Биринчи масала: Бир ёки бир неча ракаат қолдириб, сўнг салом бериш
Агар намозхон бир ёки бир неча ракаатни тарк этса ва намоздан кейин бир, икки ёки уч ракаат қолдирганига ишонч ҳосил қилса, агар орадан кўп вақт ўтмаган бўлса, қолиб кетган ракаатларни келган жойидан давом эттириб ўқийди. Бу ҳолатда саломдан кейин гапирган, масжиддан чиққан ёки қибладан бурилган бўлишининг ёки шунга ўхшаш хатти-ҳаракатлар қилган бўлишининг зарари йўқ. Мазкур ҳолатда саждаи саҳв саломдан кейин қилинади. Юқорида Абу Ҳурайра ва Имрон разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадислар шуни кўрсатади.
Аммо орадан кўп вақт ўтгандан кейин намозда бир ёки бир неча ракаат қолдирганини эсласа, у ҳолда намозни қайтадан ўқийди[1]. Имом Моликнинг фикрича, гарчи орадан кўп вақт ўтган бўлса ҳам, модомики таҳорати бузилмаган бўлса, намозни келган жойидан давом эттириши жоиздир.
Юқорида айтилган гап намоз тугагандан кейин намозда бир ёки бир неча ракаат қолдирилгани аниқ билинган ҳолатга тегишли. Аммо саломдан кейин намоз чала ўқилгани тўғрисида шак пайдо бўлган ҳолатга келсак, бунинг ҳукми борасида уламолар ихтилоф қилишган. Нававий тўғрироқ деб билган фикрга кўра, саломдан кейинги шакнинг намозга таъсири йўқдир[2].
Иккинчи масала: Намоз рукнларидан бирининг қолиб кетиши
Агар намозда бирон рукн тарк этилса, масалан, биринчи ракаатдан кейин битта сажда қилиниб, иккинчи ракаатга туриб кетилса, руку ёки рукнларда хотиржам туриш тарк этилса, сўнг навбатдаги ракаатга ўтилганда хато эсланса, имом Аҳмаднинг ўзидан нақл қилинган фикрга кўра, агар намозхон қироатни бошлаб юборган бўлса, рукнларидан бири тарк этилган ракаат ботил бўлиб, қироати бошлаб юборилган навбатдаги ракаат ботил бўлган ракаат ўрнига ўтади.
Аммо намозхон навбатдаги ракаат қироатини бошламасдан олдин хатосини эсласа, у ҳолда қолдирилган рукнга қайтиб, ўша жойдан намозни давом эттиради. Шофеий мазҳабига кўра, ушбу масалада турли қарашлар мавжуддир.
Учинчи масала: Неча ракаат ўқиганини билмай иккиланиб қолиш
Биринчи ҳолат: эҳтимоллардан бирининг устун бўлиши
Агар инсон икки ракаат ёки уч ракаат ўқигани ҳақида иккиланиб қолса ва унинг наздида бу икки эҳтимолдан бири устунроқ бўлса, у ҳолда ўша устун эҳтимолга кўра намозни давом эттиради. Сўнг саломдан олдин саждаи саҳв қилади.
Иккинчи ҳолат: эҳтимолларнинг ўзаро тенг бўлиши, бирининг иккинчисидан устун бўлмаслиги
Бундай ҳолатда намозхон бажарилгани аниқроқ бўлган камроқ ракаатни ихтиёр қилади. Масалан, икки ракаат ўқидими ёки уч ракаат эканида иккиланса, икки ракаат ўқидим, деб ҳисоблайди. Чунки шуниси аниқ, уч ракаат ўқигани эса даргумондир. Сўнг саломдан олдин саждаи саҳв қилади. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шунга далолат қилади.
Тўртинчи масала: Намоздаги вожиб амаллардан бирини тарк қилиш
Агар намозхон намоз вожибларидан бирини тарк этса, ўша вожибга қайтиб, намозни ўша жойдан давом эттириши талаб этилмайди. Аммо бунинг учун саждаи саҳв қилинади[3].
