Эркакларнинг қабр зиёратига бориши

0

266 – Эркакларнинг қабр зиёратига бориши

«Эркаклар қабр зиёратига бориши жоиз эканида ихтилоф йўқ»[1].

Жумҳур уламолар эркаклар қабрларни зиёрат қилишини мустаҳаб деганлар[2]. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам оналарининг қабрини зиёрат қилдилар. Ўзлари ҳам йиғладилар, атрофдагиларни ҳам йиғлатдилар. У зот айтдилар: “Онам ҳаққига истиғфор айтиш учун Раббимдан изн сўраган эдим, изн берилмади. Онам қабрини зиёрат қилиш учун изн сўраган эдим, изн берилди. Қабрларни зиёрат қилинглар. Зеро, улар сизларга ўлимни эслатади”»[3].

Абу Бурайда отасидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Мен илгари сизларни қабрлар зиёратидан қайтарар эдим, энди уларни зиёрат қилаверинглар»[4].

Нававий айтади: «Бу ҳадис ўзида носиху мансухни (бекор қилувчи ва бекор қилинган ҳукмни) мужассам этган ҳадислардандир. Унда эркаклар қабр зиёратидан қайтарилиш ҳукми бекор бўлгани очиқ баён этилган»[5].

Шайх Аҳмад Румий Ҳанафий айтади: «Бут-санамларга сиғиниш қабрлар зиёратидан келиб чиққани боис Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ширк эшигини ёпиш мақсадида Исломнинг аввалида асҳобларини қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдилар. Ўшанда саҳобалар эндигина мусулмон бўлган пайтлар эди. Кейинчалик тавҳид қалбларига мустаҳкам ўрнашгач, қабрларни зиёрат қилишга изн бердилар»[6].

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим, энди уларни зиёрат қилаверинглар. Чунки қабр зиёрати дунёдан тияди ва охиратни эслатади»[7]. Қабр маййитга салом бериш, унинг ҳаққига дуо қилиш, ўлим ва охиратни эслаш ҳамда дунёдан нафсни тийиш каби ишлар учун зиёрат этилади. «Зиёратдан кўзланган бу мақсад қабр эгаларини танимаган ҳолатда қабрларни кўриш билан ҳосил бўлади, гарчи қабрлар кофирлар қабри бўлса ҳам»[8].

[1] «Ал-иқноъ фий масоил ал-ижмоъ», 1/190, 1060-рақам. Шунингдек, қаранг: «Ат-тамҳид», 20/239; Ибн Қудома. «Ал-муғний», 3/517.
[2] Қаранг: «Ал-ҳовий ал-кабир», 3/70; Ибн Қудома. «Ал-кофий», 2/80; «Ҳошият ал-Хураший», 2/360; «Ҳошият ат-Таҳтовий», 619-бет.
[3] Ҳадис тахрижи 28-масалада берилди.
[4] Муслим ривояти, 1977-ҳадис.
[5] «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 622-бет.
[6] Шайх Муҳаммад ал-Хамис. «Мажолис ал-аброр ва масолик ал-ахёр» («Ал-мажмуъ ал-муфид фий нақзи ал-қубурийя ва нусрат ат-тавҳид» китобида), 385-386-бетлар. «Дор Атлас» нашриёти, биринчи нашр, 1418 ҳ.й.
[7] Ибн Можа (1571) ривоят қилган, Бувсирий «Ал-мисбоҳ»да (2/42) ҳасан деган.
[8] «Ал-ибдоъ», 171-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг