Аёлларнинг қабр зиёратига бориши (1)

0

267 – Аёлларнинг қабр зиёратига бориши

Аёллар қабрларни зиёрат қилиши ҳаромдир. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр зиёратига борадиган аёлларни лаънатлаганлар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қиладиган аёлларни лаънатладилар»[1].

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни ҳамда қабрлар устига масжид қурадиган ва чироқ ёқадиган кимсаларни лаънатладилар»[2].

Имом Ибн Қаййим айтади: «Аёлларга қабр зиёрати ҳаром экани ҳақидаги ҳадислар маъноси кундек равшан. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр зиёрати сабабли аёлларни лаънатладилар. Бир иш учун лаънат айтилиши ўша иш ҳаром эканига очиқ-ойдин далил бўлади. Айниқса, у зот зиёратни қабр устига масжид қуриш ва чироқ ёқиш каби ишлар билан биргаликда лаънатладилар. Бу ҳадис мансух (ҳукми бекор) эмас. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим тўшагида эканларида мазкур ишларни қиладиганларни лаънатладилар…[3]

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломнинг аввалида тавҳидни ҳимоя қилиш, ўликлар билан алоқани узиш ва Ибн Аббос айтганидек, илдизи қабрга сиғинишга бориб тақаладиган ширк эшигини ёпиш учун асҳобларини қабр зиёратидан қайтарган эдилар[4].

Тавҳид уларнинг қалбларига мустаҳкам ўрнашиб, ширк йўқолиб, дин қарор топгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам иймонни зиёда қиладиган, банда аслида унинг учун яратилган охират ҳовлисини эслатадиган зиёратга, яъни қабрлар зиёратига изн бердилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зиёратдан қайтаришлари ҳам фойда учун, унга рухсат беришлари ҳам фойда учун эди.

Аёлларга келсак, гарчи бу фойда улар учун ҳам матлуб бўлса-да, бироқ уларнинг зиёрати ортидан келиб чиқадиган, олиму авомга бирдек маълум бўлган фитна-фасодлар ёмонлиги мазкур озгина фойдадан каттароқдир. Тирикларни фитнага солиш ва ўликларга озор бериш каби бу фасод олдини олишнинг бирдан бир йўли аёлларни зиёратдан ман этишдир.

Бир ишнинг фасоди фойдасидан устун келган пайтда шариат ўша ишни ҳаром қилиш йўлини тутади. Бу ўринда аёллар қабрларни зиёрат қилишидан келиб чиқадиган зарар унинг фойдасидан каттароқ эканида шубҳа йўқ. Шундай экан, аёлларни қабр зиёратидан ман этиш шариат фазилатларидан саналади»[5].

[1] Термизий (1077) ривоят қилган ва ҳасан деган.
[2] Ҳадис тахрижи 28-масалада ўтди.
[3] Ҳадис тахрижи 181-масалада ўтди.
[4] Ушбу ҳадисларга ишора қилинмоқда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен илгари сизларни қабрлар зиёратидан қайтарар эдим, энди уларни зиёрат қилаверинглар». Бошқа ривоятда: «Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим, энди уларни зиёрат қилаверинглар. Чунки қабр зиёрати дунёдан тияди ва охиратни эслатади». Ҳадислар тахрижи 266-масалада ўтди.
[5] «Таҳзиб ас-сунан», 3/1551-1553.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг