Ботинийларнинг ташкил топиши ва бу фирқани тузишдан кўзланган мақсадлар

0

Бу бузғунчи фирқа ташкил топган дастлабки куниданоқ ислом ва мусулмонларга зарар бериш, уларни диндан чиқариш, қалбларига шак-шубҳа солиш учун интилиб келган. Бу нарсаларни уламолар батафсил баён қилишган. Бу фирқани тузишдан бир қанча разил мақсадлар кўзланган бўлиб, уларнинг энг асосийси ислом ва мусулмонларни батамом йўқотиш, уларнинг қалбларига ислом динининг ягона ҳақ дин экани хусусида турли шак-шубҳалар солиш, исломнинг ўрнига мажусийлик ва худосизликни ўрнатишдир.

Бу фирқа ер юзида ботинийларнинг фикрлари ҳукмрон бўлган давлатни қуриш учун ташкил қилинган. Ботинийлар ўз мақсадларига эришиш йўлида турли хил ниқоблар билан асл башараларини беркитишга уриндилар. Жумладан:

  1. Оят ва ҳадисларни ислом таълимотларига зид равишда талқин қилиш.

  2. Ўзларини шиа тоифасига мансуб қилиб кўрсатиш. Чунки уларнинг гаплари фақат шиаларнинг бузуқ эътиқодига тўғри келиши ва олдиларида исломга шиа исми остида киришдан бошқа йўл йўқ эканини англаб етган эдилар.

Бу фирқа қандай ташкил топгани ҳақида Ғазолий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди[1]:

“Мажусийлар, маздакийлар, худосиз санавийларнинг бир қисми ва кофир файласуфларнинг катта қисми бир жойга йиғилиб, исломни йўқотадиган бир ҳийла тузишни маслаҳат қилишди[2]. Улар: “Муҳаммад бизни ҳам, динимизни ҳам мағлуб қилди. Унинг издошларига биз қарши чиқа олмадик. Биз мусулмонлар мамлакатини уруш билан тортиб ололмаймиз. Чунки улар жуда ҳам кучли ва лашкарлари ҳам кўп. Биз уларни мунозара билан ҳам енга олмаймиз. Чунки уларнинг ичида фалсафани яхши биладиган фозил ва муҳаққиқ олимлар бор. Демак, ҳийла-найранг қилишдан бошқа чорамиз йўқ” – дейишди. Кейин улар ўз мақсадларини қуйидаги босқичлар орқали амалга ошириш учун режа туздилар:

  1. Ўзларини мусулмон, аҳли байтни севадиган, уларга мурувват кўрсатадиган ва тарафини оладиган қилиб кўрсатиш.

  2. Оят ва ҳадисларнинг зоҳири ва ботини бор, зоҳири пўстлоқ, ботини эса мағиз ҳисобланади деб даъво қилиш.

Бу даъво билан сўзлардан тушуниладиган маъноларни йўқотишни, унинг ўрнига ўзларининг мақсадларига, яъни исломни йўқотишга тўғри келадиган маъноларни олдинга суришни мақсад қилишган эди.

  1. Мусулмонларнинг ичига шиа, яъни рофизийлик йўли орқали кирмоқчи бўлдилар. Улар аслида рофизийларни ҳам адашган деб биладилар. Уларнинг наздида рофизийлар энг эси паст, ақл бовар қилмайдиган гапларни ҳам қабул қиладиган, ёлғон хабарларни ҳам тасдиқлайдиган бир тоифадир. Аслида ҳам шундай. Шу боисдан улар рофизийлик ниқобини кийдилар. Улар сиртдан қараганда рофизийликни даъво қиладилар, ботинда эса очиқдан-очиқ кофирдирлар[3].

Баъзи уламолар: “Имомийлик ботинийликка олиб борувчи йўл” – деб бежиз айтишмаган. Ботинийлар билан рофизийлар бир-бирларига жуда яқин эканларининг сабаби ҳам шу.

  1. Улар ўзларининг маккор режаларига риоя қиладиган даъватчиларни кўпайтиришга келишдилар. Бу режага кўра, ҳар бир даъватчи ўзларидаги тўққизта ҳийлани ишга солиб, даъват қилинаётган шахснинг дини қанақа бўлишидан қатъий назар унинг ҳавои нафсига риоя қилиши шарт эди. Биз бу тўққизта ҳийлани келгусида айтиб ўтамиз.

Маймун ибн Дийсон Қаддоҳ[4] ва ўғли Убайдуллоҳ, Ҳамдон ибн Ашъас[5], Зикровайҳ ибн Меҳровайҳ (Абдон), Абу Саид Жанобий ва ўғли Абу Тоҳир ботинийларнинг энг кўзга кўринган даъватчиларидандир. Маймун уларнинг раиси бўлган.

Улар ўзларининг ботил эътиқодларини ғаразли мақсадда тарқатиш учун оғир машаққатларни бошдан кечиришга рози бўлдилар. Аслида тўғри эътиқодларни тарқатиш йўлида бундай машаққатларга биз сабр қилишимиз керак. Агар биз бу йўлда озгина вақтимиз, молимиз, керак бўлса жонимизни фидо қилмас эканмиз, келажак авлод мана шу каби бузуқ эътиқоддаги фирқаларнинг қўлида қолади. Биз шуни яхши англаб етишимиз керакки, эътиқод борасида ҳақ баён қилинмаса унинг ўрнини ботил эгаллайди. Айни вақтда, ҳақ баён қилинган вақтда ботил ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Аллоҳ таоло барчамизга ҳақ йўлида хизмат қилишни насиб қилсин!

(Давоми бор)

[1] “Ботинийларнинг кирдикорлари”, 18-20-бет.

[2] “Ботинийларнинг йўли ва унинг ботиллиги”, 19-бет.

[3] “Ботинийларнинг кирдикорлари”, 19-бет.

[4] Форс миллатига мансуб бўлган бу бадбахт мажусий бўлган. Кейинчалик ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб, мусулмонлар орасига кирган.

[5] Қурмутийлар тоифасининг асосқиси. Бўйи ҳаддан ташқари калта бўлгани учун Қурмут, яъни калта оёқ лақабини олган.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг