Қабрлар нима учун зиёрат қилинади?

0

265 – Қабрлар маййитлар ҳаққига дуо қилиш ва ибратланиш учун зиёрат қилинади, ўликларга ҳурмат кўрсатиш ва уларни улуғлаш учун эмас

Баъзи одамлар: «Маййит қабрини зиёрат қилиш маййитни эъзозлаш ва унга ҳурмат кўрсатиш қабилидандир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳурмат-эҳтиромга бошқа ҳар қандай одамдан кўра ҳақлидирлар. Маййит қабрини зиёрат қилмаслик унга нисбатан ҳурматсизликдир, деб ўйлайдилар. Улар бу хато фиклари билан суннатга ҳамда бутун уммат ижмосига қарши чиқдилар. Уларнинг бу гаплари бундай дейдиганларнинг гапига ўхшайди: “Агар қабр зиёратида зиёратчи зиёрат қилинувчининг қабри олдига борса, унинг ҳаққига қилинадиган дуо янада мукаммалроқ бўлади. Гарчи унинг мақсади аҳли бидъатлар каби маййитдан сўраш бўлса ҳам, бу сўрови янада кучлироқ бўлади. Шундай экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни зиёрат қилганимизда у зотнинг қабрлари ёнига келишимиз янада авлодир”. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари ёнига келиш жоиз эмаслиги мутавотир ҳадислар ва уммат ижмоси ила собит бўлган. Ушбу келишдан мақсад у зот ҳақларига дуо қилиш бўладими ёки у зотга хитоб қилиш бўладими ёки бундан бошқа мақсадда бўладими, фарқсиздир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа кимсанинг қабрига жаноза ўқиш аксар салафлар наздида жоиз ва унга далолат қиладиган саҳиҳ ҳадислар келган. Қабрга жаноза ўқиш тобутга жаноза ўқиш билан бир хил бўлиб, унда қабрга яқинлашиш ва уни кўриб туриш шартдир. Бироқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига жаноза ўқимасликка уммат ижмо қилган. Қабрга муайян муддат асносида жаноза ўқиш жоиз деган фикрга эргашамизми ёки унга мутлақо жаноза ўқиса бўлаверади, деган фикрни оламизми, ҳукм ўзгармайди. Зеро, Мадинадан узоқда бўлган саҳобалардан бирортаси Мадинага келганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларига келиб жаноза ўқигани айтилмаган. Шариатга мувофиқ қабр зиёрати қабр ёнига бориш ва уни кўриш билангина жоиз бўлади. Бундай зиёрат Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида жоиз эмаслиги ҳадислар ва ижмо ила собитдир. Қолаверса, бунинг иложи ҳам йўқ.

Шундай қилиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни бошқа омма мусулмонларга қиёс қилганларнинг адашганлари маълум бўлди. Ушбу қиёс яроқсиз қиёс бобидандир. Зеро, бир-бирига қиёсланаётган икки нарсанинг ҳар бирига хос бўлган жиҳатларни билмай туриб «қиёси авло» қилган одамнинг қиёси мушрикларнинг қиёсига ўхшайди. Улар ўлимтикни «бисмиллоҳ» айтиб сўйилган гўштга қиёслаб, мусулмонларга: “Ўзларинг ўлдирган нарсани ейсизлар-у, Аллоҳ ўлдирган нарсани емайсизларми?” деган эдилар»[1].

[1] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ. «Ар-радду алал-Ихноий», 97-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг