Намоз: Истисқонинг бошқа йўллари

0

Истисқонинг бошқа йўллари

Истисқо намозининг юқорида келтирилгандан бошқача кўринишлари ҳам мавжуд. Жумладан:

Истисқо намози жума кунига тўғри келиб қолса, истисқо хутбаси ва намози жума намози ва хутбаси билан бирлашиши ҳам мумкин.

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жума куни хутба қилиб турар эканлар, бир киши «Дорул қазо» томондаги эшикдан масжидга кириб келди. Тик турган кўйи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга юзланди ва деди: «Ё Расулуллоҳ, (қурғоқчилик сабабли) мол-мулк (ҳайвонлар) ҳалок бўлди, (йўлда сув ва ўт-ўлан йўқлиги ва туялар қирилиб кетгани туфайли) сафарга чиқишлар тўхтади. Аллоҳга дуо қилинг, ёмғир ёғдирсин». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини дуога кўтариб: «Ё Аллоҳ, бизларга ёмғир ёғдир, ё Аллоҳ, бизларга ёмғир ёғдир», дедилар. Аллоҳга қасамки, осмонда на катта ва на кичик бирон булутни кўрар эдик. Айни пайтда биз билан (Мадина яқинидаги) Салъ тоғи ўртасида (булутни кўришга халақит берадиган) на бирон ҳовли ва на бирон уй бор эди. Бирдан тоғ орқасидан худди қалқонга ўхшаш (юмалоқ) бир булут парчаси пайдо бўлди. Булут кўтарилиб, осмоннинг ўртасига келганида ёйилди ва ёмғир ёға бошлади. Аллоҳга қасамки, (булут ва ёмғир сабабли) етти кун қуёш кўрмадик.

Келгуси жума куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тик турган ҳолда хутба қилар эканлар, ўша эшикдан бир киши (ёхуд олдинги кишининг ўзи) кириб келди. Тик турган кўйи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга юзланиб: «(Ёмғир кўплигидан) мол-мулклар нобуд бўлди, сафарлар тўхтаб қолди. Аллоҳга дуо қилинг, ёмғирни тўхтатсин», деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб дедилар: «Ё Аллоҳ, устимизга эмас, атрофимизга ёғдир. Ё Аллоҳ, тепаликларга, қир-адирларга, сойларга, яйловларга ёғдир». Шунда ёмғир ёғиши тўхтади ва бизлар (масжиддан) чиқиб, (очиқ ҳавода) юриб кетдик»[1].

Юқоридаги ҳадисга кўра, истисқо учун жума хутбасида ёмғир сўраб дуо қилиш, дуо асносида имом ҳам, одамлар ҳам қўлларини кўтариши кифоя экан. Дуо асносида одамлар ҳам имомга қўшилиб қўлларини кўтаришлари Бухорийга оид ривоятлардан бирида келган[2].

Мазкур кўринишда ёмғир сўраб дуо қилинганда имом одамларга орқа ўгириб, қиблага юзланиб турмайди, ридосини тескари ҳам киймайди.

Яна истисқо кўринишларидан бири жума кунидан бошқа пайтларда масжидда ҳам, масжиддан ташқаридаги мусаллодан ҳам намоз ўқимасдан, шунчаки ёмғир сўраб дуо қилинишидир.

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига (қурғоқчиликдан озор чекиб) йиғлаган (аёл)лар (шикоят қилиб) келишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ё Аллоҳ, бизларга қийинчиликдан халос этадиган, оқибати яхши, унумдорликка сабаб бўладиган, безарар, фойдали, кечикмасдан дарҳол келадиган ёмғир ёғдир», деб дуо қилдилар. Шундан сўнг бирдан шаррос ёмғир ёға бошлади»[3].

[1] Бухорий (1013, 1014, 6342), Муслим (897), Абу Довуд (1174, 1175), Насоий (3/154), Ибн Можа (1269) ривояти.
[2] Бухорий (1013), Ибн Хузайма (1423) ривояти.
[3] Абу Довуд ривояти, 1169.

Изоҳ қолдиринг