Бешинчи масала: Намоздаги суннат амаллардан бирини тарк қилиш
Намозхон намоз суннатларидан бирини унутиб қолдирса[4], бунинг зарари йўқ. Суннат тарк этилгани учун саждаи саҳв қилинмайди ёки суннат тарк этилган жойдан намозни давом эттириш учун қайтилмайди. Борди-ю, суннатни бажариш учун қайтса, Нававий раҳимаҳуллоҳнинг айтишича, агар бу ишнинг ҳаромлигини билатуриб қасддан қайтган бўлса, намози ботил бўлади, аммо унутиб ёки билмасдан қайтса, намоз ботил бўлмайди[5].
Олтинчи масала: Намозда бундан бошқа хатоликларга йўл қўйиш
Намозхон юқорида айтилгандан бошқа ҳолатларда намозда хато қилса, масалан, ўтириш лозим бўлган жойда туриб кетса ёки аксинча, туриш лозим бўлган жойда ўтириб олса, махфий айтиладиган жойда жаҳрий айтса ёки аксинча, жаҳрий айтиладиган жойда махфий айтса, беш ракаат ўқиса, ортиқса сажда қилиб юборса, мазкур ҳолатларнинг барчасида саждаи саҳв қилади. Уламолар бу ҳолатларда саломдан олдин ёки кейин саждаи саҳв қилиш хусусида ихтилоф қилишган. Тўғрироқ фикрга кўра, саломдан олдин ҳам, кейин ҳам саждаи саҳв қилса бўлаверади. Чунки бу каби ҳолатларда саждаи саҳв қилиш ўрнини аниқ белгилаб берадиган далиллар келмаган.
Дарҳақиқат, Шавконий раҳимаҳуллоҳ саждаи саҳв қилиш ўрни тўғрисида саккизта фикрни келтириб, ортидан бундай дейди: «Бу борада айтиладиган энг яхши фикр шу: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ёки қилган ишлари саломдан олдин саждаи саҳв қилишни тақозо қилса, саломдан олдин, саломдан кейин саждаи саҳв қилишни тақозо этса, саломдан кейин сажда қилинади. Бинобарин, намозда саломдан олдин саждаи саҳв қилишни тақозо этган хато-камчиликлар учун саломдан олдин сажда қилинса, саломдан кейин саждаи саҳв қилишни тақозо этган хато-камчиликлар учун саломдан кейин сажда қилинади. Саломдан олдин ёки кейин саждаи саҳв қилишга боғлиқ қилинмаган хато-камчиликлар учун, хоҳ бу хатолар намозга бирон амални қўшимча қилиш, хоҳ намоз амалларидан бирини ташлаб кетишдан иборат бўлсин, намозхон истаса саломдан олдин, истаса намоздан кейин саждаи саҳв қилиши мумкин»[6].
Иккинчи: Саломдан кейин саждаи саҳв қилишни тақозо этадиган хатолар:
(1) Бир ёки бир неча ракаат қолиб кетса ва намозни тўлиқ ўқишдан олдин салом берилса;
(2) Бир ракаат ошиқча намоз ўқиса (бунда ихтилоф бор)[7];
(3) Неча ракаат намоз ўқигани тўғрисида иккиланса ва тўғрироқ деб ўйлаган гумонига амал қилса.
Ундан бошқа ҳолатларда намозхон хоҳласа саломдан олдин, хоҳласа саломдан кейин саждаи саҳв қилиши мумкин. Чунки бу борада бирон чеклов келмаган.
Еттинчи масала: Намозда тақиқланган бирон ишни қилиш
(1) Намозда қилиш тақиқланган ва қасддан қилиш билан намоз ботил бўлмайдиган ишлардан бирини бехосдан қилиб қўйиш, масалан, намозда инсонни чалғитадиган бирон нарсага ёки осмонга қараш, сочни йиғиб ёки кийимни қайтариб олиш, саждагоҳдаги тошчаларни сидириш, эснаш, соқол ёки бурунни ўйнаш ва ҳоказо ишлардан бирини қилиш билан саждаи саҳв вожиб бўлмайди.
(2) Намозда қилиш тақиқланган ва қасддан қилиш намозни ботил қиладиган ишлардан бирини бехосдан қилиш, масалан, намозда гапириш, қўшимча руку ва сажда қилиш билан саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади[8].
