Макка босқичида яҳудийларнинг роли ва Макка мушрикларига кўрсатган ёрдамлари
Қуръонда бир қанча сураларда Бани Исроил ҳақида сўз юритилган. Макка даврида улар ҳақида сўз юритган сураларнинг сони элликка яқиндир. Мадина даврида Исломга қарши курашларда яҳудийларнинг роли жуда ҳам катта бўлди. Қуръонда бирон миллат ёки қавм ҳақида яҳудийлар ҳақида сўзлангани каби кўп ва батафсил гапирилмаган. Яҳудийлар ҳақида сўз борар экан, Аллоҳ таоло уларнинг кирдикорларини ўта нозик услуб билан ўша даврнинг даъват босқичига мутаносиб равишда баён этади. Макка мушрикларининг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган ҳақни қабул қилмасликлари улардан олдин ўтган Од, Самуд, Фиръавн, Бани Исроил, Туббаъ қавми ва Рас асҳобларининг ўз пайғамбарлари келтирган ҳақни қабул қилмасликлари билан бир хил ҳолат эканига ишора қилади[1].
Қурайш ҳақ даъват қаршисида ожиз қолгач, Назр ибн Ҳорис бундай деди: “Эй Қурайш жамоаси, Аллоҳга қасам, бошингизга катта мусибат келди. Ундан қутулишнинг иложини топинглар. Яхшилаб ўйлаб кўринглар. Аллоҳга қасам, улкан мусибатга гирифтор бўлдингиз”. Қурайш Назрнинг бу сўзидан сўнг уни ва у билан бирга Уқба ибн Абу Муайтни Мадинадаги яҳудийларнинг олимлари ҳузурига юборишга қарор қилдилар. Бу билан даъватнинг асл моҳиятини ўрганиб, унга қарши чора-тадбирлар олмоқчи бўлдилар. Яҳудийлар уларга албатта ёрдам беришига ишончлари комил эди. Улар яҳудийларнинг барча пайғамбарларга қилган адоватларидан хабардор эдилар. Шунинг учун улардан маслаҳат олиш мақсадида Мадинага ўз вакилларини юбордилар. Бошқа томондан, Қурайш Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам араблардан бўлганликлари учун яҳудийлар у зотга адоват қилишлари аниқ эканини билар эдилар. Чунки яҳудийлар узоқ даврлардан бери араб диёрларида янги пайғамбар чиқишини кутиб яшар эдилар. Унинг чиқиши ҳам яқинлашиб қолган эди. Яҳудийлар янги пайғамбарни ўзларидан бўлади, деб ўйлаб, келажакда унинг ёрдами ила камбағалликдан, тарқоқликдан қутуламиз, деб ўйлаган эдилар. Лекин иш улар ўйлагандек бўлиб чиқмади[2].
Мушриклар билан яҳудийлар Ислом даъватини йўқ қилишга тил бириктирдилар. Маккадан Мадинага яҳудийлардан маслаҳат сўраш учун Қурайш вакиллари келишди. Уларга Мадина яҳудийлари Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга бир нечта савол беришни маслаҳат бердилар.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қурайш Назр ибн Ҳорис билан Уқба ибн Муайтни Мадинага яҳудийлардан маслаҳат олиш учун жўнатди. Уларга: “Муҳаммад ҳақида яҳудийлардан маслаҳат сўранглар. Олдин уларга унинг сифатларини айтиб беринглар. Чунки яҳудийлар самовий китоб берилган қавм. Пайғамбарлар ҳақида бизда йўқ илм уларда бор”, дейишди. Назр ва Уқба Мадинага келиб, яҳудийларнинг уламоларидан Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида маслаҳат сўрадилар. Олдинига уларга у зотнинг сифатларидан ва сўзларидан айтиб, сўнг: “Сизлар Таврот берилган қавмсиз, биз анави одам ҳақида сизлардан маълумот олгани келдик”, дедилар. Яҳудий уламолари: “Муҳаммадга учта савол беринглар. Агар у бу саволларга жавоб бера олса, ҳақиқий пайғамбар бўлади. Жавоб бера олмаса, у ҳолда ёлғончи бўлади. Ундан кейин нима қилишни ўзингиз биласиз”, дедилар. Сўнг саволларни айтдилар: “Ўтмиш замонда қавмидан қочиб, ғойиб бўлган ёш йигитлар ва уларга нималар бўлгани ҳақида сўранглар. Дарҳақиқат, улар бошдан кечирган воқеа жуда қизиқ эди. Яна ернинг машриқу мағрибини кезиб чиққан киши ҳақида сўранглар. Унинг қиссасини ҳикоя қилиб берсин. Кейин руҳ ҳақида савол беринглар. Агар у мана шу учта саволга тўғри жавоб берса, у ҳолда у ҳақиқий пайғамбардир. Унга эргашинглар. Агар бу саволларга жавоб беролмаса, у ҳолда у ёлғончидир. Ундан кейин нима қилишни ўзингиз биласиз”, дедилар. Назр ва Уқба яҳудийлардан маслаҳатни олиб, Маккага қайтиб келишди ва Қурайшга: “Биз Муҳаммад билан ўртамиздаги келишмовчиликни узил-кесил ҳал қилувчи чорани топдик. Яҳудий уламолар бизга Муҳаммадга учта савол беришни маслаҳат бердилар”, дейишди ва саволлар нимадан иборатлигини айтишди. Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Эй Муҳаммад, бизнинг сенга берадиган саволларимиз бор”, дедилар. Сўнг мазкур уч саволни сўрадилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саволларингизга эртага жавоб бераман”, дедилар. Лекин “Худо хоҳласа” дейишни унутдилар. Шундан сўнг ўн беш кун ўтиб кетдики, бу ҳақда Аллоҳдан ваҳий келмади. Ҳатто Жаброил алайҳиссалом ҳам келмади. Маккалик мушрикларга гап топилди, улар: “Муҳаммад бизга эртага жавоб бераман, деганига мана ўн беш кун ҳам ўтди, ҳали жавоб йўқ”, дейишарди. Ваҳийнинг кечикиши ҳамда Макка аҳлининг гаплари Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга оғир ботди. Ниҳоят Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолодан Каҳф сурасини олиб келди. Сурада Аллоҳ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга қавмнинг гап-сўзларидан ғамга тушмасликлари кераклигини айтиб, танбеҳ берди. Сўнг ёш йигитлар воқеаси ва дунёнинг машриқу мағрибини кезиб чиққан одам ҳақида хабар берди. Руҳ ҳақида қуйидаги оят нозил бўлди:
“Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтингки, руҳ(нинг моҳияти ва унинг ҳолатлари) Аллоҳнинг ўзигагина маълум бўлган ишлардан. Сизларга (ва умуман инсон зотига) жуда оз илм берилгандир” (Исро, 85).
Каҳф сураси уларнинг саволларига жавоб бўлибгина қолмай, Аллоҳ таоло Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кучсиз асҳобларини, яқин келажакда, худди қавмининг фитнасидан динларини олиб қочган ёш йигитларни ғор ўз ҳимоясига олганидек, ҳимоясига олишига ишора бўлди.
Қурайшга ёрдам берган, ҳақиқат нурини ўчиришга ҳаракат қилган яҳудийлар яшаб турган Мадина шаҳрида яқинда Аллоҳнинг динига хизмат қилувчи мўмин тоифа паноҳ топади. Яҳудийлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбар эканликларида шубҳа қўзғатмоқчи бўлган эдилар. Аслида, Пайғамбарга савол бериш билан унинг ҳақ пайғамбар эканини билиш нотўғри услуб. Чунки Мусо алайҳиссалом ҳам кўз ўнгида Хизр алайҳиссаломнинг қилган учта ишидан таажжубга тушган, уни инкор этган эди. Ваҳоланки, у зот Бани Исроилнинг энг катта пайғамбарларидан эди. Лекин бу ишларнинг сирини билмаслиги унинг пайғамбарлигига нуқсон етказмади, Бани Исроил бу воқеалардан кейин ҳам Мусо алайҳиссаломнинг ҳақиқий пайғамбар эканлигида шубҳа қилмади. Ҳақиқий пайғамбар эканлигини билиш учун унга бунақа саволлар бериб синамади[3].
Аллоҳ таоло бундай муносабатни мўмин тоифага яқинда нусрат келишига ишора ўлароқ васила қилди. Ғор эгалари ғордан паноҳ топганларидек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари ҳам яқинда Мадинадан паноҳ топадилар. Шаҳарликлар ғор аҳлининг бирининг юзидан таниб олганлари каби Мадина аҳли ҳам бу мўмин тоифани ўз ватанларида қучоқ очиб кутиб оладилар[4].
[1] Мустафо Муслим, “Маалим қуръания фис-сироъ маал-яҳуд”, 30, 31-бетлар.
[2] Абдуллоҳ ал-Шақорий, “Ал-яҳуду фис-суннат ал-мутаҳҳара”, 1/188-бет.
[3] Мустафо Муслим, “Мабоҳис фит-тафсир ал-мавзуий”, 189-бет.
[4] Абул Ҳасан Надавий, “Тааммулаатун фил-каҳф”, 46-бет.