар»[2].

Юқоридаги ҳадислардан истисқо намози ўқиш тартибини шундай хулоса қилиш мумкин:

(1) Имом одамларга шаҳар ташқарисидаги намозгоҳда (ялангликда) тўпланиш учун муайян вақт белгилайди ва у ерга минбар ўрнатишни буюради.

(2) Одамлар жамоат бўлиб намоз ўқиш учун белгиланган вақтда намозгоҳга боришади. Намозгоҳга ҳайит намозидаги каби қуёш чиқиш пайтида бориш мустаҳабдир.

(3) Одамлар намозгоҳга боришар экан, Аллоҳга хокисорлик изҳор этиш учун оҳори тўкилган одми кийимлар кийишлари, ўзларини паст тутиб, хушу-хузу билан боришлари мақсадга мувофиқдир.

(4) Имом минбарга чиқиб, Аллоҳга ҳамд-сано, зикр ва такбир айтади, қўлларини баланд кўтариб, ялиниб-ёлвориб узоқ дуо қилади, такбир айтади, одамларга орқасини ўгириб, қиблага юзланади ва ридоси (тўни ёки яктаги)ни тескари қилиб кияди.

(5) Сўнг ҳайит намозидаги каби икки ракаат намоз ўқийди. Шофеий мазҳабига кўра, намозда худди ҳайит намозидаги каби қўшимча такбирлар айтилади. Бироқ жумҳур уламолар истисқо намозида мазкур такбирлар айтилмайди, дейишган. Шофеий мазҳабининг фикри тўғрироқдир.

Эслатмалар:

а) Уламолар истисқо намозида хутба намоздан олдин ёки кейин қилиниши хусусида ихтилоф қилишган. Жумҳур уламоларнинг фикрича, худди ҳайит намозидаги каби дастлаб намоз ўқилади. «Муснади Аҳмад»да келтирилган Абдуллоҳ ибн Зайд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда дастлаб намоз ўқилиши очиқча айтилган.

Тўғрироқ фикрга кўра, хутбани намоздан олдин қилиш ҳам, кейин қилиш ҳам жоиздир. Ибн Аббос ва Ойша разияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган ҳадисларда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам дастлаб хутба қилиб, сўнг намоз ўқиганлари собит бўлган. Абдуллоҳ ибн Зайд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи намоз ўқиб, сўнг хутба қилганлар.

б) Дуода қўл кўтариш тартиби:

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам (дуода) қўлларини кўтардилар, ҳатто қўлтиқларининг оқини кўрдим»[3].

Муслим ривоятида: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмғир сўраб дуо қилдилар ва кафтларининг орқаси билан осмонга ишора қилдилар», дейилади. Абу Довуд ривоятида: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмғир сўраб дуо қилар эканлар, мана бундай қилар эдилар: қўлларини чўзиб, кафт томонини ерга қаратиб турар, ҳатто мен у зот қўлтиқларининг оқини кўрар эдим», дейилади.

Мазкур ривоятларнинг барчаси Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуода қўлларини имкон қадар юқори кўтариб турганларини, қўлнинг кафт тарафи пастга, кафтнинг орқаси тепага қараб турганини, қўллари баланд кўтарилганидан қўлтиқларининг оқи кўринганини ва у зот дуо асносида қиблага юзланиб турганини кўрсатади.

в) Ридо (тўн ёки яктак)ни тескари кийиш тартиби:

Ридони тескари кийиш деганда ўнг елкасини чап елкага, чап елкасини эса ўнг елкага кийиш назарда тутилади.

Уламоларнинг айтишича, бунинг ҳикмати ҳолат ўзгаришини умид қилишдир.

Ридони тескари кийиш вақти қиблага юзланган вақтдир. Абдуллоҳ ибн Зайд Мозиний разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозгоҳга чиқиб, ёмғир сўраб дуо қилдилар. Қиблага юзланган вақтларида ридоларини тескари кийдилар»[4].

г) Намозда жаҳрий қироат қилинади. Аббод ибн Тамим амакисидан ривоят қилади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмғир сўраб дуо қилдилар ва икки ракаат намоз ўқидилар. Намозда жаҳрий қироат қилдилар»[5].

д) Намозда қайси суралар қироат қилинади?

Бу хусусда бирон саҳиҳ ҳадис келмаган. Бироқ ҳадисдаги «ҳайит намози каби ўқир эдилар» деган иборадан истисқо намозида ҳам ҳайит намозидаги суралар қироат қилинишини хулоса қилиш мумкин. Шунингдек, бу иборадан истисқо намозида ҳайит намозидаги каби қўшимча такбирлар айтилиши тушунилади.

е) Ҳайит намозида бўлгани каби истисқо намозида ҳам азон ва иқомат айтилмайди. Шунингдек, кусуф намозидаги каби «Ас-солату жаамеаҳ» деган ибора билан ҳам намозга чорланилмайди.

ё) Имом минбарга чиқадими?

Ойша ва Ибн Аббос разияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган ҳадислардан зоҳир бўлишича, имомнинг минбарга чиқиши жоиздир.

[1] Абу Довуд ривояти, 1173. Ҳадис ҳақида Абу Довуд: «ғариб ҳадис, санади жаййид (ҳасан)», деган. Шунингдек, ҳадисни Ҳоким (1/476), Албоний («Ал-мишкот», 1508) ва Арноут («Саҳиҳи Ибн Ҳиббон»га ёзган изоҳида, 2860) ҳасан деган бўлса, Нававий («Ал-мажмуъ», 5/64-бет) саҳиҳ деган.
[2] Ҳасан. Абу Довуд (1165), Термизий (558), Насоий (3/156), Ибн Можа (1266) ривояти. Термизий ҳасан деган.
[3] Бухорий (1030), Муслим (894), Абу Довуд (1171), Термизий (556), Насоий (3/155) ривояти.
[4] Бухорий (1012), Муслим (894), Абу Довуд (1167) ривояти.
[5] Бухорий (1024), Абу Довуд (1162), Насоий (3/157) ривояти.

Изоҳ қолдиринг