Саккизинчи масала: биринчи қаъдада ўтирмаслик
а) Биринчи қаъдада ўтирмасдан қиёмга туриб кетса, қаддини ростлаб тик тургандан кейингина хатоси эсига келса, бу ҳолатда қаъдага қайтиш жоиз эмас. Аммо ҳаракатланиш асносида, қаддини ростлаб туришдан олдин эсласа, қаъдага қайтади. Бунга Муғийра ибн Шуъба разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис далил бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биронтангиз намоз ўқиса ва қаъдага ўтирмай туриб кетса, агар ҳануз қаддини ростламаган бўлса, (қайтиб) ўтирсин. Унга икки марта сажда(и саҳв) вожиб бўлмайди. Борди-ю, тик турган ҳолда қаддини ростлаган бўлса, намозини давом этаверсин ва (бунинг учун намоз охирида) ўтирган кўйи икки марта сажда(и саҳв) қилсин»[9].
Шунга кўра, тик туриб бўлгандан кейин қаъдага қайтса, намози ботил бўлади. Бу жумҳур уламолар фикридир.
Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар ҳаромлигини билатуриб қасддан (қаъдага) қайтса, намози ботил бўлади. Аммо (ҳаромлигини) унутиб қайтса, ботил бўлмайди. Мазкур ҳолатда эслаши билан қиёмга туриши ва (намоз охирида) саждаи саҳв қилиши вожиб бўлади»[10]. «Аммо (қаъдага қайтиш ҳаромлигини) билмасдан қайтса, бу борада ихтилоф бор».
б) Муқтадийлар имом қиёмга туриб бўлгандан кейин унинг қаъдада ўтирмаганини билсалар, унга эргашиб қиёмга туришлари вожиб бўлади. Юқорида келтирилган Ибн Буҳайна разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шуни кўрсатади. Мазкур ҳадисда келишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи қаъдага ўтирмай қиёмга туриб кетганларида саҳобалар у зотга эслатиш учун тасбеҳ айтадилар. Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга «Туринглар», дегандек ишора қилдилар.
в) Имом адашиб қаъдага ўтирмай қиёмга туриб кетса, муқтадий унга эргашмай ташаҳҳуд ўқиш учун қаъдада қолиши жоиз эмас. Агар шундай қилса, намози ботил бўлади. Агар имомга қўшилиб қиёмда қаддини ростлаб турса-ю, сўнг имом қаъдага қайтса, муқтадий ҳам унга қўшилиб қайтиши жоиз эмас, балки бу ҳолатда имомдан ажралишни ният қилиб, намозни ўзи давом эттираверади. Агар мазкур ҳолатда қаъдага қайтиш ҳаромлигини билатуриб имомга қўшилиб қаъдага қайтса, намози ботил бўлади. Аммо унутиб ёки ҳаромлигини билмасдан қайтса, намози ботил бўлмайди.
г) Агар муқтадий қаъдада қолса, имом эса қаддини ростлаб тик туриб, сўнг қаъдага қайтса, муқтадийга қиёмга туриш вожиб бўлади. Чунки имом қиёмда қаддини ростлаб туриши билан муқтадий ҳам қиёмга туриши вожиб бўлиб қолади[11].
д) Юқорида айтилган ҳукм имом адашиб қиёмга турган ва қаддини ростлаб улгурган ҳолатга тегишлидир. Аммо қаддини ростлаб улгурмаган бўлса, бу ҳақда Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: «Аммо имом қиёмга етмасидан бурун муқтадийлар тасбеҳ айтиб огоҳлантирган бўлсалар ва шунга қарамасдан имом қаъдага қайтмаса, у ҳолда одамлар ўзлари қаъдада ўтириб ташаҳҳудни ўқийдилар, қаъдани тарк этишда имомга эргашмайдилар. Негаки, мазкур ҳолатда имом бажариши лозим бўлган вожиб амални тарк қилган бўлади»[12].
