Умар разияллоҳу анҳу: Одамлар ўртасида кенг тарқалган ҳикматли сўзларидан

0

Умар разияллоҳу анҳу айтади:

“Ким сирини яширса, инон-ихтиёри ўз қўлида бўлади. Ким ўзини маломатга  ва одамларнинг гап-сўзига нишон қилса, унга нисбатан ёмон гумонда бўлганларни айбламасин. Биродаринг оғзидан чиққан сўзга яхши гумон қилиш имконини топсанг, унга асло ёмон гумон қилма. Биродарингдан содир бўлган ҳар бир ишни то ёмонлигини аниқ билмагунингча, имкон қадар яхшиликка йўй. Кўп қасам ичма, Аллоҳ хорликка гирифтор этади. Сен ҳақингда Аллоҳга осий бўлган кишига у ҳақда Аллоҳга итоат қилиш билан жавоб қайтар, шу унга энг катта жазо бўлади. Садоқатли дўстларни қадрла, чунки улар фаровонликда зийнат, қийинчиликда ёрдамчи бўлади”[1].

Мазкур ҳикматларнинг ҳар бири етук тарбиявий аҳамиятга эга сўзлардир. Қуйида ушбу ҳикматлар бир оз шарҳланади:

Ким сирини яширса, инон-ихтиёри ўз қўлида бўлади:

Инсон модомики сирини ташқарига чиқармаган бўлса ўзига ҳокимдир. Агар сирини биргина инсонга айтса, унинг махфий қолиши кафолатини қўлдан чиқарган бўлади.

Ким ўзини маломатга дучор этса, унга нисбатан ёмон гумонда бўлганларни айбламасин:

Ҳар бир инсон энг аввал ўзига ўзи жавобгардир. Шундай экан, ўзини маломатга ва одамларнинг гап-сўзига нишон қиладиган ишлардан имкон қадар сақланиши лозим. Гарчи жамиятда обрў-эътиборга эга кишилардан бўлса ҳам, агар айримлар унинг тўғри ишларини нотўғри тушуниб олаётганини гумон қилса, у ҳолда ўзини тафтиш қилсин. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда аёл киши билан турганларида ёнларидан ўтган икки саҳобага: “Ҳой, билиб қўйинглар! Бу Сафия бинти Ҳуяй”, деганлар[2].

Биродаринг оғзидан чиққан сўзга яхши гумон қилиш имконини топсанг, унга асло ёмон гумон қилма:

Бу насиҳат бировларга ёмон гумон қилишдан сақланишда энг катта йўл-йўриқ бўла олади. Мусулмон киши мусулмонларга яхши гумонда бўлиши лозим, зоҳиридан ёмон бўлиб кўринган гап-сўзларини ҳам агар яхшиликка йўйиш имкони бўлса, унга асло ёмон гумон қилмаслик керак. Мусулмондан талаб қилинган иш шудир. Шу билан бирга ўта лақма ва гўл ҳам бўлмасин, фаросатли ва ҳушёр бўлсин. Қўли остидагиларни ҳам шундай тарбия этсин. Токи эшитган ҳар бир гапига ишониб кетаверадиган бўлмасин.

Кўп қасам ичма, Аллоҳ хорликка гирифтор этади:

Аллоҳга қасам ичиш У зотни улуғлаш демакдир. Қасам зарурат пайтда ва зарурий миқдорда бўлса ва Аллоҳ таолони улуғлаш ва ундан қўрқишга олиб келса, бу яхши. Аммо мусулмон киши оддий ва арзимас ишларда ҳам заруратсиз Аллоҳ номига қасам ичавериши Аллоҳнинг улуғлигини ҳис қилмай қўйишга олиб келади. Оқибатда, кўп қасам ичадиган кимса қасамхўр номланиб, хорликка гирифтор бўлади. Бу ҳолга тушган одам албатта зиёнда бўлади.

Сен ҳақингда Аллоҳга осий бўлган кишига у ҳақда Аллоҳга итоат қилиш билан жавоб бер, шу унга энг катта жазодир:

Агар бирон киши билан ўртангизда келишмовчилик бўлса ва у шу сабабли сизга аччиқ қилиб, гуноҳ ишга қўл урса ва Аллоҳга осий бўлса, масалан, сизнинг ҳурматингизни тўкса ё молингизни тортиб олса ё бошқа бирон иш билан сизга тажовуз қилса, унга бериладиган энг яхши жазо сиз у ҳақда Аллоҳга итоат қилишингиздир. Бу эса келишмовчилик пайтидаги исломий одобга риоя этиш, мусулмон биродарнинг ҳаққини поймол қилмаслик, унинг беодоблигига ва ахлоқсиз сўзларига жавоб беришда у каби тубан даражага тушмаслик билан бўлади. Агар уни кечириб юборсангиз ва ҳаққингиздан воз кечсангиз, бу сиз томонингиздан Аллоҳ таолога тўла итоат кўриниши бўлади.

Садоқатли дўстларни қадрланг:

Ҳа, шундай дўстлар бўладики, туғишганингдан афзал бўлади. Иймон ва тақво асосида улфатлашган чин садоқатли дўстлар инсонга Аллоҳнинг ҳақиқий неъматидир. Садоқатли дўст инсонга фаровонлик вақтида саодат бўлади, улар билан кўришиб, суҳбатлашишдан дили сурурга тўлади, улар билан эзгулик ва хайр-саховат ишларида ҳамкорлик қилади. Бошига бало келса, қийин ҳолатга тушиб қолса, улар ёрдамга ҳозиру нозир бўладилар, жону молларини фидо қилишга ошиқадилар. Қийинчиликларни енгишда ёрдамчи бўладилар. Ўзларида эҳтиёж бўлса ҳам сенга бўлсин, дейдилар.

Юқоридагилар Умар разияллоҳу анҳунинг одамлар орасида кенг тарқалган ҳикматли сўзларидан баъзилари эди. Унинг яна кўплаб ҳикматли ва ғоят тарбиявий аҳамиятга молик сўзлари бор. Масалан:

  • Сизлар қачондан бери одамларга қулдек муомала қиладиган бўлдингиз, ҳолбуки оналари уларни озод туққан эди-ку!

  • Амирлик ишига мулойим, бироқ нотавон бўлмаган, кучли, бироқ қўпол бўлмаган одамлар ярайди.

  • Амир этиб тайинлашга шундай одамни хоҳлайманки, қавм ичида амир бўлиб турган ҳолида улар қаторида оддий одам деб ўйлайсиз, улар ичида оддий одам бўлиб турган ҳолида уни амир деб ўйлайсиз.

  • Кучлининг зулм қилишидан ва тақводорнинг заиф-ожиз бўлиб қолишидан Аллоҳдан паноҳ тилайман.

  • Ёмонликни ажрата билмаган одам унга тушиб қолиши мумкин.

  • Маккор ҳам эмасман, маккор мени алдаёлмайди ҳам[3].

  • Аллоҳ таоло бирон ишга буюрган бўлса, албатта уни қилишга Ўзи ёрдам беради, бирон ишни тақиқлаган бўлса, албатта бандасини ундан беҳожат қилиб қўяди[4].

 

[1] “Тариху Димашқ”, 44/359. “Ат-тарих ал-исломий”, 20/270.
[2] “Ат-тарих ал-исломий”, 20/271.
[3] “Ахбору Умар”, 212-бет.
[4] Мовардий. “Адаб ад-дунё вад-дин», 311-бет.

Изоҳ қолдиринг