Чақалоққа оид ҳукмлар (34): Ақиқани маълум ҳафталарга хослаш ҳақида

0

Йигирма иккинчи бўлим
Ақиқани маълум ҳафталарга хослаш ҳақида

Бу мавзуда ҳафталарга алоқадор тўрт масала бор: болага ақиқа қилиш, сочини олиш, исм қўйиш ва хатна қилиш.

Аввалги иккитаси еттинчи кунда қилиниши мустаҳаб (суннат) эканига уламолар иттифоқ қилган.

Еттинчи кунда исм қўйиш ва хатна қилишга келсак, буларда ихтилоф бор. Бу ҳақда қуйироқда сўз юритамиз, иншааллоҳ.

Ақиқа еттинчи куни сўйилиши айтилган ҳадислар аввалроқ ўтди.

Бунинг ҳимати шуки, валлоҳу аълам, чақалоқ туғилган пайтда унинг иши саломатлик билан нобуд бўлиш ўртасида тебраниб туради. У ҳаётда яшаб кетадими, йўқми, ҳали номаълум бўлади. Орадан бир муддат ўтгач, шу муддат ичида болада кўринган ҳолатга қараб тўрт мучаси саломат, хилқати соғлом, ҳаёт кечиришга яроқли, деган хулосага келинади. Мазкур муддат бир ҳафта этиб белгиланди. Чунки йил ойлар айланмаси бўлганидек, ҳафта кунлар айланмасидир.

Аллоҳ еру осмонларни яратган вақтда ўлчаб, белгилаб қўйган замон шулардан иборат. Аллоҳ таоло оламнинг яралишини олти кунга чеклади. Ушбу олти куннинг ҳар бирини ўзига хос ном билан атади. Ҳафтанинг ҳар бир кунини ўша кунда пайдо қилган муайян мавжудот турларига хослади. Барча махлуқотларнинг яралиши тамомига етган ва жамланган кунни, яъни жума кунини мўминлар учун тўпланиш ва байрам куни қилиб берди. Улар бу кунда Аллоҳга ибодат қилиш, У зотни ёд этиш, мақташ, улуғлаш ва ҳамду сано айтиш учун жам бўладилар, Ўзига шукр бажо келтириш ва хизматига бел боғлаш учун дунё ишларини бир четга сурадилар. Бу кун ила тарих бошлангани-ю, шу кунда Ўзига қайтишларини ёдга оладилар. Бу кунда Раб таборака ва таоло аршига ўрнашган, бу кунда Аллоҳ отамиз Одамни яратган, шу кунда унга жаннатидан жой берган ва шу кунда уни жаннатдан чиқаргандир. Шу кунда дунё ниҳоя топади ва қиёмат қойим бўлади. Шу кунда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло келиб, бандаларини ҳисоб-китоб қилади, жаннат ва дўзах аҳлини манзилларига киритади.

Хулоса шуки, мазкур кунлар умрнинг аввалги поғоналаридир. Чақалоқ бу кунларни тамомига етказса, иккинчи поғонага – ойларга қадам қўяди. Уни ҳам тўлдирса, учинчи поғона бўлмиш йилларга ўтади. Шунга кўра, бу кунлардан ками хилқатни тўлдирган бўлмайди. Демак, олти кунда яратиш ниҳояланди, олтинчи куннинг охирида яратилмишлар жамланди. Аллоҳ таоло ҳафтанинг еттинчи кунини бандаларга байрам қилиб бергани, одамлар у кунда тўпланиб, Аллоҳни эслагани, У зотга шукр айтгани, Аллоҳ берган фазилатдан, яъни аввалги кунларда яратилган барча махлуқотлардан уларни афзал қилганидан хурсанд бўлгани каби чақалоққа исм қўйиш, ундан озорни кетказиш (яъни сочини олиш), ундан эваз (ақиқа) қилиш ва уни гаровдан озод этиш ҳам еттинчи кунга белгиланди.

Қолаверса, Аллоҳнинг ҳикмати банданинг ҳолати ҳар етти кунда ўзгариб туришини, бир ҳолатдан бошқа ҳолатга кўчиб ўтишини тақозо этди. Шунга кўра, мазкур етти кун банда ҳаётидан бир босқич, унинг ҳолатидан бир ҳолатдир. Шунинг учун ҳам касалнинг ҳолати етти кунда албатта ўзгаради: ё яхшиланади, ё ёмонлашади.

Аллоҳнинг ҳикмати ҳар етти кунни ўзгариш муддати бўлишини тақозо этгач, бандаларига ҳар етти кунда бир кунни белгиладики, улар бу кунда Аллоҳга ошиқадилар, Унга дуо ва тавба-тазарру қиладилар. Бу нарсани уларнинг дунёю охиратлари ислоҳ бўлиши ва улардан кўплаб ёмонликлар кетиши учун энг катта сабаблардан бири қилди. Шариати ва махлуқотларидаги ҳикматлари ақлларни лол қилган Зот айбу нуқсондан покдир!

Валлоҳу аълам.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг