Сийрат: Мусулмонлар иқтисодий ва ижтимоий қамалга олиниши

0

Пайғамбарликнинг еттинчи йили охирларида бошланган иқтисодий ва ижтимоий қамал

Қурайш мушриклари Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг асҳобларига озор беришда ҳаддан ошиб кетдилар. Мусулмонлар эса сабр-тоқат билан Аллоҳга даъват этишда давом этдилар. Қурайш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга, у зотнинг асҳобларига ва уларга мойил бўлган кишиларга нисбатан қўллаган моддий ва маънавий қамал энг чўққисига чиқди[1].

Зуҳрий айтади: “Сўнг мушрикларнинг мусулмонларга қарши тазйиқлари ўта кучайиб кетди. Ҳатто Қурайш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга бел боғлади. Бу ҳолатни кўрган Абу Толиб Абдулмутталибнинг ўғилларини ўз ҳузурига жамлади. Сўнг уларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзларининг дараларига олиб кетишни ва у зотни душманларидан ҳимоя қилишни буюрди. Бу ишга ушбу катта оиланинг мусулмонлари ҳам, кофирлари ҳам қўшилдилар. Улар ичидан бу ишни Аллоҳ учун, дин учун қилганлар ҳам бўлди, қабила ва оила манфаатини кўзлаб қилганлар ҳам бўлди. Қурайш оиланинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиш қароридан хабар топгач, улар билан бирга ўтирмасликка, савдо-сотиқ қилмасликка, уларнинг уйларига кирмасликка қарор қилдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни Қурайш қўлига қатл учун топшириш лозимлигини, акс ҳолда Бани Ҳошим уруғи билан алоқа тамоман узилишини билдирдилар. Бу ишда Бани Ҳошим томонидан таклиф этиладиган ҳеч қандай сулҳга рози бўлмасликларини, уларга меҳр-шафқат кўрсатмасликларини эълон қилдилар”[2].

Бошқа бир ривоятда: “Улар то Расулуллоҳни ўлимга топширмагунларича Қурайш улар билан қуда-андачилик, савдо-сотиқ қилмасликка, уларга иқтисодий қамал (бойкот) жорий этишга, улардан ҳеч қандай сулҳни қабул қилмасликка ва бу борада ҳеч қандай раҳм-шафқат кўрсатмасликка, улар билан ўтирмасликка ва гаплашмасликка, уйларига кирмасликка қарор қилдилар. Сўнг буни бир саҳифага ёздилар. Келишув нақадар жиддийлигини таъкидлаш мақсадида саҳифани Каъба ичига олиб кириб, деворига илиб қўйдилар”[3].

Бани Ҳошим уч йил дараларида қамалда қолиб, кўп қийналишди. Савдо-сотиқ ишларидан маҳрум бўлишди. Қурайш Расулуллоҳга иқтисодий тазйиқ ўтказиш мақсадида Маккага келган озиқ-овқатларнинг ҳаммасини дарҳол сотиб олар эди[4].

Абу Толиб кечқурун одамлар уйларига кириб кетганларидан кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз тўшагига ётқизиб, ўзи у зотнинг тўшакларида ётар эди. Гоҳида ўғиллари ёки иниларидан бирини Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва салламнинг тўшакларига, Расулуллоҳни эса унинг жойига ётқизар эди[5].

Саҳобаларга, хусусан Бани Ҳошим ва Бани Мутталибга қамал ўта кучайиб кетди. Улар очликдан дарахтларнинг баргларини ейишга мажбур бўлдилар. Жуда оғир қийинчиликни бошдан кечирдилар. Очлик шу даражага етган эдики, улардан бири ҳожати учун чиққанида оёғи остида ниманингдир шақирлаган овозини эшитиб, уни қўлига олиб қараса туянинг қуриган териси бўлиб чиқар, шунда  уни тозалаб ювиб, сўнг куйдириб, майда қилиб туяр ва сувга аралаштириб ичар эди. Шу билан бироз куч йиғиб, уч кунгача жон сақлар эди[6]. Дара ортидан Қурайшга очликдан йиғлаётган гўдакларнинг йиғиси эшитилар эди[7].

[1] Сафар Ҳаволий, “Зоҳират ал-иржо”, 1/50-бет.
2] Байҳақий, “Далоил ан-нубувва”, 2/80-85. Ибн Касир, “Ас-сийрат ан-набавия”, 2/43-72. “Ар-равз ал-анф”, 2/101-129-бетлар.
[3] Ибн Ҳишом, “Ас-сийрат ан-набавия», 1/350-бет. “Зодул-маод”, 2/46-бет. “Ал-комил фит-тарих”, 2/87-бет.
[4] “Зоҳират ал-иржаъ”, 1/51-бет.
[5] Ғазбон, “Фиқҳ ас-сийрат ан-набавия”, 180-бет.
[6] “Ал-ғурабо ал-аввалуун”, 148-бет. “Ҳилят ал-авлиё” китобидан нақл қилинган.
[7] Юқоридаги манба, 148-бет.

Изоҳ қолдиринг