Умар разияллоҳу анҳу: Халққа бевосита ваъз-насиҳат қилиши

0

Умар Форуқ доим одамлар ичида бўлиб, таълим-тарбия ва иршод ишларини олиб борар, хусусан жума хутбасини уларга ваъз-насиҳат қилиш учун яхши фурсат деб билар эди. Форуқ разияллоҳу анҳунинг кўплаб хутбалари сақланиб қолган. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

Умар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарларида хутба қилиб, деди: “Ароқни ҳаром қилиб оятлар нозил бўлган. У беш нарсадан: узум, хурмо, буғдой, арпа, асалдан қилинади. Ароқ ақлни ўраб-чулғаб олувчи нарсадир. Уч нарса борки, қанийди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ҳақида бизга аҳд (маълумот) бермасдан ўтиб кетмаганларида эди: бобо(нинг меросдаги ҳаққи), калола (мероси), рибонинг баъзи турлари”[1].

Жума куни раиятга насиҳат қилиб ва уларнинг ўзи устидаги хақларини баён этиб хутба қилди:

“Эй одамлар! Баъзан тамагирлик ортидан фақирлик келади, дунёдан умидвор бўлмаслик ортидан эса бойлик келади.

Сизлар емайдиган нарсаларингизни йиғасиз, етолмайдиган нарсаларни орзу қиласиз. Сизлар бу ёлғон дунёда вақтинча яшаб турибсиз.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ваҳий воситасида кимнинг кимлиги маълум бўларди. Ким бир нарсани ичида яширса, яширган нарсасига жавобгар бўлади, ким дилидагини ошкор этса, ошкор этган нарсасига жавоб беради. Шундай экан, бизга гўзал ахлоқингизни кўрсатинг, яширин сирларингизни Аллоҳ яхши билади. Ким бизга бир нарсани (ёмонликни) изҳор этса ва қалби поклигини даъво қилса, биз уни тасдиқ этмаймиз. Ким бизга яхшиликни изҳор этса, биз унга яхши гумон қиламиз.

Билиб қўйинглар, баъзан бахиллик нифоқнинг бир бўлаги бўлади. Шундай экан, инфоқ-эҳсон қилинглар, ўзингизга яхши бўлади. “Ким нафсининг бахиллигидан сақланса, ўшалар нажот топувчилардир” (Ҳашр, 9).

Эй одамлар! Уйларингизни пок тутинг, ишларингизни тузатинг, хотинларингизга қибтий (юпқа оқ матодан тикилган қибтийлар кийими) кийдирманг, чунки у шаффоф бўлмаган тақдирда ҳам баданларини билдириб туради.

Эй одамлар! Мен орзу қиламанки, дунёдан на савоб, на гуноҳга эга бўлган ҳолда ўтсам-да, нажот топсам! Умидим шуки, сизларнинг орангизда озми кўпми умр кечирсам-да, иншооллоҳ, фақат ҳаққа амал қилиб ўтсам! Умид қиламанки, мусулмонлардан бирон киши ҳам қолмасдан, ҳатто уйининг ичида бўлса ҳам, унга Аллоҳнинг молидан ўз ҳаққи ва улуши келади.

Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган молларингизни ислоҳ қилинг. Яхшилик билан топилган оз нарса ёмонлик билан қўлга киритилган кўп нарсадан яхшидир.

Ўлдирилиш яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам бошига келадиган бир ҳолат бўлиб, шаҳид жони эвазига Аллоҳнинг розилигини истаган кишидир.

Сизлардан бирингиз туя сотиб олмоқчи бўлса, узун бўйли ва йиригини танласин. Сўнг уни ҳассаси билан уриб кўрсин, зийрак ва эсли бўлса, сотиб олсин»[2].

Ушбу хутбадан ўрин олган улкан ҳикматлар:

Умар разияллоҳу анҳу хутбасини ўта чуқур ҳикматли сўзлар билан бошлади. Яъни ҳақиқий бойлик қаноат билан, ҳақиқий камбағаллик эса тама билан бўлади. Қаноатнинг боши одамларнинг қўлидаги нарсаларга тама қилмасликдир. Ким бировлар қўлидаги нарсадан умидвор бўлмаса, ўзидаги нарсага қаноат қилади. Ким ўзида борига қаноат қилса, гарчи ўзи фақир бўлса ҳам нафси бой бўлади. Ким тамагирлик кўчасига кирса ва одамлар қўлидаги нарсалардан умидвор бўлса, гарчи мол-давлати бисёр бўлса-да, нафси фақир бўлади. Мол-дунёси уни бой қилиб қўймайди, чунки ҳақиқий бойлик нафс бойлигидир. Ақли солим инсон керагидан ортиқ мол-дунё йиғмайди, орзу-умидларини қўлида бўлмаган нарсаларга боғламайди, дунёга йўқ бўлиб кетувчи диёр деб қарайди, ундаги қизиқтирувчи ва йўлдан урувчи нарсаларга алданмайди.

Одамларнинг зоҳирини қабул қилиш ва қалбларидаги нарсани суриштирмаслик

Мазкур хутбада ваҳий узилганидан кейинги даврларда инсонларга зоҳирларига кўра муомала қилиш ва қалбларини Аллоҳга ҳавола қилиш кераклиги уқтирилмоқда. Бундан волий ва ҳоким одамларга қалбларидаги нарсаларга кўра ҳукм қилишга буюрилмагани маълум бўлади. Аслида, у бунга қодир ҳам эмас. Аксинча, у одамларнинг зоҳирига кўра ҳукм қилишга буюрилган. Зоҳирлар тузалса, одамларнинг ҳаёти тўғри йўлга тушса, солиҳ жамият вужудга келади. Жамиятда фаҳш ишлар зоҳир бўлмаса, фисқ-фужурни очиқ қиладиган ёки ҳимоя қиладиган кишилар йўқ бўлса, гарчи ичлари бузуқ айрим кимсалар мавжуд бўлса ҳам, ҳоким жамиятнинг зоҳирига кўра ҳукм қилади. Чунки бундай ҳолатда ижтимоий урф зоҳирда кўриниб турган ишларга ва одамлардаги гўзал ахлоқларга кўра юради. Аммо инсонларнинг ичларида сақланиб турган ва зоҳирда кўринмаган ёмон ишларга келсак,  исломий урф уларни қабул қилмайди, натижада улар ўз эгаларининг ичида қолиб кетади ва ташқи оламда тарқала олмайди.

Бахиллик нифоқнинг бир бўлаги

Умар разияллоҳу анҳунинг “бахиллик нифоқнинг бир бўлагидир” деган сўзларига келсак, ҳақиқатда, Аллоҳ йўлида мол-дунё сарфлашга бахиллик қиладиган кимсаларда нифоқ борлиги кўринади. Чунки аччиқ ҳақиқат шуки, уларнинг кўзлари олдида давлатлари ва халқлари кофирлар томонидан тажовузга учрайди, номуслар поймол этилади, бойликлар таланади, халқ ичидан фидойи ва жонкуяр кишилар тажовузкорларга қарши курашга отланадилар, аммо уларга маблағ жиҳатидан ёрдам берадиган кишилар топилмайди. Бахиллик иллатига мубтало бўлган мўминлар амалий нифоққа тушган ҳисобланади. Бу иймоннинг заифлигини кўрсатади[3].

Орзу қиламанки, дунёдан на савоб, на гуноҳга эга бўлган ҳолда ўтиб, нажот топсам!

Бу сўзлар Умар разияллоҳу анҳуда масъулият ҳисси нақадар кучли бўлганини кўрсатади. Зотан, раҳбарлик ва мансабга миниш улкан солиҳ амалга қадам қўйиш ва шу билан бирга энг катта жавобгарликни ўз бўйнига олиш, демакдир. Бу ишда инсонни тойдирадиган ва йўлдан оздирадиган жуда кўп тўсиқлар бўлади. Раҳбарлар борки, ҳар бир катта-кичик ишда доим ўзини тергаб, нафсини сарҳисоб қилиб боргани туфайли Аллоҳ олдида ҳам, одамлар наздида ҳам катта обрў-эътиборга эга бўлишади. Раҳбарлар борки, нафс ҳавосига эргашгани ва одамлар розилигини Аллоҳнинг розилигидан устун қўйишгани боис халқ нафратига ва Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишади. Умар разияллоҳу анҳу инсоният тарихида энг адолатли ҳукмдорлардан деб танилганига қарамасдан тез-тез юқоридаги сўзларни қайтарар, Аллоҳдан қўрқуви кучли бўлганидан ўзининг қилган шунча катта савобли ишлари кўзига кўринмай қолар, на савобга ва на гуноҳга эга бўлган ҳолда ўтиб кетсам-у, Аллоҳнинг азобидан қутулиб қолсам қанийди, дер эди[4].

 

[1] Яҳё Яҳё, “Ал-хилофа ар-рошида”, 300-бет.
[2] «Фароид ал-калом», 190-бет, «Тарих ат-Табарий»дан нақл этилган.
[3] “Ат-тарих ал-исломий”, 20/267.
[4] “Ат-тарих ал-исломий”, 20/267.

Изоҳ қолдиринг