Маййитлар ҳаққига қилинадиган дуо ва салом кўринишлари

0

264 – Маййитлар ҳаққига қилинадиган дуо ва салом кўринишлари

Ибн Қаттон айтади: «Қабрларга салом бериш тўғрисида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мутавотир ҳадислар, у зотнинг саҳобалари ва тобеинлардан кўплаб нақллар ривоят қилинган. Мен билган одамларнинг барчаси уни жоиз дейди»[1].

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қабристон аҳлига салом бериш ва ҳақларига дуо қилишга оид талай иборалар келган. Жумладан: «Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга қабристонга чиқсалар бундай дейишни ўргатар эдилар:

Абу Бакр ривоятида:

السَّلَامُ عَلَى أَهْلِ الدِّيَار

«Ассалааму алаа аҳлид-дийар» (Қабристон аҳлига салом бўлсин).

Зуҳайр ривоятида:

السَّلَامُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الدِّيَارِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ، وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ لَلَاحِقُونَ، أَسْأَلُ اللهَ لَنَا وَلَكُمُ الْعَافِيَةَ

«Ассалааму алайкум аҳлад-дийари минал-муъминийна вал-муслимийн, ва иннаа иншааллоҳу ла-лааҳиқуун, асъалуллоҳа ланаа ва лакумул-аафия» (Мўмин-мусулмон қабристон аҳли, сизларга салом бўлсин. Бизлар ҳам иншооллоҳ сизларнинг ортингиздан борамиз. Аллоҳдан сизу бизга саломатлик ва омонлик сўрайман)[2].

Ойша разияллоҳу анҳо ривоятида:

السَّلَامُ عَلَى أَهْلِ الدِّيَارِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ يَرْحَمُ اللهُ الْمُسْتَقْدِمِينَ مِنَّا وَالْمُسْتَأْخِرِينَ وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ بِكُمْ لَلَاحِقُونَ

«Ассалааму алаа аҳлид-дийари минал-муъминийна вал-муслимийн, ва ярҳамуллоҳул-мустақдимийна миннаа вал-мустаъхирийн, ва иннаа иншааллоҳу бикум ла-лааҳиқуун»»[3] (Мўмин-мусулмон қабристон аҳлига салом бўлсин. Аллоҳ дунёдан ўтганларимизни ҳам, қолган тирикларимизни ҳам раҳм айласин. Бизлар ҳам иншооллоҳ сизларга етишувчимиз).

Яна бир ривоятда:

السَّلَامُ عَلَيْكُمْ دَارَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ، وَأَتَاكُمْ مَا تُوعَدُونَ غَدًا مُؤَجَّلُونَ، وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ بِكُمْ لَاحِقُونَ، اللهُمَّ اغْفِرْ لِأَهْلِ بَقِيعِ الْغَرْقَدِ

«Ассалааму алайкум даара қавмин муъминийн, ва атаакум ма тувъадууна, ғодан муажжалун, ва инна иншааллоҳу бикум лааҳиқуун, Аллоҳумма иғфир ли-аҳли бақиъ ал-ғорқад» (Қабристон мўмин жамоати, сизларга салом бўлсин. Сизларга ваъда қилинган ўлим келди, эртага бизнинг ҳам ажалимиз етади. Бизлар ҳам иншооллоҳ сизларга етишувчимиз. Эй Аллоҳ, «бақеъ ғарқад» аҳлини мағфират қилгин)[4].

Яна бир ривоятда:

السَّلَامُ عَلَيْكُمْ دَارَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ، أَنْتُمْ لَنَا فَرَطٌ وَإِنَّا بِكُمْ لَاحِقُونَ، اللَّهُمَّ لا تَحْرِمْنَا أَجْرَهُم، ولا تَفْتِنَّا بعدهم

«Ассалааму алайкум даара қавмин муъминийн, антум ланаа фаротун, ва иннаа бикум лааҳиқуун. Аллоҳумма лаа таҳримнаа ажроҳум, ва лаа тафтиннаа баъдаҳум» (Қабристон мўмин жамоати, сизларга салом бўлсин. Сизлар биздан аввал ўтиб кетдинглар, биз ҳам сизларга етишувчимиз. Эй Аллоҳ, уларнинг савобларидан бизни маҳрум этма ва улардан сўнг бизни адаштирма)[5].

Бошқа бир ривоятда:

السَّلاَمُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الدِّيَارِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ، وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللَّهُ بِكُمْ لَلاَحِقُونَ، أَنْتُمْ لَنَا فَرَطٌ وَنَحْنُ لَكُمْ تَبَعٌ، فَنَسْأَلُ اللَّهَ لَنَا وَلَكُمْ الْعَافِيَةَ

«Ассалааму алайкум аҳлад дийари минал муъминийна вал-муслимийн, ва иннаа иншааллоҳу бикум ла-лааҳиқуун. Антум ланаа фаротун, ва наҳну лакум табаъун, фа насъалуллоҳа ланаа ва лакумул аафия» (Мўмин-мусулмон қабристон аҳли, сизларга салом бўлсин. Бизлар ҳам иншооллоҳ сизларга етишувчимиз. Сизлар бизни ортда қолдириб кетдинглар, биз ҳам сизларга эргашувчимиз. Аллоҳдан сизу бизга офият сўраймиз)[6].

Зиёратчи биродарим, юқоридаги дуоларга қўшимча қилсангиз ҳам, «камайтирсангиз ҳам зарари йўқ. Мақсад маййитлар ҳаққига қўлдан келганча дуо қилишдир. Зеро, улар амаллари узилган кишилар бўлгани сабабли дуога ниҳоятда муҳтождирлар»[7].

[1] «Ал-иқноъ фий масоил ал-ижмоъ», 1/190, 1059-рақам.
[2] Ҳадис тахрижи 89-масалада ўтди.
[3] Ҳадис тахрижи 89-масалада берилди.
[4] Муслим ривояти, 102, 974-ҳадислар.
[5] Ибн Можа (1546) ривояти. Албоний: «“Аллоҳумма лаа таҳримнаа”гача бўлган қисми саҳиҳ», деган («Заифу сунани Ибн Можа», 120-бет, 302-рақам. «Мактабат ал-маориф» нашри, биринчи нашр, 1417 ҳ.й.)
[6] Имом Аҳмад (23039) ва Насоий (2043) ривояти, ҳадис лафзи Имом Аҳмадга оид. Албоний «Саҳиҳу сунани Насоий»да (2/438, 1927-ҳадис) саҳиҳ деган.
[7] «Ал-мадхал», 1/249.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг