Араб тили жаннат аҳлининг тилими?

0

Савол:

Жаннат аҳлининг тилини билмоқчи эдик. Жаннат аҳлининг тили арабча бўладими?

Жавоб:

Билишимизча, Қуръонда ҳам, саҳиҳ ҳадисларда ҳам жаннат аҳли сўзлашадиган тил ҳақида бирон маълумот берилмаган. Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган биргина заиф ҳадис ва баъзи асарлар, яъни саҳобаларнинг сўзлари бор, холос.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Арабларни уч сабабга кўра севинглар: Мен араб бўлганим, Қуръон арабча ва жаннат аҳлининг тили арабча бўлгани учун»[1].

Ибн Жавзий ушбу ҳадисга тўқима ҳадис деб ҳукм қилган. Заҳабий: «Бу ҳадисни тўқилган деб ўйлайман», дейди. Албоний «Ал-силсилат ал-заифа» китобида (150-ҳадис) мазкур ҳадисни тўқима ҳадис, деган.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шунингдек, Мутайян лақаби билан танилган Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ҳофиз ал-Куфий ривоят қилиб бундай дейди: Бизга Ало ибн Амр ал-Ҳанафий Яҳё ибн Зайд Ашъарийдан, у Ибн Журайждан, у Атодан, у Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Ибн Аббос бундай деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Арабларни уч сабабдан яхши кўр: мен араб бўлганим, Қуръон арабча ва жаннат аҳлининг тили арабча бўлгани учун». Ҳофиз Салафий айтади: «Бу ҳасан ҳадисдир”. «Ҳасан» деганда муҳаддислар истилоҳидаги санаднинг ҳасанлигини назарда тутдими ёки умумий истилоҳий маънода матннинг ҳасанлигини (яъни чиройини) назарда тутдими, билмадим. Абул Фараж Ибн Жавзий бу ҳадисни «Ал-мавзуот» деб номланувчи тўқима ҳадисларга бағишланган китобида зикр қилиб бундай дейди: «Ал-Саълабий: «Бу асли йўқ ҳадис», деган. Ибн Ҳиббон айтади: «Яҳё бин Зайд «сабт»лардан (яъни ҳадис ривоят қилишда ишончли забардаст ровийлардан) «мақлуб» (яъни айрим сўз ва иборалар алмашиши натижасида ҳақиқатга тескари маъно ифода этувчи) ҳадисларни ривоят қилган». Шунинг учун ҳадис ҳужжатликка асло ярамайди, валлоҳу аълам»[2].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен арабман, Қуръон арабча, жаннат аҳлининг тили ҳам арабчадир»[3].

Албоний «Ас-силсилат аз-заифа» номли китобида (161-ҳадис) ушбу ҳадисни тўқима ҳадис деган.

Хулоса шуки, жаннат аҳли сўзлашадиган тил қайси тил эканини баён этадиган саҳиҳ далил йўқ. Шунинг учун бу масала ҳақида тилни тийиш, чуқур изланмасдан унинг илмини Аллоҳ таолога ҳавола қилиш керак бўлади. Унинг ўрнига жаннатга киришга ёрдам берадиган амал билан шуғулланиш афзал.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳдан «Қиёмат куни одамлар қайси тилда сўзлашадилар? Аллоҳ таоло уларга араб тилида гапирадими? Дўзах аҳлининг тили форсча, жаннат аҳлининг тили арабча бўлади, деган гап тўғрими?» деб сўралганда бундай жавоб берган:

«Алҳамдулиллаҳи Раббил оламин, у кунда одамлар қайси тилда сўзлашишлари маълум эмас. Аллоҳ таоло уларга қайси тилда гапириши ҳам маълум эмас.Чунки Аллоҳ таоло бизга бу ҳақда ҳеч нарса демаган. Шунингдек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳеч нима айтмаганлар. Форс тили жаҳаннам аҳлининг тили бўлади, деган гапнинг асли йўқ. Араб тили жаннат аҳлининг тили деган гап ҳам йўқ. Бу ҳақда саҳобалар ўртасида бирон ихтилоф борлигини ҳам билмаймиз. Саҳобалар бундай масалаларда оғиз очмас эдилар. Чунки бундай масалаларда гапириш бефойда сўзлаш демакдир. Бу масалада улардан кейинги келганлар орасида ихтилоф пайдо бўлди. Бир тоифа одамлар: «Араб тилида сўзлашадилар», дейишди. Яна бир тоифаси: «Лекин дўзах аҳли форс тилида жавоб беришади, чунки форс тили дўзах аҳлининг тилидир», дедилар. Яна бошқа тоифа: «Сурёний тилида сўзлашадилар. Чунки у Одам алайҳиссаломнинг тили бўлган эди. Бошқа барча тиллар сурёний тилидан келиб чиққан», дедилар. Яна бошқалар: «Фақат жаннат аҳли араб тилида сўзлашадилар», дейишди. Бу сўзларнинг биронтасига нақлдан ҳам, ақлдан ҳам ҳеч қандай далил йўқ. Балки булар шунчаки қуруқ даъволардир. Валлоҳу аълам»[4].

[1] Табароний («Ал-авсат»да), Ҳоким, Байҳақий («Шуаб-ал-иймон»да) ва бошқалар ривояти.

[2] «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим», 1, 158-бет.

[3] Табароний «Ал-авсат»да ривоят қилган.

[4] «Мажмуъ ал-фатово», 4, 299-бет.

Изоҳ қолдиринг