Абу Бакр розияллоҳу анҳу жоҳилиятда бир неча ишлар билан танилган эди. Бу ишларни қуйида бирма-бир санаб ўтамиз:
Насабларни билиш:
Абу Бакр розияллоҳу анҳу насаб ва арабларнинг тарихи соҳасида етук олим эди. У Қурайшнинг энг насл-насабли ва энг олимларидан ҳисобланар эди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Абу Бакр Қурайш ичида Қурайш насабларини энг яхши биладиган кишидир” – деганлар[1]. Ақийл ибн Абу Толиб насабларни Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ўрганган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу насаблар ҳақида гапирганида уларнинг айбларини айтмас эди. Шунинг учун одамлар орасида катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган.
Тижорат:
Абу Бакр розияллоҳу анҳу жоҳилиятда тижорат билан шуғулланган. Тижорат мақсадида кўплаб шаҳарларга сафар қилган. Ривоят қилинишича, у кишининг сармояси қирқ минг динор[2] (170 кг олтин) бўлган. Унинг қанчалар сахий бўлгани ҳаммамизга аён.
Жоҳилиятда ароқ ичмагани:
Абу бакр розияллоҳу анҳу жоҳилиятда ҳам жуда иффатли бўлган. Шариатимизда ароқ босқичма-босқич ҳаром қилинган бўлсада, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ароқ ҳаром қилинишидан олдин ҳам ароқни ўзига раво кўрмаган. Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу ароқ ичишни ўзига раво кўрмас эди. У жоҳилиятда ҳам, ислом дини келганидан кейин ҳам ароқ ичмади. Бунинг сабаби қуйидагича эди: бир куни Абу Бакр розияллоҳу анҳу маст одамнинг олдидан ўтди. У одам қўлини ахлатга суқиб, ахлатни оғзига яқинлаштирар, ҳиди ёмонлигидан яна қайтариб қўяр эди. Буни кўрган Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Бу одам нима қилаётганини билмайди. Ахлатни ҳиди борлиги учун емади, холос” – деди ва шундан кейин ароқ ичишни ўзига эп билмади”[3].
Бир киши Абу Бакр розияллоҳу анҳудан: “Сиз жоҳилиятда ароқ ичганмисиз?” – деб сўраганида: “Аллоҳ сақласин!” – деб жавоб берган эди. Буни эшитган киши ҳайратланиб, саволини давом эттирди:
Нимага?! (Ахир у пайтда ароқ ичиш ҳаром бўлмаганку!).
Мен иззат-обрўйимни сақлаганман. Ароқ ичган киши ўзининг иззат-обрўсини йўқотади[4].
Ойша онамиздан бошқа бир ривоятда келишича, жоҳилиятда Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Усмон розияллоҳу анҳулар ароқ ичишмаган[5].
Бутларга сажда қилмагани:
Абу Бакр розияллоҳу анҳу бирон марта ҳам бутларга сажда қилмаган. У саҳобаларга бунинг сабабини баён қилар экан, шундай деган эди: “Мен асло бутларга сажда қилмадим. Сабаби мен улғайганимдан кейин отам Абу Қуҳофа (розияллоҳу анҳу) мени бутлар турадиган хонага олиб борди ва: “Бу бутлар сенинг муқаддас худоларинг” – деди-да, мени у ерда ёлғиз қолдириб кетди. Мен бир бутга яқинлашиб: “Мен очман, овқат бер. Кийимим йўқ, менга кийим бер!” –дедим. Лекин ундан садо чиқмади. Шунда у бутга тош отган эдим, юзи билан ерга йиқилди”. Шу воқеадан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу бирон марта ҳам бутларга сажда қилмади.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу жоҳилиятда ҳам энг афзал кишилардан бири бўлган. Унинг ақли расолиги ва гўзал хулқлилиги исломни қабул қилишига туртки бўлган. У исломга кирганидан кейин ислом умматидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги энг афзал одамга айланди. Зеро, одамлар орасида ҳақ дин йўқолиб, жамиятдаги муҳит бузилиб кетган бир вақтда гўзал хулқли инсон ислом келганида уни биринчилардан бўлиб қабул қилиши ҳайратланарли эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг жоҳилиятдаги яхшиларингиз исломга кирганларидан кейин динда чуқур илмга эга бўлсалар, исломда ҳам яхшиларингиз ҳисобланади” – деганлар.
(Давоми бор)
[1] “Исобаҳ” 4-жилд, 146-бет.
[2] Бир динор 4.25 грамм олтинга тенг.
[3] Маждий Фатҳийнинг “Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг сийрати ва ҳаёти” китоби, 34-бет.
[4] Суютий роҳимаҳуллоҳнинг “Халифалар тарихи” китоби, 49-бет.
[5] Суютий роҳимаҳуллоҳнинг “Халифалар тарихи” китоби, 49-бет.