Чақалоққа оид ҳукмлар (35): Чақалоқ сочини олиш ҳақида (1)

0

Еттинчи боб
Чақалоқ сочини олиш ва сочи вазнича садақа қилиш ҳақида

Абу Умар ибн Абдулбар айтади: «Ақиқада боланинг сочини қириб олишга келсак, уламолар уни мустаҳаб санар эдилар. Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ақиқа ҳақидаги ҳадисларида: “Боланинг сочи олинади ва унга исм қўйилади”, деганлари собит бўлган»[1].

Халлол «Жомеъ»да айтади: «Боланинг сочини олиш ва соч оғирлигича садақа қилиш ҳақида». Менга Муҳаммад ибн Али хабар беришича, унга Солиҳ отасининг: «Боланинг сочини еттинчи куни қириш мустаҳабдир», деганини айтиб берган экан[2].

Ҳасан Самурадан, у Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Боланинг сочи қирилади», деганларини ривоят қилган.

Салмон ибн Омирдан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Боладан озорни кетказинглар», деганлар[3].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Боладан озорни кетказинглар», деган сўзлари ҳақида Ҳасандан сўралганида «Боланинг сочи олинади», деб жавоб берган.

Ҳанбал айтади: «Абу Абдуллоҳнинг: “Боланинг сочи қириб олинади”, деганини эшитдим».

Фазл ибн Зиёд деди: «Абу Абдуллоҳдан: “Боланинг сочи қириб олинадими?” деб сўрадим. У: “Ҳа”, деди. “Бошига қон суртиладими?” деб сўрадим. У: “Йўқ, бу жоҳилият ишларидандир”, деди».

Солиҳ ибн Аҳмад айтади: «Отам деди: “Айтишларича, Фотима разияллоҳу анҳо Ҳасан ва Ҳусайннинг сочларини қирган ва икковининг сочи вазнича кумуш танга садақа қилган экан”»[4].

Ҳанбал айтади: «Абу Абдуллоҳнинг: “Боланинг сочи оғирлигича садақа бериш жоиздир”, деганини эшитдим».

Молик «Муватто»да Жаъфар ибн Муҳаммаддан, у отасидан ривоят қилади: «Фотима Ҳасан, Ҳусайн, Зайнаб ва Умму Кулсумнинг сочлари оғирлигини ўлчади, кейин уларнинг вазнига тенг кумуш садақа қилди»[5].

Яна «Муватто»да Рабеа ибн Абдураҳмондан, у Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасандан қуйидагича ривоят қилинади: «Фотима бинти Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайннинг сочлари оғирлигини ўлчади, кейин унинг миқдорича кумуш садақа қилди»[6].

Яҳё ибн Букайр айтади: «Бизга Ибн Лаҳиа Умора ибн Ғазийядан, у Рабеа ибн Абдураҳмондан, у Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн туғилганининг еттинчи кунида уларнинг сочини олишга буюрдилар. Сочлари қириб олинди ва унинг оғирлигича кумуш садақа қилинди»[7].

Абдураззоқ деди: «Бизга Ибн Журайж хабар беришича, у Муҳаммад ибн Алининг бундай деганини эшитган экан: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима қачон бирор фарзанди туғилса унинг сочини қириб олишга буюрар ва соч оғирлигича кумуш садақа қилар эди”»[8].

Абу Умар айтади: «Ато: “Ақиқа сўйишдан аввал соч олинади”, деди»[9].

Гўёки у бу гапи билан ақиқа ҳаж амалларидан ажралиб туришини ва иккиси бир-бирига ўхшаб қолмаслиги кераклигини кўзда тутди. Бироқ бу борадаги суннат шуки, жонлиқ сўйиш соч олишдан аввал адо этилади. Атодан бошқа бирор киши ундай деганини билмайман.

Ибн Исҳоқ Абдуллоҳ ибн Абу Бакрдан, у Муҳаммад ибн Ҳусайндан, у Алидан бундай ривоят қилганини келтиради: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан номидан бир қўй сўйдилар ва бундай дедилар: “Эй Фотима, унинг сочини ол ва сочи оғирлигича кумуш садақа қил”. Кейин иккови (яъни Али ва Фотима) сочни тортиб кўришган эди, вазни бир дирҳам ё ундан камроққа тўғри келди»[10].

Байҳақий Ибн Ақилдан, у Али ибн Ҳусайндан, у Абу Рофеъдан ривоят қилади: «Ҳасан туғилганида онаси унинг номидан катта қўчқор сўймоқчи бўлади ва Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келади. У зот бундай дейдилар: “Унинг номидан ҳеч нарса сўйма. Балки унинг сочини ол, сўнг унинг вазнича келадиган кумуш тангани Аллоҳ йўлида ёки мусофирга садақа қил”. Фотима келаси йили Ҳусайнни туққанида ҳам худди шундай қилди»[11].

Байҳақий деди: «Ҳадис саҳиҳ бўлган тақдирда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам гўёки Ҳасан ва Ҳусайн номидан ўзлари ақиқа қилишни хоҳлаганлари тушунилади. Бу ҳақда ривоятлар келтирдик»[12].

[1] «Ат-тамҳид», 4/318. Шунингдек, муаллифнинг «Ал-истизкор» (5/549-550) китобига мурожаат этинг.
[2] Қаранг: «Масоил ал-имом Аҳмад» (ўғли Солиҳ ривояти), 2/209; Абу Довуд ривоятида 256-бет; «Масоил Аҳмад ва Исҳоқ», 8/3948.
[3] Мазкур икки ҳадис тахрижи аввалроқ берилди.
[4] «Масоил ал-Имом Аҳмад» (Солиҳ ривояти), 2/213.
[5] Имом Молик. «Ал-муватто», 1/418. Шунингдек, ҳадисни Абу Довуд «Ал-маросил»да (279-бет, 380-рақам) ривоят қилган. Ровийлари Бухорий ва Муслимнинг ровийлари бўлмиш «сиқа» (ишончли) кишилардир. Фақат Жаъфар ибн Муҳаммад бундан мустасно бўлиб, у Муслимнинг ровийларидандир.
[6] Аввалги манбага қаранг.
[7] Байҳақий «Сунан»да (9/299) ривоят қилган.
[8] Қаранг: «Мусаннафи Абдураззоқ», 4/333.
[9] Қаранг: Ибн Абдулбар. «Ал-истизкор», 5/550; Ибн Абу Дунё «Ал-иёл»да (1/222) ривоят қилган.
[10] Термизий (4/84), Ҳоким (4/237) ва Байҳақий (9/304) ривоят қилган ва: «Ҳадис санади узуқдир», деган.
[11] Байҳақий «Сунан»да (9/304) ривоят қилган.
[12] Аввалги манба.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг