Шуни яхши билиш лозимки, ёмғир ёғмай қўйишига одамларнинг тарози ва ўлчов идишларидан уриб қолиши, мол-мулкларининг закотини адо этмасликлари каби гуноҳлар сабаб бўлади.
Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: «Эй муҳожирлар жамоати, беш иллат борки, агар сизлар бу иллатларга чалиниб, улар (ичингизда) пайдо бўлса, (шу дунёнинг ўзидаёқ сизларга Аллоҳнинг азоби келади). Бу иллатларга дучор бўлишдан Аллоҳ сизга паноҳ берсин! Бирон бир қавмда фоҳишабозлик пайдо бўлиб, уни очиқчасига қила бошласалар, албатта уларнинг ичида ўтган аждодларида юз бермаган (турли) вабо ва касалликлар тарқалади. Агар ўлчов идишлари ва тарозидан уриб қолсалар, албатта қаҳатчилик, етишмовчилик ва подшоҳларнинг зулми билан жазоланадилар. Борди-ю, мол-мулкларининг закотини бермас эканлар, осмондан келадиган ёмғирдан маҳрум қилинадилар ва чорва моллари бўлмаганида уларга (мутлақ) ёмғир ёғмаган бўлур эди. Аллоҳнинг аҳдини ва Расулининг аҳдини бузсалар, шубҳасиз Аллоҳ улар устидан ғайримусулмон душманни ҳукмрон қилиб қўяди ва улар мусулмонларнинг қўлларидаги бойликларни талон-тарож қиладилар. Борди-ю, мусулмон ҳокимлар Аллоҳнинг китоби ила ҳукм қилмас эканлар, албатта Аллоҳ уларни ўзаро ички келишмовчилик ва низоларга гирифтор қилиб қўяди»[1].
Ёмғир сўраб дуо қилиш учун солиҳ ва тақводор кишиларни ихтиёр этиш мустаҳабдир. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу қурғоқчилик юз берса, Аббос ибн Абдулмутталиб разияллоҳу анҳудан дуо қилишини сўраб бундай дер эди: «Ё Аллоҳ, биз Сенга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламни васила қилиб дуо қилар ва Сен бизларга ёмғир ёғдирар эдинг. Мана энди Пайғамбаримизнинг амакиларини васила қиламиз, бизларга ёмғир ёғдир». Шундан сўнг ёмғир ёғар эди»[2].
Ҳадисдан мурод Аллоҳга шахснинг ўзини ёки обрў-эътиборини васила қилиш эмас. Ҳадисни тўғри тушунишга фаҳми етмаган кўпчилик инсонлар шахснинг ўзи васила қилинади, деб ўйлайдилар. Тўғрироқ фикрга кўра, мазкур василадан мақсад ўша шахсдан дуо қилишини сўраш демакдир. Қуйидаги далиллар шуни кўрсатади:
(1) Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни «Саҳиҳи Бухорий» китобида «Қурғоқчилик бўлганда одамлар имом (халифа)дан ёмғир сўраб дуо қилишини сўрашлари» деган бобда келтирган.
(2) Ҳадисдаги Умар разияллоҳу анҳунинг «биз Сенга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламни васила қилиб дуо қилар эдик» деган сўзини тушуниш учун воқеликка мурожаат этиш лозим. Истисқо намози ва дуосига оид «Саҳиҳайн» ва «сунан» тўпламларида келган барча ҳадислар шуни кўрсатадики, саҳобалар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёмғир сўраб дуо қилишларини сўраган, у зотнинг ўзлари ёки обрў-эътиборлари билан васила қилишган эмас.
(4) Шахснинг ўзини ёки обрўсини васила қилиш жоиз бўлганида саҳобалар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни қўйиб, Аббос разияллоҳу анҳу ёки ундан бошқани васила қилишмаган бўлар эди.
Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний раҳимаҳуллоҳ тавассул бобида кенг қамровли бир китоб ёзган ва ушбу мавзуни илмий асосда атрофлича баён этган.
[1] Ҳасан. Ибн Можа (4019), Ҳоким (4/582), Табароний («Ал-авсат», 5/161) ривояти. Ҳадис санадида заифлик мавжуд. Бироқ Шайх Албоний «Ас-саҳиҳа»да (106, 107) ҳадиснинг ривоят йўллари ва ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадисларни зикр қилган. [2] Бухорий (1010), Ибн Хузайма (1421), Ибн Ҳиббон (2861), Табароний («Ал-кабир», 1/72) ривояти. [3] Бу ҳадисни Ибн Ҳажар «Фатҳ ал-Борий»да (2/497-бет) келтириб, Зубайр ибн Баккорга нисбат берган. Ҳадис санади тўғрисида бирон сўз айтмаган. Бироқ мен ҳадис санадини топа олмадим.