Саждаи саҳв қилишдан кўзланган ҳикмат
Олдинроқ Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда саждаи саҳв қилишдан кўзланган ҳикмат баён қилинган эди. Унга кўра, инсон аслида беш ракаат намоз ўқиган бўлса, хато сабабли қилинган икки марта сажда (саждаи саҳв) бир ракаат ўрнига ўтиб, ракаатлар сонини жуфтга (яъни олти ракаатга) айлантирар экан. Борди-ю, намоз аслида тўлиқ ўқилган, унда бирон камчилик содир этилмаган бўлса, саждаи саҳв шайтоннинг бурнини ерга ишқаш, уни хорлаш саналар экан. Зеро, шайтон намозхонга васваса қилиш билан уни Аллоҳга сажда қилишдан узоқлаштиришни мақсад қилади. Намозда хато қилиш ва адашиш шайтон сабабли содир бўлгач, намоз охирида қўшимча сажда қилиш шайтонни янада ғамга ботириш, унинг режасини пучга чиқариш йўлида мақсадига зид ҳаракат қилиш ҳисобланади. Шундай қилиб, саждаи саҳв қилиш шайтонни янада тангроқ ҳолатга тушириб қўяди, хорлигига хорлик қўшади. Ҳадиси шарифда айтилади: «Одам боласи сажда оятини ўқиса ва сажда қилса, шайтон ўзини четга тортиб, йиғлаб шундай дейди: «Одам боласи сажда қилишга буюрилди ва сажда қилди. Бунинг эвазига унга жаннат насиб қилади. Мен ҳам сажда қилишга буюрилдим, аммо (сажда қилишдан) бош тортдим. Бунинг эвазига менга дўзах битилди»[13].
[1] Қаранг: Ибн Қудома. «Ал-муғний», 2/15-бет; Нававий. «Ал-мажмуъ», 4/116-бет. Уламолар намоздан кейин то хатони эслашгача бўлган вақтнинг узун ёки қисқалигини белгилашда ихтилоф қилишган. Тўғрироқ фикрга кўра, орадаги вақтнинг узун ёки қисқалигини белгилаш учун урфга мурожаат қилинади. [2] Айрим аҳли илмларнинг фикрича, қуйидаги ҳолатларда намозда иккиланишнинг намозга таъсири бўлмайди: 1) Саломдан кейин иккиланса; 2) Намозда тез-тез иккиланиб турса; 3) Агар иккиланиш васвасага ўхшаш асоссиз иккиланиш бўлса. [3] Қаранг: «Ал-мажмуъ», 4/123-бет. [4] Намоз рукнлари, вожиблари ва суннатлари ҳақида умумий маълумот олиш учун «Намоз ўқиш тартибига оид умумий эслатмалар» мавзусига мурожаат қилишингиз мақсадга мувофиқ бўлади. [5] «Найл ал-автор», 3/137-бет. [6] «Ал-мажмуъ», 4/130-бет. [7] Ихтилоф олдинроқ келтирилган Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдан келиб чиққан. Ҳадисда келишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешинни беш ракаат ўқийдилар. Намозни тугатганларидан кейин у зотдан: «Намозда бирон янгилик бўлдими?» деб сўралади. Хуллас, ҳадис давомида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки марта саждаи саҳв қилиб, сўнг салом берганлари айтилади. Бироқ мазкур ҳадис бундай ҳолатда ҳар доим ҳам саломдан кейин саждаи саҳв қилинишини кўрсатмайди. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам салом бериб намоздан чиқмагунларича бир ракаат ошиқча намоз ўқиганларини билмаганлар. [8] Нававий. «Ал-мажмуъ», 4/126-бет. [9] Ибн Можа (1208), Аҳмад (4/253), Дорақутний (1/378) ривояти. Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ «Ирво ал-ғалил»да (388) саҳиҳ деган. [10] Қаранг: Нававий. «Ал-мажмуъ», 4/130-бет. [11] «б, в, г» бандлар ва бобдаги бошқа масалалар тафсилоти билан танишиш учун қаранг: Нававий. «Ал-мажмуъ», 4/131-бет. [12] «Ал-муғний», 2/27-бет. [13] Муслим (81), Ибн Можа (1052), Аҳмад (2/443) ривояти.