Саждаи саҳв борасида олтита ҳадис келган бўлиб, бу бобга тегишли барча масалалар шу ҳадислар атрофида айланади.
1) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Намозга) азон айтилса, азонни эшитмаслик учун шайтон овозли ел чиқарган ҳолда қоча бошлайди. Азон тугагач, қайтиб келади. Намозга иқомат айтилса яна қочади. Иқомат тугагач, инсон қалбига васваса қилиш (уни намоздан чалғитиш) учун яна қайтиб келади. Унга: «Фалон ишни эсла, пистон ишни эсла», дея эсида йўқ ишларни эслата бошлайди. Натижада инсон қанча намоз ўқиганини билмай қолади. Агар биронтангиз қанча намоз ўқиганини билмай қолса, ўтирган кўйи икки марта сажда қилсин»[1]. Абу Довудга оид бир ривоятда: «Салом беришдан олдин ўтирган ҳолида икки марта сажда қилсин», дейилади.
2) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам куннинг иккинчи ярмида (қуёш заволга оққандан то кун ботгунгача бўлган вақтда) ўқиладиган икки намоздан бирини – пешин ёки аср намозини ўқидилар. Икки ракаат ўқиб, салом бердилар. Сўнг масжид қибласи томондаги ғўланинг олдига бориб, унга суяндилар. Шошилиб турган одамлар (масжиддан) чиқиб кетишди. Зулядайн ўрнидан туриб: «Ё Расулуллоҳ, намоз қисқардими ёки унутдингизми?» деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг ва чап томонга қарадилар ва: «Зулядайн нима деяпти?» дедилар. Саҳобалар: «Тўғри айтяпти, сиз бор-йўғи икки ракаат намоз ўқидингиз», дейишди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам (яна) икки ракаат ўқиб, салом бердилар. Сўнг такбир айтиб (Аллоҳу акбар деб), сажда қилдилар. Сўнг такбир айтиб, бошларини саждадан кўтардилар. Сўнг такбир айтиб яна сажда қилдилар. Сўнг такбир айтиб бошларини саждадан кўтардилар»[2].
3) Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозини ўқир эканлар, уч ракаатдан кейин салом бердилар. Сўнг уйларига кирдилар. Шунда қўллари (бошқаларникидан) узун бўлган Хирбоқ деган киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб: «Ё Расулуллоҳ», дея у зотдан содир бўлган ишни айтиб берди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабнок ҳолатда ридоларини судраганча одамлар олдига чиқиб келдилар-да: «Бу тўғри айтяптими?» дедилар. Одамлар: «Ҳа», дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ракаат ўқиб, салом бердилар. Сўнг икки марта сажда қилиб, сўнг салом бердилар»[3].
4) Абдуллоҳ ибн Буҳайна разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин намозини ўқир эканлар (иккинчи ракаат саждасидан кейин биринчи қаъдага) ўтирмай қиёмга туриб кетдилар. Намозни тугатгач, салом беришдан олдин унутиб қўйган қаъдаларининг ўрнига ўтирган кўйи икки марта саждаи саҳв қилдилар, ҳар бир сажда(га бориш ва саждадан бош кўтариш)да такбир айтдилар. У зотга эргашиб одамлар ҳам икки марта сажда қилишди»[4].
5) Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқидилар. Иброҳим айтади: «Намозга қўшиб юбордилар ёки камайтирдилар»[5]. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам салом бергач, у зотга: «Ё Расулуллоҳ, намозга бирон янгилик киритилдими?» дейилди. У зот: «Нега бундай деяпсизлар?» дедилар. Одамлар: «Сиз бундоқ-бундоқ намоз ўқидингиз», дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам оёқларини букиб (қаъдада) ўтирдилар, қиблага юзландилар ва икки бор саждаи саҳв қилдилар. Сўнг салом бердилар. Сўнг бизларга ўгирилиб ўтирдилар ва шундай дедилар: «Агар намозда бирон янгилик юз берса, албатта сизларни бундан хабардор қиламан. Аммо мен ҳам сизлар каби инсонман, сизлар унутганингиздек мен ҳам унутаман. Агар (намозда бирон нарсани) унутиб қўйсам, эслатинглар. Агар биронтангиз намозида иккиланиб қолса (яъни неча ракаат ўқиганини билмай қолса), тўғрисини билишга ҳаракат қилсин (ҳақиқатга яқинроқ деб билган гумонига қарасин), сўнг намознинг қолганини ўзи тўғрироқ деб билган гумонига кўра охирига етказсин. Сўнг икки марта саждаи саҳв қилсин». Бошқа бир ривоятда: «Сўнг салом берсин. Сўнг икки марта сажда қилсин». Айрим ривоятларда: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешинни беш ракаат ўқидилар»[6], дейилади.
6) Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар биронтангиз намозда неча ракаат ўқиганини билмай қолса, уч ракаат ўқидимми ёки тўрт ракаатми, дея иккиланса, иккиланишни (яъни тўрт ракаат ўқидим деган эҳтимолни) ташлаб, аниқ билганига (яъни уч ракаат ўқидим деган эҳтимолга) кўра намозни давом эттирсин. Сўнг салом беришдан олдин икки марта саждаи саҳв қилсин. Агар жами беш ракаат ўқиган бўлса, саждаи саҳв билан намозини жуфт (яъни олти ракаат)га айлантирган бўлади. Борди-ю, (аслида уч ракаат ўқиган-у, сўнг иккиланиб ўқиган бир ракаат намози) тўртинчи ракаат бўлса, у ҳолда саждаи саҳв шайтоннинг бурнини ерга ишқаш (яъни уни хорлаш) учун қилинган бўлади»[7].
[1] Бухорий (608, 1231), Муслим (389), Абу Довуд (516), Насоий (3/31) ривояти. [2] Бухорий (714, 1228), Муслим (573), Абу Довуд (1016), Термизий (399), Насоий (3/22) ривояти. [3] Муслим (574), Абу Довуд (1018), Насоий (3/26), Ибн Можа (1215) ривояти. [4] Бухорий (830, 1230), Муслим (570), Абу Довуд (1034), Термизий (391), Насоий (3/19) ривояти. [5] Ҳадисни Алқама ибн Қайсдан ривоят қилган Иброҳим Нахаий айтади: «Алқама Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга қўшиб юбордилар дедими ёки камайтирдилар, дедими, билмай қолдим». [6] Бухорий (6671), Муслим (572), Абу Довуд (1021), Термизий (393), Насоий (3/33), Ибн Можа (1203) ривояти. [7] Муслим (571), Абу Довуд (1026), Насоий (3/27), Ибн Можа (1210) ривояти.