Шиаларнинг пайдо бўлиши

0

Шиаларнинг пайдо бўлиши

Шиалик қачон пайдо бўлгани ҳақида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Ихтилофнинг қисқача хулосаси қуйидагича:

  1. Шиалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замоналарида пайдо бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шиа тоифасининг асосчиси ҳисобланадилар.

Бу гапни шиа олимларидан Муҳаммад ибн Ҳусайн[1] ҳамда Ҳасан ибн Мусо Навбахтий ўзининг “Шиа фирқалари” китобида айтган. Шиаларнинг замондош олимларидан саналган Хумайний ҳам шу фикрда бўлган[2]. Ҳасан Шерозийга кўра, ислом шиалик, шиалик эса ислом деганидир. Шиа ва ислом сўзлари маънодош бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган дин маъносини ифодалайди[3]. Шерозийнинг фикрича, уларга шиа деган номни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам берганлар. Шерозий бу гапга қуйидаги ҳадисни далил қилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али розияллоҳу анҳуни кўрсатиб: “У ва унинг шиа-издошлари нажот топади” – деганлар. Лекин бу ҳадис ботил бўлиб, ҳужжатликка ярамайди.

Шиа олимларининг бу гапи на ақлга ва на мантиққа тўғри келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларни зулматдан нурга, бутпарастликдан тавҳидга, тарқоқликдан бирлик ва ҳамжиҳатликга олиб чиқиш учун юборилганлар. Шиалик эса шахсга сиғиниш, тарқоқлик ва ёлғон устига қурилган, жаҳолат ботқоғига ботган фирқа ҳисобланади.

  1. Шиалик Али розияллоҳу анҳу билан Талҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳумолар ўртасида бўлиб ўтган Жамал[4] жангида пайдо бўлган. Бу гапни Ибн Надим айтган. Унинг даъвосига кўра, Али розияллоҳу анҳу билан бирга чиқиб, унга эргашганлар ўша вақтдан бошлаб шиалар деган ном олишган[5].

  2. Ибн Ҳазм ва Аҳмад Амин[6] каби баъзи олимларнинг фикрича, шиалик Сиффин[7] жангидан кейин пайдо бўлган[8].

  3. Шиалик Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қатл этилишидан кейин пайдо бўлган. Бу шиа олимларидан Комил Мустафо Шайбийнинг сўзи. Унинг фикрича, Ҳусайн розияллоҳу анҳу қатл қилинганидан кейин шиалашиш жадал тус олган.

  4. Шиалик Усмон розияллоҳу анҳунинг охирги даврларида пайдо бўлиб, Али розияллоҳу анҳунинг даврида кучайган[9].

Бу фикрларнинг рожиҳи учинчи фикрдир. Чунки Сиффин жангидан кейин Хаворижлар ажралиб чиқиб, Наҳровандда бир гуруҳ тузиб олдилар. Али розияллоҳу анҳунинг издошлари эса уларга қарши чиқишди. Шундан кейин шиалашиш фикри аста-секин ривожлана бошлади. Бироқ Али розияллоҳу анҳуни ва унинг аҳли байтини ўзига дўст тутиш маъносидаги шиалик – агар шу ишни шиалик дейиш жоиз бўлса – бундан олдин ҳам бор эди. Лекин шиалар назарда тутган, фирқа сифатида шаклланган сиёсий шиалик, кейинчалик, Сиффин жангидан кейин пайдо бўлган.

[1] Эҳсон Илоҳий Заҳийрнинг “Шиа ва шиалашиш” китобидан, 19-бет.

[2] “Исломий ҳукумат” китоби, 136-бет.

[3] “Шаоири Ҳусайния” китоби, 11-бет.

[4] Жамал араб тилида туя дегани. Ҳижрий 36 йилда Басрада бўлиб ўтган бу жангда Ойша розияллоҳу анҳонинг туялари сўйиб юборилган ва шу боисдан Жамал, яъни туя жанги деб номланган.

[5] “Фиҳрист”,  249-бет.

[6] Мисрлик тарихчи, адиб ва мутафаккир (1886-1954).

[7] Бу жанг ҳижрий 37 йилда Али розияллоҳу анҳу билан Муовия розияллоҳу анҳу ўрталарида бўлиб ўтган.

[8] Эҳсон Илоҳий Заҳирнинг “Шиа ва шиалашиш” китобидан, 25-бет.

[9] “Рофизийларга раддия” рисоласи, 42-бет.

Изоҳ қолдиринг